Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:41

“МТС-Ўзбекистон”нинг яна икки раҳбари қидирувга берилди


Ўзбекистон Бош прокуратураси молиявий жиноятларда айблаб, “Уздунробита” ширкатининг яна икки нафар топ-менежерини халқаро қидирувга берди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий сайтида “МТС” ширкатига қарашли “Ўздунробита” директори муовини Раҳим Эргашев ва унинг ўғли – “Ўздунробита” роуминг департаменти директори Баҳром Эргашев, шўъба бош директори ва айни пайтда уларнинг куёви - Бекзод Аҳмедов бошчилигида жиноий гуруҳ тузган”ликда айбланиб қидирувга берилгани айтилади.

Бош прокуратура хабарига кўра, 2010-2011 йилларда солиқ органларига топширилган ҳисоботларда кичик корхоналарга берилган имтиёзлардан ноқонуний фойдаланиш мақсадида “Ўздунробита” ширкати ходимлари сони раҳбарият томонидан атайин камайтириб кўрсатилган.

Натижада, улар 5 млрд 944 миллион 600 минг сўм миқдорида солиқ ва мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганликда айбланмоқда, дейилади расмий хабарномада.

2012 йилнинг 12 июлида ота-ўғил Эргашевлар сиртдан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 184-моддаси 3-қисми (Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва бошқа қатор моддалар асосида айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилди.

Бир кун олдин, яъни 11 июл куни компаниянинг корпоратив ривожлантириш бўйича директори Азизулло Мирзамўйдиновга ҳам айни моддалар бўйича айбловлар эълон қилингани айтилади.

Бу маълумотларни тасдиқлаган “Мобильные ТелеСистемы” ОАЖи Жамоатчилик алоқалари бўйича департаменти вакиласи Валерия Кузменко ҳозирда “Ўздунробита” иши юзасидан Ўзбекистонда жами 5 киши ҳибс этилган, дейди.

- Жами 5 киши ҳибс қилинган. Аввалига 2 киши - ширкат молиявий директори Темурмалик Алимов ва “Ўздунробита” ширкати раҳабари вазифасини вақтинча бажараётган Радик Даутов, кейинроқ "Ўздунробита"нинг корпоратив ишлар бўйича директор муовини Азизулло Мирзамўйдинов, Ахборот технологиялари бўйича бош директор муовини Азиз Раҳимов ва ширкатнинг хавфсизлик департаменти директори Алишер Муҳамедовлар ҳам ҳибсга олинди. Булардан ташқари яна уч киши – Бекзод Аҳмедов, Раҳим Эргашев ва Баҳром Эргашевлар қидирувга берилган, дейди Валерия Кузменко Озодликка.

Ҳозирга келиб, Ўзбекистон прокуратураси ҳисоб-китобига кўра, жиноий гуруҳни ташкил этганликда гумонланаётган “Ўздунробита” ширкати раҳбарияти томонидан турли тўловлар асосида республика хазинасига 500 миллиард сўм зиён етказилган.

Озодликнинг Ўзбекистондаги манбасидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси МТСга босимни давом эттириш мақсадида, ширкатга қарашли “Ўздунробита”нинг яна 20 га яқин ходимини ҳибсга олиш тўғрисида хавфсизлик хизмати органларига топшириқ берган.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси ва унга қарашли барча филиалларда молиявий-хўжалик текшируви давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG