Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:02

Душанбе яна Тошкентни айблади


Тожик энергетиклари Ўзбекистон Тожикистоннинг электр энергиясини сотиш ишларига тўғаноқ бўлаётганидан бонг урмоқда.

Улар бу иддаоларини Тошкент Кобулни Тожикистондан ортиқча электр энергияси сотиб олишдан тийилишга чақиргани билан исботлашга уринмоқда.

“Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкатининг исми сир қолишини сўраган масъулининг иддаосича, Ўзбекистоннинг бу ҳаракати Тожикистон билан Афғонистон ўртасида афғонларга узатилажак электр ҳажмини ошириш борасида ўтказилган ўзаро музокарадан сўнг бошланган. Тожик энергетигининг айтишича, Ўзбекистон томони афғонлар Тожикистондан ортиқча электр олган тақдирда қишда ўзбек электридан маҳрум бўлиб қолиши билан таҳдид қилган.

Бироқ, қайд этиш лозимки, бу маълумотлар Тожикистон ва Афғонистон ҳукумат расмийлари томонидан тасдиқланмади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Афғонистон қўшниси Тожикистондан кунига 1,4 миллион кВт/соат электр импорт қилади.

Шу йил май ойида президент Ҳамид Карзай билан учрашув чоғида Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон келгусида Афғонистонга узатиладиган электр ҳажми 700 мВт/соатга оширилишини ваъда қилганди.

Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси масъули Бежани Салжуқий Ўзбекистон Кобулни Тожикистондан ортиқча электр сотиб олишдан тийилишга чақиргани ҳақидаги маълумотлар асоссизлигини таъкидлади.

- Бундай гап бўлгани йўқ. Аксинча Афғонистон қўшнилари Ўзбекистондан ҳам,Тожикистондан ҳам кераклича электр сотиб олаверади. Биз қўшниларимизга мустақил давлат эканимизни, қўшнилар билан муносабатларимиз фақат ўзимизга боғлиқлигини ва бу ишга бирор давлат аралашишга ҳаққи йўқлигини айтганмиз, - дейди афғон дипломати.

Салжуқий жаноблари яқин кунларда афғон делегацияси Тошкент ва Душанбега сафар қилишини ҳамда ҳар иккала қўшни давлат билан электр импорти борасида шартнома имзолаб қайтишини билдирди.

Ўзаро матбуот уруши қайта жонланади...ми?


Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, “Барқи тожик” ширкатининг Тошкентга нисбатан тасдиқланмаган айблови Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги матбуот урушининг қайта жонланишига туртки бўлади.

Зеро, таҳлилчиларга кўра, бу асоссиз айблов бир гуруҳ ўзбек олимларининг Роғун ГЭСи қурилиши атрофида эълон қилган сўнгги тадқиқоти натижалари ҳамда Қирғизистон Транспорт вазири Қалиқбек Султоновнинг Қирғизистон -Тожикистон- Хитой-Эрон халқаро темир йўли ўз мамлакати манфаатига хизмат қилмаслигини эълон қилгандан сўнг атайлаб матбуотда ёйинланди.

Куни кеча “Роғун сув омбори қурилаётган минтақа ва унинг атрофидаги сейсмик вазият” мавзуида илмий тадқиқот олиб борган ўзбекистонлик олимлар бу йирик гидроиншоот атрофида кучли ер силкиниши юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бироқ тожикистонлик олимлар ва Роғун ГЭСи лойиҳачилари тўғоннинг хавфсизлиги ва конструкциясининг сейсмик жиҳатдан мустаҳкамлигини таъкидлашдан чарчамайди.

Роғун ГЭСи лойиҳаси атрофида ўнлаб илмий тадқиқотлар олиб борган ўзбекистонлик олимлар таҳлилича, ”ўтган 40 йил давомида Роғун тўғони жиддий даражада силжиган бўлиши мумкин. Чунки Тожикистон ҳудудида ер қимирлаш ҳеч қачон тўхтаган эмас. Бундан ташқари, ушбу қурилишнинг ҳолати устидан техник назорат ўтган ўн йилликлар ичида умуман олиб борилмаган, шунингдек, бу даврда дарёнинг бошланиш қисмида сейсмик ривожланиш ва тектоник ҳолатлар бўйича таҳлиллар ўтказилмаган”.

Тожикистонлик олим Собит Неъматуллоев фикрича, ўзбекистонлик олимларнинг даъвоси асоссиздир.

- Бу гуруҳ олимлар минтақада турли шов-шув тарқатиш борасида топшириқ олган. Ваҳоланки, улардан бирортаси ҳозиргача Роғун ГЭСи қурилиш майдонида бўлмаган. Ўтган 500 йил ичида Роғун сув омбори ҳудудида ҳали бирор марта 6 баллдан ортиқ зилзила рўй бермаганини тадқиқотлар исботлаган, - дейди тожикистонлик олим Неъматулоев.


Бишкек ким томон?


Шу кунларда тожик матбуотида яна бир мавзу - Қирғизистон Транспорт вазири Қалиқбек Султоновнинг Қирғизистон-Тожикистон-Хитой-Эрон халқаро темир йўлига билдирган муносабати қизғин баҳсларга сабаб бўлаётир.

Тожикистонлик айрим таҳлилчилар назарида, бу нафақат Қалиқбек Султоновнинг, балки умуман Қирғизистон ҳукуматининг позициясидир.

- Бу лойиҳа Ўзбекистон ҳудудидан ҳам ўтиши керак, лекин неча йилдирки, Ўзбекистон бу лойиҳанинг амалга ошишини қувватламай келади. Шуни назарга олган ҳолда, Тошкент Бишкек билан муомала қилган бўлиши мумкин. Зеро, Ўзбекистон Тожикистоннинг бу яқин келажакда коммуникацион изоляциядан чиқиб кетишидан манфаат кўрмайди, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммедов.
XS
SM
MD
LG