Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:52

Россия ўзбек муҳожирларини "ҳайдади"


Президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Россиядаги етакчи телеканаллар ўзбек мигрантлари ҳақида қатор кўрсатув ҳозирлаб¸ эфирга узатди.

Чоршанба куни Россия телеканалининг прайм-таймида берилган “Махсус мухбир” дастурида журналист Александр Рогаткиннинг “Бегоналар?” филми намойиш ва муҳокама қилинди.

“Бегоналар?” филми Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳақида.

Дастурни “ Кремлнинг вазифадор мухбири” дея номи чиққан Аркадий Мамонтов олиб борди.

Бундан олдин НТВ телеканали Санкт-Петербургдаги ўзбек муҳожирлари ҳақидаги кўрсатувни эфирга узатди.

Ўзлари ҳақидаги теледастурни томоша қилган меҳнат муҳожирларига кўра¸ иккала кўрсатув ҳам тоқатсизлик ва ксенофобия руҳида олиб борилган.

Кўрсатув иштирокчиси¸ мардикор шоир Ҳасан Хосов дастур давомида мигрантларга шароит яратилиши ҳақида гапиргани¸ аммо бу гаплари кесиб ташланганидан шикоят қилди.

Айни шикоятни кўрсатувда қатнашган¸ Россиядаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот фаоли Гавҳар Жўраева ҳам билдирди.

Ҳар иккала фаолга кўра¸ кўрсатувда таниқли рус журналисти ва сиëсий арбоб Михаил Гусман меҳнат мардикорлари тарафини олиб гапирган.

Кўча супураëтганлар бегоналарми?

Кўрсатувда ўз филмини намойиш қилган журналист Александр Рогаткиндан¸ "Нега филмингизга “Бегоналар?” деб ном бердингиз?¸ деб сўрашди.

Рогаткин эса¸ "Россиядаги муҳожирларни бизники деб ҳисоблайдиган одам орамизда борми ўзи?" деб саволга савол билан жавоб қайтарди.

Рогаткинга кўра¸ бу филмдан мақсад Россияни мўр-малаҳдай босган муҳожирлар бегонами ëки бизникими¸ деган савол жавобини топишдир.

Рогаткин филми доира садолари остида "Mен яна озодман", деб куйлаëтган Санкт-Петребургда яшайдиган ўзбек ҳофизи Ихтиëр ижросидаги қўшиқ мисралари билан бошланади.

Бой ила хизматчи

Филм бошида чимкентлик ўзбекни дўппослаëтган ўзбек кўрсатилади. Филмда айтилишича¸ бу муҳожир қулдорлик қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган¸ калтак еган “қул” эса “рухсатсиз” қул бўлгани учун Россиядан бадарға қилинган.

Кўрсатув иштирокчиси шоир Ҳасан Хосовга кўра¸ бу филмдан мақсад муҲожирлар Россиядаги осудаликка халақит бермоқда¸ деган муждани рус жамоатчилигига етказишдир.

-Улар ўзлари билан бирга муаммоларни ҳам олиб келмоқда¸ ўзбегу тожик бир бири билан уришар экан¸ икки ўртада бизнинг тинчимиз бузилмоқда деган фикр бор бу филмда¸ дейди Санкт-Петребургда арматурачи бўлиб ишлайдиган шоир Ҳасан Xосов.

“Гастарбайтер”ни суратга олган гастарбайтер

Рогаткиннинг “Бегоналар?” филмида Россияда яшаб ижод қилаëтган киносанъаткор Юсуф Розиқов билан интерювю ҳам ўрин олган.

Юсуф Розиқов “Гастарбайтер” деган филмни Россияда суратга олди. Филмда уруш қатнашчиси бўлган отахон “гастарбайтер” бўлиб Россияда зим-ғойиб бўлган ўғлини қидириб йўлга тушади. Урушда олган орденларини йўл харажати учун сотади.

Розиқов¸ остин-устун бўлган империя фуқароларининг сарсон-саргардонлиги уларнинг айби эмас деган гапни айтишга уринади.

- Розиқовнинг бу гапи чет эллик муҳожирларга тоқатсиз бўлган агрессив кўпчилик шовиқинига кўмилиб эшитилмай қолди¸ дейди кўрсатув иштирокчиси Ҳасан Хосов.

Мигрантлар ишғоли. Россиядаги ўзбек Флешмоби

Россиянинг яна бир етакчи телеканали НТВда намойиш қилинган дастур ана шундай номланди.

Бу дастурнинг ҳам Россиядаги муҳожирларга тоқатсиз руҳда экани айтилди.

Кўрсатув иштирокчилари Санкт-Петербург шаҳри ўзбек мигрантлари тарафидан ишғол қилингани ҳақида ташвиш билан гапиришади.

Кўрсатув ижодкорлари Хитой муҳожирлари АҚШда Чайна-Таунлар яратгани каби¸ ўзбеклар ҳам фақат ўзларидан иборат тизим яратиб бўлганидан ташвишга тушишади.

Турли маълумотларга кўра, Россияда ҳозирда 15 миллионгача одам номашруъ тарзда ишлайди ва улардан тақрибан 700 мингтасигина ишлаш учун рухсатномага эгалар.

Норасмий маълумотларга кўра¸ улардан 5 миллиони Ўзбекистон фуқаросидир.

Россия телеканналларида Путиннинг Ўзбекистон ташрифидан олдин чиқиш қилган арбоблар ўзбек мигрантларини Ўзбекистонга қайтариб юбориш зарурати ҳақида гапирмоқда.

Ўзбекистон режими учун мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий тарангликни назоратда ушлаб турган меҳнат муҳожирларининг ортга ҳайдалиши¸ аниқроғи улар юбораëтган пуллар оқимининг тўхтаб қолиши жиддий таҳдид ўлароқ янграши мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:19 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG