Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:30

“Ўздунробита" раҳбари Беҳзод Аҳмедов Россияда”


Interpol веб-сайтининг қидирувдагиларга оид саҳифасидан Беҳзод Аҳмедовнинг исми олиб ташланмаган.
Interpol веб-сайтининг қидирувдагиларга оид саҳифасидан Беҳзод Аҳмедовнинг исми олиб ташланмаган.

Интерпол қидирувида бўлган МТС-Ўзбекистон ширкатининг собиқ директори Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаган.

Беҳзод Аҳмедовнинг ҳали ҳам Россияда эканлигини Москвада фаолият кўрсатувчи ва ўз исми ошкор қилинишини истамаган Озодлик манбаси билдирди.

Марказий Осиё ҳаётини ёритиб борувчи журналистнинг Озодликка айтишича, Беҳзод Аҳмедовга қисқа вақт ичида Россия фуқаролиги берилган ва у ҳозир Россия ҳудудида сақланмоқда.

Манбанинг тахмин қилишича, Беҳзод Аҳмедовнинг қаердалиги, унинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан, Россия Федерацияси давлат органлари томонидан қаттиқ сир тутилмоқда.

Манбанинг изоҳлашича, Беҳзод Аҳмедов масаласи Россия-Ўзбекистон муносабатларининг совуқлашув даврига тўғри келган. МТС-Ўзбекистон ширкатининг кўп миллиардлик иқтисодий салоҳияти эса ушбу ишнинг зудлик билан сиёсийлашувига сабаб бўлган.

Беҳзод Аҳмедов МТС-Ўзбекистон ширкатига узоқ давр раҳбарлик қилгани боис, бу шахс расмий Тошкентнинг қўлига тушадиган бўлса, қийноқлар остида ширкатнинг, демакки, Москванинг манфаатлари зиддига ишлатилиши мумкин.

Шу сабабга кўра, расмий Москва Беҳзод Аҳмедовга фуқаролик бериб, уни Россия ҳудудида қолдиришга қарор қилди, дейди Озодлик билан пайшанба куни телефон суҳбатида бўлган манба.

Бундан олдин Ўзбекистонда тарқатилган хабарларда “Ўздунробита” ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедов Россиядан Ўзбекистонга келтирилгани айтилган эди.

Бу ҳақда Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига яқин экани айтиладиган Узметроном нашри ҳам хабар қилган эди.

2 июл куни "Даракчи" газетасида ҳам пайдо бўлган айни хабарда, Ўзбекистон томонидан молиявий жиноятларда айбланиб, Interpol орқали қидирувга берилган Беҳзод Аҳмедовнинг қайси вазиятда Ўзбекистонга келтирилгани тафсилотлари очиқланмаган.

Айни пайтда, Interpol веб-сайтининг қидирувдагиларга оид саҳифасидан Беҳзод Аҳмедовнинг исми олиб ташланмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июн куни баёнот эълон қилиб, Россияга қарашли МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбасини молиявий жиноятларда айблаган эди.

Айни баёнотда МТС ширкати мазкур иш бўйича халқаро қидирувда бўлган асосий гумонланувчи Беҳзод Аҳмедовни яшираётганликда ҳам айбланган эди.

Ўз навбатида МТС ширкати ҳам пресс-релиз эълон қилиб, Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўздунробита”га қарши олиб борган ҳаракатларини ноқонуний дея атаб, ширкатга нисбатан босим бўлаётганини таъкидлаган эди.

МТС матбуот котиби Елена Кохановская Озодликка "Ўздунробита" раҳбарлари асоссиз тарзда ҳибсга олингани юзасидан ташвиш билдирган.

- Текширувлар ноқонуний тарзда олиб борилмоқда: бутун мамлакат бўйлаб офисларимиздан ҳужжатларнинг асл нусхалари, протокол тузилмасдан, мусодара қилинмоқда, одамларимиз кечаси адвокатларсиз ҳибс этилмоқда. Бу ҳол, айниқса, ходимларимизнинг қўлга олинаётгани ва сўроққа тутилаётгани, бизни қаттиқ хавотирга солмоқда. Уларга босим ўтказилаётгани айтилмоқда, биз эса бу вазиятда уларга ёрдам бериш имконимиз йўқ. Тўғриси, қайта текширувлар олиб борилиши сабабларини ҳам тушуна олмаяпмиз, деди МТС расмийси.

“Ўздунробита” ширкати раҳабари вазифасини вақтинча бажараётган Радик Даутов ва ширкат молиявий директори Темурмалик Алимов ҳибсга олингани Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июн куни эълон қилган пресс-релизда ҳам айтилган.

Россиянинг "МТС" ширкатига қарашли “Ўздунробита” раҳбари 38 ёшли Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистондан қочиб кетгани ҳақида Озодлик радиоси 14 июн куни хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси баённомасида айтилишича, “Мавжуд маълумотларга кўра, Аҳмедов терговдан яшириниб, Ереван шаҳрига қочган. Бу ерда у “МТС” вице-президенти Распопов билан учрашган ва улар яширин тарзда Москвага учиб келганлар”.

“Ўздунробита” ширкати 1991 йилда фаолият бошлаган. 1990 йиллар охирларида ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган. 2004 йилда эса Каримова “Ўздунробитани” Россиянинг МТС компаниясига 212 миллион АҚШ долларига сотган.

“Ўздунробита” алоқаси Ўзбекистоннинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олади ва 9 миллиондан зиёд абонентга эгадир.

МТС молиявий ҳисоботларида ширкатнинг бир йиллик тушуми 12 миллиард АҚШ доллари экани кўрсатилган. Бу тушумдаги МТС-Ўзбекистон ҳиссасининг 5 фоизгачани ташкил қилиши айтилади.
XS
SM
MD
LG