Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Москва саҳнасида бир "Ўзбек" театри


"Ўзбек" афишаси.
"Ўзбек" афишаси.

Тошкентлик режиссёр Талғат Баталовнинг Москвадаги академик Сахаров марказида намойиш этилган “Ўзбек” деб номланган саҳна асарида ўзи туғилган заминдан узилиб¸ ўзга юртда ўзлигини қидираëтган муҳожир тақдири тасвирланади.


Заминдан узилганлар тимсоли

15 май куни Москвадаги академик Андрей Сахаров номидаги марказ кўргазма залида “Ўзбек” спектакли премераси бўлиб ўтди. Асли тошкентлик режиссёр, “Илҳом” театрининг собиқ актёри Талғат Баталовнинг бу саҳна асари Тошкентни тарк этиб Москвада янги ҳаётни бошлаётган одам ҳаëтидаги эврилишларга бағишланди.

“Агарда сен миллий озчилик вакили бўла туриб бу мамлакатга келиб қолсанг, нейтрал чизиқда - на у ерда, на бу ерда қоласан.

Сен келган жойингда аллақачон ўзингники эмассан, лекин яшаётган жойингга ҳам мослаша олмайсан. Сен танҳосан, лекин янги жойда ўзингни янгидан яратишинг мумкин”, дейилади “Ўзбек” постановкаси афишасида.

“Ўзбек” – бу ўз юрти - Тошкентни тарк этиб¸ Москвага келиб янгидан ҳаёт бошлаган шахс монологи. Йозеф Бойс театри асосчиси Георг Жено раҳбарлигида яратилган бу намойишда Талғат Баталов ўзининг бошидан кечирганларини тасвирлаб беради.

- У ерда мен ва менга ўхшаганлар рус, бу ерда эса мен оддий ўзбекман, чунки Ўзбекистондан келганман. Мана бу қутиларда менинг шахсий ҳужжатларим йиғилган, дея ўзининг Чилонзорда берилган ҳақиқий паспорти, ҳарбий ҳужжати, саноқсиз маълумотномалару кўчирмаларни мухлисларга тарқатади Талғат Баталов.


Бир актëр театри

Мухлислар билан бевосита мулоқотга киришган Талғат Тошкентдаги прописка масаласига тўхталади.

“Мен осонгина – икки ҳафта ичида прописка қайдидан чиқдим, лекин қайдга туриш...”, дейди “мигрант” Баталов.

- Тошкентда пропискага туришнинг мутлақо иложи йўқ! Аҳён-аҳёнда Ислом Абдуғаниевич Каримов катта тантаналарда пропискани очади: Мустақиллик кунига ёки Наврўзга. Ниҳоят ўн йиллаб Тошкентда яшаётган машина-квартирали одамлар қайдга туриши мумкин, деган миш-мишлар пайдо бўлади. “Эшитдингми? Пропискани очишибди!” Телевидение бу ҳақда миқ этмайди: Ўзбекистон телевидениеси орқали эрталабдан кечгача мусиқа, табиат манзаралари ёки Каримовнинг комбайнёрлар билан учрашуви кўрсатилади, дейди Талғат.

Қизиғи, Ўзбекистонда қоғозбозликдан қутулганидан хурсанд бўлган бош қаҳрамон Россияда ҳам айнан вазиятга дуч келади.

Театр саҳнасига кўчган миграция масаласи спектаклда нафақат ижтимоий, балки руҳий муаммога ҳам айланиб қолади. “Ўзбек” тамошосига келган мухлислар доира ичида жойлаштирилган, хонанинг турли қисмларида эса актёрнинг ҳаётига бевосита ёки билвосита алоқадор шахслар монологлари янграйди.

Москвада "Ўзбек" намойиш этиляпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:30 0:00
(Бу видеони муаллиф рухсати билан Озодлик мухбири видеотасвирга туширди.)


Монологлар

Спектаклда ўзбекистонлик шаурма сотувчиси Ҳамид, тожик меҳнат муҳожирлари лидери Каромат Шарипов, ўзбек ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев, президент Владимир Путин, Талгатнинг онаси ва отаси номидан матн ўқилади.

Спектакл муаллифи ўзбекистонлик диссидент Баҳром Ҳамроев билан Москвадаги саноқсиз ўзбек чойхоналаридан бирида бўлган учрашувини шундай эслайди.

- Биз у ерда учрашдик ва Москвадаги ўзбек муҳожирлари тўғрисида суҳбатлашдик. “Биласанми, ўзбек жамияти ҳозирда хавфли жамиятдир. Бу хавф кучайиб бормоқда. Жамият аъзолари шу даражада эзиб ташланганки, бирор ëмон нарса бўлаётганини кўрса ҳам ўзбек жим ўтираверади. Ўзбеклар фуқаролик жамиятига мутлақо тайёр эмас, дейди”, деб эслайди Баҳром Ҳамроев билан учрашувни режиссёр.



Ҳамроев “мигрантлар нафақат ўз юртида ҳуқуқсиз – улар бу ерда, Россияда ҳам энг ҳуқуқсиз қатлам”, дейди.

- Бир милиция ходими менга “Мен шунча мигрантларни – қирғиз, тожикларни тўхтатаман, лекин нега орасида энг қўрқоғи ўзбек бўлиб чиқади?!”, дея савол бериб қолди. Чунки улар мана 20 йилдирки ўз юртларида қўрқувда яшаб келмоқда. Россияда ҳатто қонуний яшаб юрган ўзбеклар ҳам истаган полициячига пора беришга тайёр: уларни ўзбек режими шу тариқа тарбиялади. Ўзбеклар бу ерда ҳам ҳамма нарсага пора бериш “маданиятини” жорий қилди, дея эслайди Ҳамроевнинг сўзларини “мигрант” ролини ўйнаётган Талғат Баталов.


"Илҳом" чопонидан чиққан режиссëр

Озодлик билан суҳбатда режиссёр ва сценарий муаллифи Талғат Баталов “Ўзбекни” саҳналаштиришда бирор қийинчилик туғилмагани, зеро бу образ ўз ҳаётининг бир қисми эканини гапиради.

- Мен ижодимнинг бошидаёқ Россиядаги марказий осиёлик мигрантлар масаласи билан шуғулланишимни билардим. Кейинроқ, мен ўзим бирданига бу икки жамият вакили эканимни англадим: Ўзбекистонда мен рус, Россияда мен ўзбек. Ҳар бир шахсий ҳужжатим ўзининг қизиқарли тарихига эга. Мен шу маълумотномалару гувоҳномалар ёрдамида ўзга юртда яшаётган одамнинг ички дунёсини тасвирлаб беришга уриндим, дейди Талғат.

Режиссёрнинг сўзларига кўра, ҳужжатли театр ҳақиқатга энг яқин, борлиқни қандай бўлса шундай тасвирлай оладиган ягона ижод тури.

- “Ўзбек” эса ҳақиқат асосида яратилган эксперимент. Мен ҳамма мухлисларни театрга таклиф қиламан, ва уларга “Хуш келибсиз!”, дейман, дейди Талғат Баталов.

19 ва 23 май кунлари Сахаров марказида такрор намойиш этиладиган "Ўзбек” ижодкори Талғат Баталов 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент театр институтида таҳсил олган. Кейинроқ, Марк Вайл томонидан “Илҳом” театрида саҳналаштирилаётган “Орестея” спектаклига режиссёрлик қилган.

Тошкентда “маҳаллий ахлоқ нормаларига мос келмаган” Ab incunabulis видеоарти таъқиқланганидан кейин Москвага кўчиб ўтган. Москвада Театр.doc ва Йозеф Бойс театрларида актёрлик, режиссёрлик қилади.

Москвадаги санъаткорларнинг хос дунëсида ўзбек калимаси жозибали жаранглайдиган товуш сифатида шаклланаëтганини кўрамиз.

Таниқли рус қўшиқчиси¸ “Аквариум” гуруҳи раҳбари Борис Гребеншиковнинг “Сирли ўзбек” қўшиғи сўнгги икки йилда Россияда машҳур бўлди.

Таниқли рассом Эрбўл Мелдибековнинг “Калтакланаëтган ўзбек” композицияси Москвада намойиш қилинганида катта қизиқиш уйғотган эди.
XS
SM
MD
LG