Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:18

Фарғонада кимё заводини синдиришди


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 7 июн кунги қарори билан Фарғона фуран бирикмалари кимё заводи тугатиладиган бўлди.


Бу ҳақда хабар қилган ахборот воситаларига кўра, завод эгаллаб турган 40,5 гектар майдонда янги турар-жойлар қурилади.

Айтилишича, ҳукуматнинг мазкур заводга оид қарори шаҳардаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида қабул қилинган.

Бироқ, хабарларга қараганда, бу мақсад ҳал қилувчи мақсадга ўхшамайди. Чунки завод тугатилиши унинг синиши билан боғлиқлиги кўриниб турибди.

Норма. уз сайти хабарига кўра, Фарғона фуран бирикмалари кимё заводи Фарғона вилоят хўжалик судининг 2010 йил, 10 ноябр кунги қарори билан банкрот, деб топилган.

Фарғона фуран бирикмалари кимё заводида Ўзкимёсаноат.уз сайтига кўра, 927 ишчи ишлаган.

Завод бошқаруви ўзини таништирмаган бир вакилининг Озодликка айтишича,
шу кунда корхона мулкини ўтказиб бериш жараёни кетмоқда.

Фарғона фуран бирикмалари кимё заводи “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхоналардан биридир.

Компания Соҳани ривожлантириш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими завод тугатилаётгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади, лекин бошқа сволларимизни жавобсиз қолдирди.

- Ҳа, ҳозир шунақа жараëн кетаяпти.

Озодлик: Қанча одам ишларди у ерда?

- У бўйича тўлиқ маълумотга эга эмасман. Уларни олиб борадиган кураторлари бор ўзининг. Расман мурожаат қилсангиз, шу билан информация олишингиз мумкин, деди “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси вакили.

Компания расмий сайтига кўра, Фарғона фуран бирикмалари кимё заводида 927 ишчи ишлаган.

Cайтда берилган маълумотларга қараганда, юридик мақомига кўра давлат корхонаси бўлган бу завод синадиган эмас эди.

Мана ўша маълумотлар:

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари:

Пахта целлюлозаси, фурфурол, фурфурил спирти, этил техник спирти, синтетик смолалар, ФХЛ-1 реагенти.

Ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё:

Пахта линти, техник натр, натрий гипохлорити, олтингугурт кислотаси, пахта шелухаси.

Асосий маҳаллий истеъмолчилар:

«Фарғонаазот» ОАЖ, ТТЗ, «Ўзкимёмаш» ОАЖ.

Маҳсулотни асосий импорт қилувчилар:

Россия, Украина, Хитой.

“Ўзкимёсаноат” сайтидан олинган бу маълумотларни кимё саноатидан узоқ одам ҳам тушунади ва унда дарҳол “Хом ашё Ўзбекистоннинг ўзида экан, маҳсулотига мамлакат ичида ҳам, ташқарида ҳам харидор бор экан, унда нега синди бу завод”, деган савол пайдо бўлади.

Бу саволни фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмоновга бердик. Чунки у масаладан яхши хабардор.

- Фарғона фуран бирикмалари кимë заводида мен 16 йилга яқин ишлаганман.

Озодлик: Неча йил бўлди чиқиб кетганингизга?

- Тўрт йилдан ошди, дейди Маъруфжон ака.

Суҳбатдошимиз кимёгар эмас, у заводда таржимон бўлиб ишлаган. Лекин асосий касби иқтисодчилик бўлгани учун унинг завод тақдири тўғрисидаги айтганларини эшиттиришга қўйишга қарор қилдик.

Озодлик: Қачон иш бошлаган бу завод?

- Улуғ Ватан уруши йилларида.

Озодлик: Тўрт йил олдин ишдан чиқиб кетаëтганингизда қанча одам ишларди?

- Унда бир неча юзга тушиб қолган эди.

Озодлик: Завод гуркираб ишлаб турган пайтда қанча одам ишлаган?

- Адашмасам 3500 одам ишларди.

Озодлик: Завод синибди. Хом ашë бор, истеъмолчи бор, бозор бор. Нима учун синади бу шундай шароитда?

- Энг асосий сабаб химия маҳсулотлари ишлаб чиқарилмасдан целлюлозага айлантирилган эди. Целлюлоза ишлаб чиқарадиган корхона бўлиб қолганда. Аввалги кимë йўқ энди. Целлюлоза ишлаб чиқарадиган катта цех бўлиб қолганди холос. Айтаяпманку авваллари клей ишлаб чиқарарди, хамиртуруш ишлаб чиқарарди, спирт ишлаб чиқарарди. Бу нарсаларнинг ҳаммаси йўқ бўлиб катта заводнинг олдида кичкинагина цехга айланиб қолган эди. Замонавий цехга айланган эди, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Шу ўринда завод вакилларидан бирининг завод ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар тўғрисидаги саволимизга берган жавобини эшитинг.

Озодлик: Что вы выпускаете?

- Хлопковую целлюлозу.

Озодлик: Еще.

- Всë.

Завод вакилининг сўнгги “всё” деганини “ҳамма нарса”, деб эмас, балки “бошқа ҳеч нарса”, деб тушундик ва иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмоновнинг гаплари тўғри тушунганимизга далилдир.

Иқтисодчи билан суҳбатга қайтамиз.

- Кимнингдир ташаббуси билан целлюлоза ишлаб чиқаришни ташкил қилишганда, целлюлоза билан ўралашиб қолишди. Жуда мураккаб. Бунгачи ишчилар керак, муҳандис керак, техник ходимлар бўлиши керак. Ҳақиқий кимëгарлар ишлаши керак. Кадрлар битта-битта йўқ бўлди, деди Фарғона фуран бирикмалари кимё заводида 16 йил ишлаган иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов.

Мақоланинг тўлиқ версиясини қуйида тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:23 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG