Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:41

Ўзбекистон Қирғизистондаги қурилишлардан норози


Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси раис ўринбосари Қирғизистонни Қамбарота ГЭСи қурилишидан бош тортишга чақирган бир пайтда, қирғиз расмийси Тошкент йўл қурилишидан ҳам норози эканини иддао қилди.

Қирғиз расмийларига кўра, Тошкент Қирғизистон Сўх анклавини айланиб ўтувчи Пулгон-Бурганди-Боткен йўлини қураётганига норозилик билдирди.

Жениш Раззаков: Ўзбекистон норозилик нотаси жўнатди

Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори Жениш Раззаковнинг айтишча, расмий Тошкент йўл қурилиши тўхтатилишини талаб қилиб Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси жўнатган. Губернатор бу борада вазирликдаги ўз манбаларидан хабар топганини маълум қилди.

Қирғизистон жанубидаги аҳоли Боткенга бориш учун Ўзбекистоннинг Сўх анклави йўлларидан фойдаланишга мажбур.
Қирғизистон жанубидаги аҳоли Боткенга бориш учун Ўзбекистоннинг Сўх анклави йўлларидан фойдаланишга мажбур.
- Шахсан менинг ўзимга расмий мактуб келгани йўқ. Бироқ менинг манбаларим Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси жўнатгани ҳақида маълумот беришди. Нотада Пулгон-Бурганди –Боткен йўли нотўғри қурилаётгани, йўл Ўзбекистон ҳудудидан ўтаётгани айтилиб, қурилишни тўхтатиш талаб этилган, -деди Боткен вилоят губернатори Жениш Раззаков.

Бироқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистондан бу борада нота олинганини тасдиқлагани йўқ.

Айрим маълумотларда айтилишича, йўл қурилаётган ҳудудда чегара чизиғи ҳали аниқланмаган ва бу ер баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Бундан ташқари йўл қурилаётган ҳудудда Ўзбекистоннинг газ сақлагичлари ҳам мавжуд.

Қирғизистон расмийлари эса бу иддаолар асоссиз эканини, йўл чегара ҳудудидан 15-20 километр олисликда қурилаётганини билдирмоқда.

Пулгон-Бурганди-Боткен йўли 105 километр масофага чўзилган. Қурилишнинг 65 фоизи шу кунларда якунланган. Мазкур йўл қурилиши якунланса Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида яшовчи аҳоли Ўзбекистондан бўлган йўл қарамлигидан қутилади.


Борий Алихонов: Қамбарота ГЭСи хавфли ҳудудда жойлашган

Ўзбекистон Олий Мажлисининг қуйи палатаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов Бишкекни Қамбарота ГЭСлари қурилишидан бош тортишга чақирди. Бу ҳақда 12.uz ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Борий Алихоновга кўра, Қамбарота ГЭСларининг қурилаётган каскадлари сейсмик жиҳатдан хавфли бўлган ҳудудда жойлашган. Бу ерда 9-10 балл зилзилалар юз бериш эҳтимоли мавжуд.

“Тўқтўғул ГЭСи ва 19,5 миллиард куб метр сув сақлаш мумкин бўлган сув омбори ўта хавфли объект ҳисобланади. Чунки сув тўғонининг ўпирилиши оқибатида 50 минг квадрат километр майдон, жумладан, Фарғона водийсининг шимолий ва шимоли-шарқий қисми сув остида қолиши, миллионлаб одамлар ҳалок бўлиши мумкин. Қамбарота ГЭСи эса бу ҳалокат хавфни кучайтирувчи объект бўлади”, деб билдирган Борий Алихонов.

Унга кўра, Қирғизистон халқаро меъёрларга мувофиқ бошқа давлатларга таҳдид солиши мумкин бўлган лойиҳаларни амалга оширишдан олдин қўшнилари билан маслаҳтлашуви зарур.

Борий Алихонов Ўзбекистон Экологик ҳаракати офат хавфини пайдо қилувчи бу каби объектларнинг қурилишига қарши эканини таъкидлаб ўтган.


Қамбарота ГЭСлари қирғиз иқтисодининг келажаги

2010 йилда Ўзбекистон ҳукумати Қамбарота – 1 ГЭСи қурилишини халқаро экспертизадан ўтказишни талаб қилган эди.

Қамбарота-2 ГЭСини 2010 йил 30 августида Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси Роза Ўтунбаева тантанали тарзда очиб берган эди.
Қамбарота-2 ГЭСини 2010 йил 30 августида Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси Роза Ўтунбаева тантанали тарзда очиб берган эди.
Бироқ қирғиз расмийлари Қамбарота -1 ГЭСининг қурилиши минтақанинг барча мамлакатларига фойдали бўлишини, бу билан Ўзбекистон ва Қозоғистон сув ҳамда электр энергияси етишмовчилигидан қутилишини айтиб келади.

Қамбарота -2 ГЭСи 2010 йилда расман ишга туширилган. Қамбарота -1 ГЭСи қурилишини молиялаштириш юзасидан расмий Бишкек ва Кремл ўртасидаги музокаралар давом этмоқда.

Москва 2009 йилда Қамбарота -1 ГЭСи қурилиши учун бир ярим миллард доллардан кўпроқ сармоя ётқизишдан манфаатдор эканини билдирган эди.

Қамбарота-1 ГЭСи қурилса Тўқтўғул ГЭСи ва сув омборига эга бўлган Қирғизистон Марказий Осиёдаги сув заҳираларининг асосий қисмини назорат қилиш ҳамда электр энергиясини ўнлаб давлатларга экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.
XS
SM
MD
LG