Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:19

Обид қорига қарши суиқасдга алоқадорликда гумонланаëтган ўзбеклар қўлга олинди


Обидхон қори Назаров.
Обидхон қори Назаров.

Швеция полицияси таниқли имом Обидхон қори Назаровни ўлдиришга уринган шахсга ëрдам берганликда айбланаëтган икки Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди.


Шошилинч хабар

Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасд бўйича тергов олиб бораётган Швеция прокурори Кристер Петерсоннинг Озодликка айтишича, асли ўзбекистонлик бўлган икки шахс 15 май куни Швеция жанубидаги Скене шаҳрида қўлга олинган.

Жаноб Петерсонга кўра, иккала ўзбекистонлик 2006 йилда Швециядан сиëсий бошпана олган Обидхон қорига қарши суиқасд уюштиришга кўмаклашганликда гумонланмоқда.

- Имомни ўлдириш уринишига кўмаклашгани гумонланаётган икки шахс ҳибсда. Уларни ҳибсга олиш учун асосли сабаб ва далиллар бор, деди Озодлик билан суҳбатда Петерсон.

Ҳозирда швед прокуратураси ушланганларни ҳибсда сақлашни сўраб маҳаллий ҳакамга талабнома киритган.

Икки гумондор устидан суднинг жума куни бўлиши ва шу куни журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилиши айтилган.

2006 йилдан буён Швецияда яшаб келаётган имом Обид қори Назаров 22 феврал куни Стрёмсунд шаҳридаги уйи яқинида номаълум шахс тарафидан отиб кетилган эди.

Полицияга кўра, ҳозирда касалхонада қолаётган ўзбек имомининг аҳволи оғир ва у уч ойдан бери кома ҳолатида қолмоқда.

Журналистик суриштирув

12 май куни Швециядаги маҳаллий Östersund Posten газетаси мухбири Торд Андершон таниқли ўзбек имоми Обид Қори Назаровга қилинган суиқасднинг янги тафсилотларини ëзди.

Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда гувоҳлар берган кўрсатмалар асосида суиқасдни амалга оширганликда Болтиқбўйи давлатларидан бири фуқароси гумонланаëтганини айтади.

Журналистнинг ўз суриштирувларидан чиқарган хулосасига кўра¸ Обид қори Назаровга қарши суиқасд буюртмачиси Ўзбекистон махфий хизматлари бўлиши мумкин.

Торд Андершоннинг 12 май куни чоп қилинган мақоласи ўзбек имоми Обидхон қори Назаров яшаган Струмсонднинг Тингвалла деб номланган сокин гўшасига ваҳима руҳи оралагани тасвиридан бошланади.

Суиқасд гувоҳлари билан суҳбатларига асосланган Торд Андершон шу пайтгача номаълум бўлган тафсилотларни мақола давомида очиқлайди.

Шубҳали меҳмон

Мақолада эҳтимолий жиноятчининг Струмсондга сафари ҳақидаги қисми диққатга сазовор.

“Феврал бошида шарқий Европадан учиб келган самолёт Швеция аэропортларидан бирига қўнади. Йўловчилардан бири махсус топшириқга эга. У божхона назоратидан ўтганидан сўнг тўғри машина ижара берадиган фирмалардан бирига бориб, ижарага машина олади ва Е4 автомагистралида ўзига белгиланган йўналиш бўйича шимол томон ҳаракатланади.

Бир кеча-кундуздан кейин у Струмсундга бориб Тингвалла аҳоли яшаш пунктидаги машиналар тўхташ жойига бурилади. Бу ҳудудда, Лагман (Lagmansgatan) кўчасидаги коммунал ижара уйларидаги хонадонлардан бирида унинг қурбони, ўзбек режими танқидчиси, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирилаётган ва Ўрта Осиё мусулмонларнинг пешқадам лидерларидан бири бўлган Обид қори Назаров яшайди.”

Мақола давомида Торд Андершон ўз журналистик суриштируви мобайнида бу номаълум шахс зиммасига юкланган топшириқни бажариш мобайнида ўзини билдирмай ҳаракат қилганини тасвирлайди.

“Бу одамни кейинги ҳафталарда қишлоқнинг турли гўшаларда кўриш мумкин бўлади. У бир кун ижарага олинган машинаси билан Ваттудал (Vattudalsskolan) мактабининг машина тўхташ жойида пайдо бўлди ва ўзини газета ўқиётгандек кўрсатиб, атрофга олазарак қаради. Бу вақтда Обидхон Назаров мактабда эди ва ўқитувчилик учун практика машғулотларида иштирок этаётган эди.”

Мақола муаллифи Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда бу шубҳали меҳмон ҳақида Струмсонддаги кўплаб кишилардан эшитганларини бир мантиқ занжирига улаб¸ манзаранинг кемтик жойларини тўлдирганини айтади:

- Бир неча гувоҳ машина русуми ва бу одамнинг юз тузилишини эслашди. Уларнинг аксарияти бу одам швед эмас, Болтиқбўйидан дейишди¸ дейди мухбир.

Сусткаш полициячилар ëки Лагман кўчасидаги жиноят

Östersund Posten газетаси мухбири Торд Андершон ўз журналистик суриштируви мобайнида Обид қорига ўқ узилганидан бир соат ўтганидан кейин полиция суиқасд эҳтимолини ўргана бошлаган.

Полициячилар Обид қорини йиқилиб лат еган¸ деб ҳисоблашган. Мақола муаллифи 22 феврал куни Обид қорининг қадамларини секинлаштирилган кино-лентадаги каби аниқ тасвирлайди.

“Назаров 22 феврал кунининг ўртасида масжидга боришга шайланди. У пешин намозига имомлик қилиш учун кийиладиган бош кийимини кияётган пайт жиноятчи уни подъезд зинапоясида кутаётган эди.

Аниқроғи¸ номаълум кимса қоронғу ва тор ертўлага борадиган зинапояда ертўла йўлагига ўтиладиган темир эшиги ёнида турган эди.

Назаров уйининг эшигини ёпиб зиналардан тушиб кетаётган пайтда жиноятчи унга орқа томондан ўқ узди.

Қуролнинг товуш пасайтирадиган мосламаси бор эди ва қулоққа фақат гурс этиб биров зинада йиқилгандек овоз эшитилади.

Жиноятчи ертўладан чопиб ўтиб, ўша уйнинг бошқа эшиги орқали ташқарига чиқади. У қадамини секинлаштириб, елкасидаги рюкзагини қуроли билан биргаликда ташлайди ва машинасига ўтириб, ҳудудни тарк этади.”

Мақола давомида муаллиф уй йўлагига тасодифан кирган қўшни болакайнинг энсасидан қон оқаëтган Назаровга дуч келгани ҳақида ëзади.

Суиқасдни хаëлига ҳам келтирмаган қўшнилар тез ëрдам чақиришади. Улар назарида кекса муҳожир зинапоядан йиқилиб лат еган¸ холос.

Швед журналисти Торд Андершон билан суҳбатлашган ўзбеклар нима бўлганлигини дарров тушуниб етганларини айтишган. Мақолада суиқасд гувоҳи бўлган ўзбек йигит гапларидан иқтибос келтирилади.

“У кишини биринчи кўрган болакай йиқилган ва кўп қон кетаяпти¸ деб бақирди. Мен борган заҳотиёқ нима воқеа рўй берганини тушуниб етдим. У ерда жуда кўп қон кетганди. Мен дарров тушундимки, кимдир уни ўлдиришга ҳаракат қилган”¸ деган мухбир билан суҳбатда ўзбек гувоҳ.

Мухбирга кўра айнан шу ўзбеклар полицияга ҳабар беришган.

Полиция бир кексароқ муҳожир эркакнинг зинапоялардан тушиши каби бахтсиз ҳодиса деган¸ маълумотни олиш билан кифояланган.

Яна мақоладан иқтибос:

“Вақт ўтарди. 30 минут, 45 минут, бир соат. Бу вақт ичида воқеа гувоҳлари буни бир бахтсиз ҳодиса деб ўйладилар. Кичик калибирли қуролдан отилдан ўқ жойи қулоқнинг ортидан кўринмасди. Ҳеч ким ҳақиқатда нима бўлганлигини тушуниб етмасди.

Лагман кўчасидаги жиноят содир этилган жой, жиноят жойи сифатида кўриб чиқилмайди. Подъезд тўсиб олинмайди. Жиноятчининг изи кўпгина одамларнинг бу ерга кириб чиқиши натижасида йўқ бўлиб кетади. Ердаги қон қатрони қирилиб, спиртли ювиш воситаси билан тозаланади.”

Бу маълумотларни ўрганган швед журналисти Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда суиқасд уюштирган жиноятчи кўздан бемалол ғойиб бўлиш учун бир соат вақтга эга бўлганини айтади. Мақола давомида ëзилишича¸ айнан бир соатдан кейин полициячилар воқеанинг суиқасд эканини тушуниб етишади.

“Ўзбеклардан бири уйнинг ёнидаги машина тўхташ жойидан рюкзак ва қурол топиб олганди.”

Аммо¸

“Воқеа руй берганидан икки соат ўтган бўлса ҳам Назаровнинг отилганлиги ҳақида тиббиёт ходимлари томонидан тасдикловчи хабар келмайди. Соат 13.40 да полиция бир сайтда кичик хабар қўяди. Хабарда иккиланиш нафаси сезилиб турарди. Гап “жароҳат олган бир киши” ҳақида, ”жароҳат тўғрисидаги ноаниқлик ҳолати” ва воқеага яқин жойда “револьверга ўхшаган предмет” топилганлиги ҳақида борарди.

Тингвалланинг катта қисми тўсилиб, ўраб олинади. Ҳодиса жойига техниклар чақиртирилиб ўша атрофда яшовчиларнинг уйига бирма бир кириб чиқилади. Аммо бу тўсиқ деворлари ва ўраб олинишлар бефойда эди. Жиноятчи бир соат олдин қочиб улгурган эди.”

Озодлик билан суҳбатда Торд Андершон бундан кейин нима бўлганини полицияга ҳавола қилди. Суҳбат асносида швед полицияси гувоҳлардан ҳодиса ҳақидаги 300 дан ортиқ маълумотлар йиғиб олингани маълум бўлди.

Торд Андершон ўз мақоласини Обид қори тарафдорларининг тили учида турган айблов билан якунлайди:

“Назаров ҳали ҳам Остерсунд касалхонасида кома ҳолатида ётибди. Назаров мухлисларининг фикри аниқ : Қори ўзбек Миллий хавфсизлик хизмати томонидан юборилган ёлланма қотил томонидан отилган!"
XS
SM
MD
LG