Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:18

“МТС-Ўзбекистон” бош директори товламачиликда айбланмоқда


“МТС” уяли алоқа оператори президенти Андрей Дубовсков “МТС-Ўзбекистон” бош директори Беҳзод Аҳмедов фаолияти юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган.

Бу ҳақда ўзбек расмий доираларига яқинлиги айтиладиган Узметроном Интернет газетаси хабар қилди.

“МТС” президенти аризасида Беҳзод Аҳмедов ва “МТС-Ўзбекистон”нинг бошқа масъул шахслари томонидан бошқарувда инсофсизликка йўл қўйилгани, Москвадаги раҳбарият чалғитилгани, маблағлардан ўз ўрнида фойдаланилмагани ва ширкат мулки ўмарилгани қайд этилган.

“Бу шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари натижасида ширкат маблағларни нақдинага айлантириш ва солиқдан қочиш каби шубҳали ва ноқонуний ишларга аралашиб қолган ”, дея иқтибос келтиради Узметроном Андрей Дубовсков хатидан.

“МТС” президенти ўз аризасида, шунингдек, Беҳзод Аҳмедов шу кунда ҳеч бир изоҳсиз ишга чиқмаётгани ва унинг ҳозирда қаерда экани номаълумлиги юзасидан ҳам ташвиш изҳор қилган.

Андрей Дубовсков ўз ширкати “МТС-Ўзбекистон” раҳбариятининг ҳатти-ҳаракатларини текшириш бўйича ҳар қандай кўмакка тайёрлиги ҳамда қисқа муддат ичида Беҳзод Аҳмедовни қидирувга бериш учун Интерполнинг Россиядаги идорасига мурожаат қилишини таъкидлаган.

Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори “МТС-Ўзбекистон” ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедов ширкат молиявий хўжалик фаолиятида қонунбузарликлар аниқланиши ортидан мамлакатдан қочиб кетгани хусусида Озодлик аввал хабар қилган эди.

Айтилишича¸ Ўзбекистонни тарк этишидан олдин Аҳмедов оиласи ва бошқа қариндошларини мамлакатдан чиқариб юборган.

Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистонда 2004 йилдан буён фаолият юритмоқда. МТС ўшанда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиши айтилган ҳамда 1991 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган "Уздунробита" уяли алоқа компаниясини сотиб олган эди.

МТС-Ўзбекистон¸ ўз расмий сайтида ëзилишича¸ 9,5 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатади.
XS
SM
MD
LG