Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Рамазон 20 июлдан бошланади


Ўзбекистонда рамазон ойи 20 июлдан бошланади. Рамазоннинг ёз чилласига тўғри келаётгани рўзадорлар учун қийинчиликлар туғдириши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.

Дунё мусулмонлари учун муқаддас Рамазон ойи 20 июлдан бошланади. Ўзбекистонда ҳам Рамазон ойи бошланиши шу кунга тўғри келмоқда.

Шу муносабат билан мамлакат президнетининг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, мусулмон мамлакатлар ҳамда исломий халқаро ташкилотлар етакчиларига Рамазон ойи бошланиши муносабати билан табрик ҳам йўллади.

Президент қарорига мувофиқ “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа жамоат ташкилотларига Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилди.

- Бутун вилоят, шаҳар бошқармалари билан биргаликда иш қилинади. Масжидларнинг атрофи тоза бўлиши керак, тартиб бўлиши керак, ёшлар, кичкина мактаб болалари бўлмаслиги керак. Шу ишларни ҳаммасида бормиз,- дейди Ўзбекистон “Нуроний” жамғармаси расмийларидан бири Булут Бекмирзаев.

Рамазон ой кўринишига қараб белгиланади. Ўзбекистонда бу баъзан бир кунга фарқланиши мумкин. Тошкентдаги Хўжа Аламбардор масжиди имомларидан бири Қодиржон ҳожи бу йил Ўзбекистонда ҳам Рамазон 20 кунига тўғри келишини айтади.

- Рамазон бу йил 20 июлда экан. Президентни фармони бор. Шу куни 3.40да оғиз ёпилади. Кечқурун 7.55да очилади, Оллоҳ қодир қилса,- дейди имом.

Рўзадор рамазон ойида кундуз кунлари ўзини ейиш, ичиш, жинсий яқинлик ва бошқа лаззатлардан тийиб юриши керак бўлади.

Рамазон рўзаси соғлом кишиларнинг барчаси учун таалуқли бўлиб, бундан ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёллар, 9 ёшга кирмаган қиз ва 12 ёшга кирмаган ўғил болалар, хасталар ва мусофирлар мустаснодирлар.

Бу йил муборак рўза кунлари айни ёз палласига тўғри келгани кўпчиликни ташвишга солиши тайин. Чунки ҳар бир кишини очликдан ҳам чанқоқликни қандай енгиш мумкинлиги ўйлантирмоқда.

Ҳижрий тақвим бўйича, мелодий тақвимдаги санадан ҳар йили 11 кунга эрта келадиган Рамазон ойининг бу йил июл ойига тўғри келиши Ўзбекистонда ҳам мусулмонларнинг ҳаво иссиқ паллада узун кунни сувсиз ўтказишларини ҳам англатади.

- Энди Худонинг амри бор, рўза тутгин деган. Худо хоҳласа тутамиз. Рамазон ойимиз файзли бўлсин, деб дуолар қилиб турибмиз,- дейди тошкентлик 35 яшар Миркомил.

Қашқадарёлик деҳқон Абдулла ака эса бу йил жазирамада рўза тутаолмаслигини айтади.

- Далада ишлайдиган одамга қийин-да. Иссиқ, сув ичишга тўғри келади. Кун бўйи ташқарида ишлаймиз. Шунинг учун бу йил рўза тутмасам керак,- дейди қашқадарёлик деҳқон.

Аммо иссиқ ҳаво Ўзбекистондаги бу йилги Рамазоннинг ягона ўзгачалиги эмас.

- Бу йил Рамазон ойи кун узайган пайтга тўғри келяпти. Рўзадор кунига 16-17 соат овқатдан тийилиб юриши керак. Мен бунга чидай олмасам керак,- дейди хоразмлик Беҳзод.

Шифокорлар эса сут билан пиширилган таомлар кишини чанқатмаслигини, шунинг учун саҳарликда сутли бўтқалар, ширгуруч ҳамда қуртова каби овқатларни истеъмол қилиш, ифторликка эса кўпроқ мева ейишни тавсия этишмоқда.
XS
SM
MD
LG