Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:26

“Гулноранинг тўйи”да куëв бўлишга зўрлашди"


Ўзбекистон бўйлаб президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовани элга саховатпеша қилиб кўрсатиш мақсадидаги пиар кампаниясининг таркибий қисми - "хайрия тўйлари" давом этмоқда. Шу тўйлардан бирида куëвликка мажбурланган ногирон йигит Озодлик билан суҳбатда на бу тўй ва на "Гулноранинг совғалари"дан хайр кўрмаганини айтади.

Куни-кеча Озодликка Гулнора Каримовага қарашли “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси – Фонд Форум "ҳомийлигида" ўтказилган ҳашар тўйига маҳаллий ҳокимлик томонидан мажбурланган "куëвбола" сим қоқди.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи 26 яшар бу "куëв" 1-гуруҳ ногирони ва ҳақиқатда тўй қилишга қурби етмайдиган ночор қатлам вакили. Айни пайтда бу йигитнинг тўй ҳангомаси¸ Гулнора Каримова номидан ўтказилаëтган хайрия тўйлар механизмнини тушунишга имкон беради.


“Тўйга рози бўлмасанг¸ нафақанг қирқилади”


Хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар боис исми шарифини ошкор қилмаётганимиз тўрткўллик 26 яшар йигит тўрт йил аввал севган қизига уйланган ва ҳозирда бир ўғилнинг отаси.

Унинг айтишича, оилавий етишмовчилик туфайли тўрт йил давомида маҳаллага дастурхон ёзиб¸ тўй қилишга қурби етмаган.

Кўзи ожиз бўлгани боис¸1-гуруҳ ногирони сифатида қайдга олинган суҳбатдошимиз ишсиз.

"Ўз танг ҳолимдан маҳаллий ҳокимликка ёрдам сўраб борган пайтим¸ мени Фонд Форумнинг хайрия тўйига рози бўлишга мажбурлашди"¸ дейди Озодлик билан суҳбатда тўрткўллик "куëв":

- Ҳокимият, маҳалла мажбурлаб олиб боришди. Бўлмаса пенсиянгиздан ушлаб қоламиз, дедида. Шундан қўрқиб, рози бўлдим. Энди дадам ҳам, ойим ҳам қарши чиқди. “Қўй, мана шунча оғайнилар бор. Қариндош бор. Ҳеч ким қатнашмаса. Нима кераги бор?” деса ҳам, зўрлаб олиб боришди бизни. Қатнашсанг ҳам қатнашасан, қатнашмасанг ҳам қатнашасан, дейди. Энди мен ўзим хафа бўлдим. Мен “Бизга керак эмас. Қатнашмаймиз” дедим. Шунда ҳам мажбурлади, кейин қатнашдик, дейди тўрткўллик йигит.

Гулноранинг тўйидан парча
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:30 0:00


"Куëв"нинг таъкидича¸ тўрт йилдан бери никоҳда яшаб келган¸ аллақачон бир фарзанднинг онаси бўлган "келин"ни оқ кўйлак кийиб¸ ҳашар тўй тўрига чиқишга кўндириш анча қийин бўлган.

“Тўйда машҳур хонандалар кўп бўлди”


4 май куни Тўрткўлнинг “Асл” тўйхонасида бўлиб ўтган хайрия тўйида жами олти нафар келин-куёвнинг никоҳ тўйи ва 7 болакайнинг суннат тўйи ўтказилган.

- Тўй яхши ўтди. Зулайхо Бойхонова, бошқа кўп санъаткорлар келди. Тўрткўл маданият саройидан бошқа хонандалар ҳам келди. Яхши ўтди, дейди у.

Тўйда суҳбатдошимизнинг тўрт нафар қариндоши қатнашган, лекин ота-онаси ногирон бўлгани учун тўйда иштирок этмаган.

“Совғага бузуқ телевизор беришди”


Тўрткўлдаги хайрия тўйида¸ одатга кўра, келин-куёвларга совға сифатида телевизор берилган.

Лекин суҳбатдошимизнинг айтишича, унга берилган телевизор бузуқ чиққан. Ҳокимиятга шикоят қилишгач¸ шу бузуқ телевизорни ҳам олиб кетиб¸ ҳозирча қайтаришмаган.

- Совғага гилам берди. Фонд Форумдан берди. Битта соат, телевизор берди. Берган телевизори ҳам бузуқ чиқди. Уни ҳам маҳаллий ҳокимият қайтариб олди. Ҳали бизга қайтиб бергани йўқ, дейди суҳбатдош.

“Тадбиркорлар ҳомийлик қилишга мажбурланган”


Тўрткўллик суҳбатдошимиз¸ маҳаллий тадбиркорларнинг Фонд Форум тўйларига ҳомийлик қилишга мажбурлангани ҳақида ҳам гапиради.

- Совға маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юкланди. Хафа бўлиб қийналаяптида. Салончидан эшитганман "Мана олтита келинни бизнинг зиммамизга юклаяпти. Ўзи аренда пулини тўлай олмаяпмиз, мана ҳозир солиқ бор, деб айтганини эшитдим. Гулнора опа тўй ўтказса, тадбиркорлар зиммасидан ўтказмай, ўзининг чўнтагидан ўтказса, яхши, савоб иш бўларди демоқчиман. Нимага деганда бу нарса тадбиркорлар зиммасида бўлаяпти, дейди суҳбатдош.

“Тўйдан кейин нафақамни ололмаяпман”


Тўрткўллик "куёв"нинг айтишича, Фонд Форум тўйларидан кейин банкларда нақд пул етишмовчилиги пайдо бўлган ва одамлар пенсия пулларини ўз вақтида ола олмаяпти.

- Гулнорахон тўй ўтказганидан бери бизларга пенсия берилмаяпти. Май ойининг пенсиясини берганига бир ҳафта бўлди. Ҳали июн ва июлни олмадик. “Банкда пул йўқ. Гулнора Каримова тўй қилди. Банкнинг ҳамма пулларини тўйга сарф қилдик” деган гапларни айтаяпти. Мана ҳокимият ҳам шунақа деяпти. Зарарда бу. Тўй қилиб берса, ўзининг чўнтагидан қилса¸ яхши бўларди. Тўй қилгани бир томондан яхши, иккинчи томондан пенсия вақтида берилмаслиги ëмон томони бор, дейди суҳбатдош.

“Барибир маҳаллага тўй қилиб бераман”


Бир фарзанднинг отаси бўлган тўрткўллик йигит ҳозирда маҳаллага дастурхон ёзиб, рафиқаси билан никоҳ тўйини қайта нишонлашни режалаштирмоқда.

- Уйланган оғайниларим, қариндош дўстларим бор. Мен ҳам тўй қилмоқчиманда энди. Орзу-ҳавас деган нарса бўлади. "Уйланганига мана тўрт йил бўлди, ҳалигача тўй қилмади эркак бўлиб" деб ташқаридан шунақа ғийбат қилишади. Мен ҳам ўғил боламан. Ғурур борда менда", дейди у.
XS
SM
MD
LG