Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:08

“МТС-Ўзбекистон” лицензиясидан айрилиши мумкин


МТС бренди остида ишлайдиган “Ўздунробита” МЧЖ фаолиятида аниқланган камчиликлар туфайли бу уяли алоқа оператори лицензиядан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси сайтида 25 июн куни ёйинланган хабарда айтилади.

Давлат инспекцияси “олиб борилган мониторинг ҳамда мобил алоқа абонентлари йўллаган мурожаатлар таҳлили “Ўздунробита” томонидан мижозларга кўрсатилаётган мобил алоқа хизматлари сифатининг ёмонлашганини кўрсатган”ини қайд этади.

Бундан ташқари, Давлат алоқа инспекциясига кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилган мониторинг натижасида Электромагнит мувофиқлик марказининг вақтинча фойдаланиш учун берилган рухсатномалари бўйича “Ўздунробита” 48 та таянч станциясини ноқонуний эксплуатация қилгани аниқланган.

Бундай қоидабузарликлар Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда аниқлангани айтилмоқда.

Мазкур қонунбузарликлар бўйича ДАИ томонидан “Ўздунробита”га тегишли кўрсатма тақдим қилинган ва ноқонуний эксплуатация қилинаётган таянч станцияларидан фойдаланишни кўрсатма олган кундан бошлаб тўхтатиш талаб қилинган.

Давлат алоқа инспекцияси, бу кўрсатма бажарилмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда “Ўздунробита”га берилган лицензияни амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ёки тугатиш чоралари кўрилишидан огоҳлантирган.

Ўтган ҳафта МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси директори Беҳзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари уни қаллоблик ва пул ювиш амалиëтларида айблаб Interpol орқали халқаро қидирув эълон қилган эди. Лекин жума куни МТС бош директори Владимир Евтушенков бу хабарларни инкор қилгач, Interpol веб сайтида ҳам қидирувга оид хабар олиб ташланди.

“Ўздунробита” ширкати 1991 йилда фаолият бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган ширкат 2004 йилда Россиянинг МТС компаниясига сотилган.

“Ўздунробита” алоқаси Ўзбекистоннинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиши ва қарийб 10 миллион абонентга эга экани айтилади.
XS
SM
MD
LG