Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:43

ЕИнинг Марказий Осиë стратегияси танқид қилинди


Ўзбекистон президенти бошлиқ расмий делегациянинг ЕИ президенти таклифи билан Брюсселга келгани халқаро ҳуқуқ фаоллари норозилигига сабаб бўлган эди.
Ўзбекистон президенти бошлиқ расмий делегациянинг ЕИ президенти таклифи билан Брюсселга келгани халқаро ҳуқуқ фаоллари норозилигига сабаб бўлган эди.

25 июн куни Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари бундан беш йил аввал қабул қилинган Марказий Осиë стратегиясини муҳокама қиладилар. Йиғин арафасида постсовет ҳудуддаги фуқаровий жамият вакиллари¸ шунингдек халқаро ҳуқуқ ташкилотлари иттифоқни Марказий Осиë ҳукуматларидан аниқ ислоҳотларни талаб қилиш ва ўз ëндашувида изчил бўлишга чақирди.


Андиша қилганнинг оти қўрқоқ

Европа Иттифоқининг Марказий Осиëда инсон ҳақлари яхшиланишини тарғиб қилиш уринишлари иттифоқнинг бу ҳукуматлардан қандай ислоҳотлар кутаëтгани ҳақида индамай келаëтгани боис самарасиз қолмоқда.

Халқаро ва постсовет майдондаги ҳуқуқ ташкилотлари ва фуқаролик жамияти гуруҳларининг 25 июнга белгиланган ЕИ Ташқи ишлар вазирлари йиғини олдидан эълон қилган мурожаати мағзи шу мазмунда.

Ғарб ва постсовет ҳудуддаги инсон ҳақлари ва демократия ҳимояси билан шуғулланувчи 40 дан ошиқ гуруҳ орасида Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи¸ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти¸ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси ҳам бор.

ЕИ Марказий Осиëда инсон ҳақларини яхшилаш учун ўзи нима истаëтганини билмагани учун¸ ҳукуматлар ҳам бундай сукутдан ўз манфаатлари учун қўлланмоқдалар¸ дейилади мурожаатда.

- Марказий Осиëда ижобий ўзгаришлар бўлишига таъсир қилиш осон иш эмас. Шундай бўлса-да¸ иттифоқнинг ўзи нима истаëтганини очиқлаши ва яқин муносабатлардан инсон ҳақларида прогрессга эришиш учун фойдаланиши яхши муқаддима бўларди. ЕИ ҳозирга қадар бу ишни қилишни истамаëтир¸ аммо ҳеч бўлмагандан кеч бўлган яхшрироқ – иттифоқ ўзаро муносабатларни тўғри йўналишга солиш имконидан ҳали ҳам фойдаланиши лозим¸ дейди мурожаатга имзо чекканлардан бири - Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиë бўйича директори Вероника Сзенте Голдстон.

Айтишув

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келаëтган Human Rights Watch, Amnesty International, Freedom House каби халқаро ташкилотлар¸ қолаверса маҳаллий ва минтақавий ҳуқуқ фаоллари Марказий Осиëдаги инсон ҳақлари вазияти яхшиланиши учун Ғарб ҳукуматларидан бу минтақанинг авторитар режимларига босим ўтказишни йиллардан бери талаб қилиб келмоқда.

Ўтган йиллар давомида бундай сўров ва талаблар ëзилган юзлаб ҳисобот¸ минглаб баëнотга минглаб соат иш кучи сарфланди¸ ўн минглаб қоғоз икки ўртада сарсон бўлди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу сўровини қанчалик изчиллик билан такрорласа¸ ЕИ¸ шунингдек АҚШ расмийлари ҳам бундай “дежурний” чақириқларга нисбатан “дежурний” жавобини такрорлашдан қолмади.

Йиллар давомида бундай эътирозга жавобан ЕИ ва АҚШ расмийлари¸ Марказий Осиëдаги инсон ҳақлари вазиятининг оғирлигидан хабардор эканликлари¸ аммо бу жараëнни яхшилаш бир кечалик иш эмаслигини такрорлайдилар.

Мана уларнинг ярин тунда уйғотиб сўралса ҳам тутилмасдан такрорлаб берадиган жавоблари мазмуни:

Биз ҳам вазиятни биламиз. Биз ҳам ундан ташвишдамиз. Аммо вазият ëмон экан деб¸ минтақа ҳукуматларини кўкрагидан итарсак¸ орадаги борди-келди тўхтаса¸ бундан вазият яхшиланиб қолмайди. Шуни билганимиз учун¸ биз Марказий Осиë ҳукуматлари билан мулоқотни давом эттиришни маъқул деб биламиз. Шунинг учун махсус Марказий Осиë стратегиясини ишлаб чиқдик¸ мунтазам сиëсий мулоқотни йўлга қўйдик. Бу мулоқотлар давомида биз жилла қурса¸ ана шу ташвиш ва хавотирларимизни уларга еткизиш имконига эгамиз¸ бу ҳукуматлар ҳам секин-аста инсон ҳақларини яхшилаш ўз манфаатларига хизмат қилишини англашига умидвормиз”.

Немисларнинг Realpolitik, яъни сиëсий реализм дипломатияси устига қурилган ЕИ ва умуман Ғарб Марказий Осиë стратегиясини танқид қилувчи халқаро ва маҳаллий иснон ҳақлари гуруҳларининг бу эътирозга эътирози ҳам йиллар давомида шаклланиб улгурган:

Биламиз¸ сизга Марказий Осиëнинг нефти ва гази керак. Биламиз¸ сизга бу минтақанинг Хитой¸ Россия ва Эрон каби қудратли давлатларга жуғрофий яқинлиги¸ яъни геостратегия муҳим. Биламиз¸ 2001 йилдан бери бу минтақа сиз урушаëтган Афғонистонга яқинлиги боис¸ алоҳида аҳамият касб этди. Биламиз¸ Афғонистондаги қўшинларингизга овқат олиб киришу¸ уларни келаси йил олиб чиқишда бу ҳукуматлар билан яхши алоқлар жуда керак. Аммо инсон ҳақларини геосиëсий ва иқтисодий-ҳарбий манфаатларга қурбон қилманг. Сихни ҳам кабобни ҳам куйдирмаслик мумкин бўлган бир пайтда¸ сиз бунга ишонмайсиз. Ишонмаганингиз учун¸ газ ва нефт келишувлари¸ транзит йўли ва ҳарбий базалар ҳақида гаплашганда¸ инсон ҳақларини эслаб қўйишга ҳам уяласиз. Сизнинг истиҳолангизни ўз фойдаларига йўйган минтақа ҳукуматлари¸ айниқса Ўзбекистон ва Туркманистон¸ инсон ҳақларини яхшилаш эмас¸ балки “бизга ҳеч кимнинг тиши ўтмайди” деб ишонганидан¸ уларни баттар топташга ўтмоқда”.

"Палов дипломатияси"+realpolitik=турғунлик

Ҳуқуқ ташкилотлари¸ ЕИни¸ айниқса¸ Ўзбекистонга нисбатан нотўғри ва ноизчил сиëсат юрғизаëтганликда айблаб келмоқда.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда қуролсиз аҳолига нисбатан ҳукумат кучлари ўт очгани ва расман тан олинган рақамларга кўра¸ 187 одам ўлдирилгани ортидан ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялар, жумладан қурол-аслаҳа эмбаргоси жорий қилган эди.

Бу санкциялар¸ қачонки Тошкен ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга рухсат бериб¸ қачонки бу фожиа айбдорларини жазоласа¸ ўшанда бекор қилинади¸ деган эди 2005 йил кузида ЕИ расмийлари анчайин важоҳат билан.

Аммо Ўзбекистон ЕИ ва АҚШнинг бу сўровларини бир пулга олмаслигини очиқ-ойдин намойиш этиб¸ ўз билганидан қолмаслигини кўрсатганидан сўнг¸ 2009 йилда бирортда сўрови қондирилмаган бўлса-да¸ ЕИ ўзи шовқин-сурон билан жорий қилган декларатив санкцияларни яна ўзи ими-жимида бекор қилди.

Бу қарор ортидан¸ халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ЕИ нинг пўстагини обдон қоқишди¸ аммо танқид ва эътирозлар¸ иттифоқнинг Ўзбекистонга нисбатан танлаган "палов ва ширин мулозамат" дипломатиясига таъсир кўрсата олмади.

Шундай бўлса-да¸ ҳуқуқ ташкилотлари¸ хусусан Ҳюман Райт Уотч ҳам "айтишув"ни тўхтатиш фикридан йироқ.

40дан ошиқ халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ташкилотининг 25 июн куни ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиë стреатегияси қабул қилинганининг беш йиллигини кўриб чиқиши арафасида эълон қилган баëнотини¸ йиллар давомида қилиб келинаëтган ўринли эътироз ва танқидларнинг янги баҳона билан тарошланган такрори дейиш мумкин.

(Бу мурожаатга жавобан ЕИ расмийлари нима дейишини эса¸ ҳозирданоқ пастдан тўртинчи абзацга бирров кўз югуртириш орқали олдиндан билиш мумкин.)

Фуқаровий жамият намояндалари мурожаати¸ ЕИнинг Марказий Осиë бўйича махсус намояндаси Пъер Морелнинг Озодликка билдиришича¸ иттифоқ Ташқи ишлар вазирларига тарқатилган ва унга қандай жавоб бериш борасида вазирларнинг 25 июн кунги Люксембург йиғинида қарор берилади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз гапини такрорлашдан¸ улар мурожаат қилаëтган Ғарб ҳукуматлари эса¸ ўз билганини қилишдан қолмаëтган бир пайтда¸ умумиятла Марказий Осиë¸ хусусан эса¸ Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазияти¸ юмшоқ қилиб айтганда¸ турғунлигича қолишда давом этмоқда.

“На ичкаридан ва на ташқаридан бу ҳукумат сиëсатига босим ўтказадиган куч йўқ экан¸ вазиятнинг яқин келажакда яхшиланишини кутиш гўлликдир”¸ деб гап қотади бу боши берк вазият ҳақида ҳам хориж¸ ҳам маҳаллий ҳуқуқ фаоллари.

2007 йил июнида қабул қилинган “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиë: Янги шерикчилик стратегияси” деб номланган ҳужжат иттифоқнингминтақа давлатлари билан муносабатларини яқинлаштиришни мақсад қилган.

ЕИ ва Марказий Осиë Ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги мунтазам учрашувлар орқали сиëсий-иқтисодий¸ илмий-маданий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш¸ мазкур ҳужжатда ëзилишича¸ инсон ҳақлари бўйича мулоқотни ҳам ўз ичига олади.
XS
SM
MD
LG