Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:04

Қозоқ ўқитувчиси ўқувчиси ўлимида айбланмоқда


Дивиннинг ота-онаси ўғлининг юзида жароҳат излари бўлгани учун унинг ўз ажали билан ўлганига шубҳа билдириб келмоқда.
Дивиннинг ота-онаси ўғлининг юзида жароҳат излари бўлгани учун унинг ўз ажали билан ўлганига шубҳа билдириб келмоқда.

Павлодар маҳкамаси ўқитувчи Алиш Жунусовни ўз ўқувчиси 16 ёшли Александр Дивиннинг ўлимида асосий гумондор сифатида ҳибсга олиш бўйича қарор чиқарди.

Павлодар туман маҳкамаси Чернорецк мактаби ўқувчиси Александр Дивиннинг ўлимида гумонланаётган ўқитувчи Алиш Жунусовни икки ойга ҳибсда ушлаб туриш бўйича қарор чиқарди.

Маҳкама қарорида айтилишича, тергов идоралари Алиш Жунусовнинг Дивин ўлимига алоқадорлигига оид маълумотларни судга тақдим қилган.

Айни пайтда Жунусов ҳеч қаерда ишламайди, буйдоқ ва ҳеч қандай мулк эгаси эмас. Судя фикрича, айни ҳолат Жунусовнинг тергов ва суддан қочиб яшириниши мумкин деган тахминларни келтириб чиқаргани учун уни ҳибсга олиш ҳақида қарор берилган.

Ўтган йилнинг 21 октябр куни Чернорецк мактабининг ўқувчиси, 16 ёшли Александр Дивин мактаб ертўласидан ўлик ҳолда топилган эди.

Дивин ўлимидан аввал синф раҳбари ва жисмоний тарбия ўқитувчиси Алиш Жунусов билан суҳбатлашгани маълум бўлган.

Маҳкумнинг қариндоши Жаухасин Жумагуловнинг Озодлик радиосига айтишича, Дивиннинг ота-онаси павлодарлик суд тиббий экспертларига ишонмагани боис, ўғлининг мурдасини Олмаотадаги мустақил экспертлар томонидан қайта эксгумация қилдирган.

Олмаоталик экспертлар хулосасига кўра, Дивиннинг ўлими ўтмас нарса билан берилган жароҳат ортидан юракнинг шикастланиши натижасида келиб чиққан.

23 апрел куни Алиш Жунусов полиция томонидан ҳибсга олинган. Бироқ Павладар туман прокурори Асет Саттибоев Жунусовни ҳибсда ушлаб туришни рад қилгач, у озодликка чиқарилган эди.

Жаухазин Жумагуловнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва мамлакат Бош прокуратурасига қилинган мурожаатлар ортидан Жунусов қайта ҳибсга олинган.

- Бу ишда ҳали нуқта қўйишга эрта. Нафақат айбланаётган ўқитувчи, балки ишни бости-бости қилишни хоҳлаган шахслар ҳам жазосини олиши керак. Биз маҳкамага коррупция аралашмаслиги учун Жунусов ишини шаҳар судида кўрилишига эришамиз, дейди Жумагулов.

Дивин ўлими билан боғлиқ дастлабки версияга кўра, Алиш Жунусов Саша Дивин билан мактаб ертўласида тарбиявий суҳбат олиб борган пайти ўқувчи ўзини ёмон ҳис қилиб, кейин юраги тўхтаб қолган.

Бироқ Дивиннинг яқинлари унинг юзидаги жароҳат излари боис бу версияга ишонмасликларини айтиб, Жунусовни маҳкамага тортишни талаб қилган.
XS
SM
MD
LG