Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:25

“Қамоқлардан бир йилда камида 200 жасад чиқади”


Маҳкумлар яқинларининг айтишича, ўзбек қамоқларида қийноқлар янада кучайган.
Маҳкумлар яқинларининг айтишича, ўзбек қамоқларида қийноқлар янада кучайган.

Ўзбекистон қамоқхоналаридан бир йилда камида 200 маҳбус жасади чиқади. Уларнинг аксарияти қийноқ қурбонларидир. Бу маълумотни Озодлик Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари матбуот марказидан олди. Марказ қийноқ қурбонлари ҳисоб-китобини қилар экан, уларнинг яқинлари билан ўтказилган суҳбатлар, ёзма аризалар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг хабарларига асосланган. Жазони ўташ муассасаларида қийноқ қўлланишига барҳам бермаётгани учун Ўзбекистон бир неча йилдан бери халқаро танқид объекти бўлиб қолмоқда. 26 июн - Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро кунида ҳам бу соҳадаги вазиятнинг яхшиланишига ишоралар борлиги сезилмайди.


Чинозлик Абдулазиз Мирзаевнинг йилини унинг яқинлари куни кеча - Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни арафасида ўтказдилар.

Бир йил аввалги даҳшатни Абдулазизнинг опаси Марҳамат опа мана бундай эслади.

- Калтак азоб билан ўлганда олиб келишди. Тирноқлари йўқ. Умуман тирноқлари йўқ. Қовоқлари шишиб қоп-қора бўлиб, сув бўлиб кетган. Кейин кесмаган жойи қолмаган. Ҳамма жойини кесиб ташлашган. Баданларини, орқа, олди оëқларини кесиб ташлашган ҳамма жойларини. Фақат азоб билан ўлдиришганда уни, дейди Марҳамат опа.

Марҳум Абдулазиз ўлимидан олдин кўраётган азоблари тўғрисида яқинларига айтиб беришга ҳам улгурган эди.

- Биз ўзи 20 кун олдин борганимизда бизга айтди. “Бизга ҳозир азоб жуда ҳам кучли бўлаяпти. 35-40 градус иссиқда қўларини бошига қўйиб чўккалатиб ўтқазиб қўйиб бир хиллари сийиб келай, туалетга бориб келай деса ҳам ўтир жойингда деб, бир хил болaлар иштонига ҳам сийиб юборган, ўрнидан туриб цементларга ўзини ташлаб юбораяпти. Мана шундай қийноқ, азоблар бераяпти. Овқат бермаяпти, сув бермаяпти умуман” деди, дейди марҳум Абдулазизнинг опаси Марҳамат опа.

Чинозлик Абдулазиз Мирзаев 1974 йилда туғилган, 1998 йили, 24 ёшида диний мотивлар билан 18 йилга кесилган, кейин яна 2 йилга “раскрутка” қилинган эди.

Абдулазизнинг жасади Косондаги 48- Жазони ўташ муассасасидан чиққан.

Марҳумдан бир қиз қолди.

- Қизи 6 ойлигида қамалган эди. Ҳозир мана қизи 14 ëш бўлди, дейди Абдулазизнинг опаси.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари матбуот маркази бир неча йилдан бери диний ва сиёсий мотивлар билан қамалаётган ўзбекистонликлар тақдирига оид маълумотларни йиғиш, ўрганиш ва тарқатиш билан шуғулланиб келади.

26 июн - Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни муносабати билан марказ раҳбари Суръат Икромовга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: Милиция идораларида, қамоқхоналарда қийноқ қўлланилишига доир сўнгги бир йил ичида қай томонга ўзгариш бўлди?

- Тўғрисини айтиш керак, йилдан йилга қийноқ ишлатиш ҳоллари кўпайиб бораяпти. Шунча ҳаракатлардан кейин ҳам ИИВда, айниқса ИИВга қарашли қамоқхоналарда, колонияларда систематик ҳолда қийноқлар ишлатилади. Ҳукумат ҳеч қанақа статистикани бермайди бу масала бўйича. Аммо бизларга мурожаат қилганлар орқали бизлар ўрганиб, ўшандан кейин ахборотни узатамиз. Шунинг учун ҳозир айтишим керак, қийноқлар тўхтамаяпти, давом этаяпти ва кўпайиб бораяпти.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Халқаро миқëсда Ўзбекистон қийноқлар уун бир неча бор танқид қилинган. Ўзбекистон ҳукумати ҳам тан олган шу муаммо борлигини. Шунга қарамай кўпайиб бораяпти деяпсиз. Бунинг сабаби нимада?

- Энди битта нарса борда. Масалан 2003 йилда БМТнинг махсус маърузачиси Ван Бовен келиб буни текширгандан сўнг 2003 йилда қийноқлар систематик тарзда бўлаëтгани тўғрисида ўзининг маърузасини чиқарган. Ўшанда ҳукумат тан олган. Маърузачи ўшанда тавсиялар берган. Тўғри ҳукумат бир нечтасини бажаришга бажарди, лекин кўпчилиги ҳали бажарилгани йўқ. Фақат қоғозда қолган.

Озодлик: Сўнгги бир йил статистикасини айтиб бера оласизми?

- Ҳукумат ўзи аслида статистикани бериши шарт. Афсуски улар нима қилмайди. Умумий рақамни айтишим мумкин бизларга маълум, тахминан 200га яқин одам оламдан ўтади. Албатта асосан қийноқдан, уларнинг ичида анчайин давом этган ҳар хил касаллар.

Озодлик: Бир йил ичида Ўзбекистон қамоқхоналарида 200га яқин одам ўлади деяпсизми?

- Камида. Камида дейишим мумкин. Тахминан бизга етиб келган, маълум бўлган нарса. Шахсан бизга мурожаат қилганлар, бизларга электрон почта орқали юборганлар бор, хат билан мурожаат қилганлар бор, дейди Суръат Икромов.

Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни БМТ Бош Ассамблеяси 1997 йил, 12 декабрда қабул қилган махсус резолюцияга биноан ҳар йили 26 июн куни нишонланади.

Қарорда айтилишича, бу Кунда халқаро ҳамжамият эътибори қийноқларга батамом барҳам бериш ҳамда 1984 йилда қабул қилинган “Қийноқларга ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ноинсоний ва шахсни ҳақоратловчи кўринишларига қарши конвенция”нинг самарадорлигини таъминлашга қаратилади.
XS
SM
MD
LG