Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилги мавсумда мамлакатдаги 44 минг фермер хўжалигда 443,5 минг қути ипак қурти боқилган ва ҳар қутидан ўртача 57 килограммдан пилла олинган.
Жиззах вилоятидаги "Пилла" очиқ ҳиссадорлик жамияти директори ўринбосари Абдулла Ихтиёровнинг Озодликка айтишича, бу йил тайёрланган ҳар килограмм пилла аҳолидан ўртача 3850 сўмдан сотиб олинган:
- Биз пилла қурти олганларга ҳар қути пилланинг умумий баҳосининг 50 фоизи миқдорида аванс берганмиз. Шунинг 30 фоизи нақд пул ҳисобида, 20 фоизи эса пилла қурти боқишга кетадиган уруғ, жиҳоз¸ қоғоз ҳисобидан берилган. Мана энди яқинда ҳисоб-китоб қилингандан сўнг, қолган пулнинг ҳаммаси берилади. Бу октябрнинг охиригача давом этади, деди Жиззах вилояти "Пилла" очиқ ҳиссадорлик жамияти директори ўринбосари Абдулла Ихтиёров.
Ўзбекистонда ипак қурти боқиш жараëни маҳалла фуқаролар йиғинлари назоратида бўлиши керак ва аҳоли кўнгилли тарзда пилла етиштириши мумкин.
Амалда эса¸ ҳокимликлар пилла қурти боқишни фермерларга мажбурий тарзда юклаб келмоқда.
Фермер фойда кўрмасада пилла боқишга мажбур
Ўзбекистонлик фермерларнинг айтишича, улар ипак қурти боқишдан фойда кўрмайдилар. Бухоро вилоятининг Жондор туманида фермерлик қилаётган Бобомурод Раззоқовга кўра, пилла қурти боқиш фермерга фақат ортиқча ташвиш келтиради:
- Пилла қурти боқиш аслида ихтиёрий тарзда бўлиши керак. Буни маҳалла фуқаролар йиғинлари одамларга кўнгилли равишда жалб қилиши керак. Бироқ айни пайтда бу иш туман ҳокимликлари зиммасига юкланган. Ҳокимликлар эса фермерларга бўлиб беради. Фермер бундан фойда кўрмайди, аксинча зарар кўради. Масалан, фермерлар қурт боқувчиларга ер бераман деб ваъда қилади, буғдойидан капсан бераман дейди ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари воситасида кам таъминланган оилаларга бола нафақасини кесиш билан таҳдид қилинади. Одамлар бундан жуда оз фойда кўрсада ипак қурти боқишга мажбур бўлади,- дейди Бобомурод Раззоқов.
Бухоро вилоятининг Жондор туманида истиқомат қилувчи деҳқон Абдураҳмон аканинг айтишича, агар улар ипак қурти боқмаса тут плантациялари остидан уларга берилган 10 сотих еридан ажралиб қолиши мумкин:
- Биз тут плантациясидан томорқа учун фойдаланамиз. Шунга бизга мажбуран пилла берилади. Агар пилла олмасак еримиз тортиб олинади,- дейди Абдураҳмон.
Бир ой тиним йўқ
Абдураҳмоннинг айтишича, пилла қурти боқиш жуда нозик ва масъулиятли оғир иш:
- Биз қуртларни уйда боқишга мажбур бўламиз. Пилла ўраб бўлгандан сўнг уй расво бўлади. Ремонт қилиш керак. Қуртни иссиқ хонада сақлаш керак. Совуқ бўлса печка ёқамиз. Қурт катта даҳага кирганда тўрт киши барг кесиш билан, тўрт киши унга барг солиш билан овора бўлади. Уни эшак аравада ташиш учун бир одам керак. Эрталаб беш арава, намозгар беш арава барг кесишга тўғри келади. Ҳар 3-4 соатда барг бериб туришга тўғри келади, уйқу деган гап бўлмайди, - дейди пиллакор Абдураҳмон.
Бир ойлик меҳнат ҳақи 228 минг сўм
Бироқ ўзбекистонлик пиллакорлар етиштирган ҳосилига яраша меҳнат ҳақи ололмаётганидан шикоят қиладилар.
Ўзбекистонда бу йил ҳар килограмм етиштирилган пиллага ўртача 3850 сўмдан пул тўланяпти. Бир қути уруғдан ўртача 60 килограмм пилла етиштирилиши ҳисобга олинса, бир қути қурт боққан одам 228 минг сўм пул ишлаши мумкин.
Бу пулнинг бир қисми мавсум бошида аванс сифатида берилади. Қолган қисми эса йилнинг охиригача берилиши лозим. Жондорлик Абдураҳмон аканинг айтишича, ўтган йили у икки қути қурт боқиб бор-йўғи 130 минг сўм пул олган холос. Қолган пул унинг харажати ҳисобига чиқарилиб юборилган:
- Бизда шундай. Бу йил топширган пилла пулимизни кейинги йил беришади. Унда пулнинг қадри копейка бўлиб қолади. Бизга қоғоз ва термометр беради холос. Қолгани, сўкичак, уйни ремонти ва бошқа харажатлар ҳаммаси ўзимизни бўйнимизда. Ҳатто қуртни ипак ўраши учун керак бўлган дастакларни чўлдан ўриб олиб келишимизга юк мошинаси киросини ҳам пилла пулидан уриб қолишади,- дейди пиллакор Абдураҳмон.
Пилланинг ҳузурини ким кўради?
Ўзбекистонда пилла хом ашёсини қайта ишлаб, уни толага айлантирадиган 26та корхона фаолият юритади. “Ўзбекенгилсаноат” давлат ҳиссадорлик компаниясидан Озодлик олган маълумотга кўра, бу корхоналар пилла тайёрлаш корхоналари билан ҳар йили шартнома тузади. Ўз исмини очиқламаган компания мулозимига кўра, Ўзбекистонда тайёрланган пилла толасининг 70 фоизи экспорт қилинади, 30 фоизи мамлкат ичкарисидаги ипакчилик корхонлари эҳтиёжи учун ишлатилади:
- Корхоналар тўғридан-тўғри экспорт қилишади. Ҳаммаси экспорт нархини ўзи белгилайди. Ўртача 3,2 килограмм пилла хом ашёсидан бир кило тола олинади. Менимча, ҳозир бир килограмм тола 30 АҚШ доллари атрофида сотиляпти, деди “Ўзбекенгилсаноат” мулозими.
Агар бир килограмм ипак толаси 30 АҚШ доллари миқдорида сотилаётган бўлса, демак ҳар килограмм ипак толаси нархи 9,3 долларга тўғри келади. Ўзбекистонлик пиллакорлардан эса ҳар килограмм пилла хом ашёси расмий курс бўйича 2 доллардан сотиб олинмоқда .
Жаҳон бозорида 2010 йилда ҳар килограмм пилла хом ашёси 13,5 доллардан сотилган.
YouTubeда тинглаш