Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:12

"Ғафур Раҳимов ҳукумат билан келишолмай қолди"


Ғафур Раҳимов таниқли грузин киноактёри Вахтанг Кикабидзе (марказ) ва ўзбек криминал дунёсининг яна бир авторитети деб билинадиган Салим Абдувалиев билан (ўнгдан иккинчи).
Ғафур Раҳимов таниқли грузин киноактёри Вахтанг Кикабидзе (марказ) ва ўзбек криминал дунёсининг яна бир авторитети деб билинадиган Салим Абдувалиев билан (ўнгдан иккинчи).

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкилот вице-президенти Ғафур Раҳимовни вазифасидан четлатди. МОҚ Ижроия қўмитаси тарқатган хабарномада айтилишича, Ғафур Раҳимовни ташкилот аъзолигидан чиқариш ва вице-президент ваколатини муддатидан аввал тўхтатиш қарорига унинг бошқа давлат фуқаролигини олгани сабаб бўлган. Ўзбекистонда энг нуфузли криминал авторитетлардан бири сифатида танилган Ғафур Раҳимов бир неча йилдан бери хорижда муқим яшамоқда. Бунга унинг ҳокимият юқори доиралардаги шахслар билан келишмовчилари сабаб бўлгани айтилади.

Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий Бокс федерациясидаги лавозимларидан четлатилгани ҳақидаги хабарлар шу ойнинг бошида пайдо бўлган эди.

Ўшанда Миллий Олимпия қўмитаси расмийси Озодликка бу хабарларни инкор қилган эди. Ўзбекистон президентининг спорт ишлари бўйича маслаҳатчиси Роман Итсков шунингдек, Ғафур Раҳимов Россия фуқаролигини олгани ҳақида қўмитага билдиришнома юбормаганини ҳам айтган эди.

25 июн куни миллий олимпия қўмитаси вакили, Озодлик билан суҳбатда, МОҚ Ижроия қўмитасининг охирги мажлисида Ғафур Раҳимовни ташкилот аъзолигидан чиқариш масаласи кўриб чиқилганини тасдиқлади.

- Ўтган жума куни ижроия қўмитаси йиғини ўтказилди ва унда келгуси олимпиадага тайёргарлик масалалари, жумладан Ғафур Раҳимовга доир масала ҳам кўриб чиқилди. Уни аъзолик ва вице перзидентлик мақомидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилинди, деди Роман Итсков.

Олимпия қўмитаси тарқатган хабарда Ғафур Раҳимов Миллий бокс федерацияси аъзолигидан ҳам чиқарилгани эсланади. Лекин Ғафур Раҳимовнинг Осиё Бокс конфедерациясидаги президентлик лавозимида қолиш, қолмаслиги ҳақида ҳеч нарса дйилмаган.

Осиё Бокс конфедерацияси вице президенти, яъни Раҳимовнинг ўринбосари Азиз Кужамбетов Озодликка буларни маълум қилди:

- Сизларда нималар рўй бераётганини билмайман, балки кимдир уни конфедерация президенти лавозимидан туширмоқчидир. Лекин уни ҳеч ким бу лавозимдан бўшатгани йўқ, бўшатмайди ҳам. Бу ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. У ўз лавозимида қолмоқда ва йўқ деганда 2015 йил ваколат муддати тугагунига қадар қолади, деди Осиё Бокс конфедерацияси вице президенти.

Ўзбекистонда энг нуфузли криминал авторитетлардан бири сифатида танилган 61 ёшли Ғафур Раҳимов бир неча йилдан бери мажбурий муҳожиратда яшаб келиши ва бунга унинг Ўзбекистон ҳокимиятидаги нуфузли шахслар билан келишмовчиликлари сабаб бўлгани айтилади.

Би-Би-Си телеканали учун Ғафур Раҳимов ҳақида ҳужжатли филм тайёрлаган журналист Шоҳида Ёқуб унинг спорт ташкилотларидаги мақомларидан ҳам маҳрум этилиши бу конфликтнинг жиддийлигидан далолатдир дейди.

- Ғафур Раҳимов нафақат спорт федерацияларидан четлатилди, умуман Ўзбекистондаги бизнесдан четлатилди. Энг асосийси, мамлакатдан ҳам четлатилди. Чунки менинг билишимча, Ғафур Раҳимов бир неча йил бошқа давлатларда яшаган. Бу нимани англатади? Бу Ғафур Раҳимов ва Ўзбекистон ҳукумати, менимча, шахсан президент Каримов орасида қандайдир қийинчиликлар бошланди. Шунинг учун Ғафур Раҳимов Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди, дейди журналист.

Криминал авторитет сифатида танилганига қарамасдан Ғафур Раҳимов бундан бир неча йил аввал шахсан президент Каримов томонидан олқиш ва мукофотларга сазовор бўлгани журналист Шоҳида Ёқубнинг фикрларига тасдиқ бўлиши мумкин.

Ўзини тадбиркор ва меценат сифатида тақдим қиладиган Ғафур Раҳимовнинг исми кейинги пайтларда тез-тез хориж матбуоти сарлавҳаларига чиқмоқда. Жорий йил бошида АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига Ғафур Раҳимов исми ҳам киритилган эди.

АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатда: “Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда", дейилади.

Ўзбекистондаги бизнес доиралар вакилидан бири, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, АҚШ Федерал қидирув бюросига Ғафур Раҳимов ҳақидаги компроматни ҳам Ўзбекистон ҳукуматидаги муайан шахслар тақдим қилган, дея таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирда Бирлашган Араб Амриликларининг Дубай шаҳрида истиқомат қилаётган Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг доимий кузатувида қолмоқда.

“Ғафур Раҳимов Ўзбекистон ҳукуматидаги нуфузли шахслар билан чамбарчас боғлиқдир. Улар билан турли ишларни амалга оширган, жумладан, наркотиклар ноқонуний савдосига ҳам аралшган. Шу сабабдан унинг қўлида ҳам ҳукуматдаги одамларга компромат бор, лекин агар у оғиз очгудек бўлса, бунинг жиддий оқибатлари бўлади. Шунинг учун уни доимий назоратда ушлаб туришади”, дейди суҳбатдошимиз.

2000 йилдаги Сидней Олимпиадаси пайтида Ғафур Раҳимовга қарши олиб борилган ахборот кампанияси пайтида унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган ўзбекистонлик фаол Марат Зоҳидов протежеси тушиб қолган вазият унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлигига шубҳа қилмайди.

- Ғафур билан анчадан буëн гаплашганим йўқ. Лекин менинг фикрим шунақаки, у жуда катта иш қилган бокс тўғрисида. Мен уни аниқ биламан. Ҳаммаси бу ўйин. Ҳеч қанақа қорадориларига унинг алоқаси йўқ эди. Ҳаммасини батафсил текширдик. Ҳаммаси бу ўйин. Мен ўйлайманки, у бизнесга боғлиқ. Рақобатчилар жуда кўп эди. Бу ëқдан бизнес олиб бориш жуда қийин Ўзбекистонда, дейди Марат Зоҳидов.

Бундан 12 йил муқаддам Сиднейдаги Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашишга борган Ғафур Раҳимовни Австралия хавфсизлик идоралари “халқаро наркобарон” деган шубҳа билан мамлакат ҳудудига киритмаган ва бу воқеа халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Ғафур Раҳимовнинг расмий сайтида айтилишича, у бир нечта ширкатда президент лавозимини ҳам эгаллайди. Мазкур фирмалар орқали Ўзбекистонга халқ истеъмол моллари, кимё, автомобил ва енгил саноати учун хом ашё кириб келади.

Норасмий манбаларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимов ҳукумат, хусусан, Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлган ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:13 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG