Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:13

Ўзбекистон чегарачиларига янги иддао билдирилмоқда


Боткен вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган Таян қишлоғи аҳолиси "Қўшни давлат Қирғизистонга тегишли ерларни босиб олмоқда", деган иддао билан чиқмоқда.

Таян қишлоғи Ўзбекистоннинг Сўх анклави билан чегарадош. Бу ердаги ўзбек-қирғиз чегара ҳудуди баҳсли бўлгани учун шу кунгача аниқланмаган. Таянликлар ўзбек чегарачилари йил сайин ноқонуний равишда чегара чизиғини Қирғизистон ичкарисига қараб суриб келаётганини иддао қилиб, бунинг натижасида улар бир вақтлар чорва молларини боққан яйловлар ва тоғларга чиқа олмай қолганидан норозилик билдирмоқда.

Таян қишлоғининг 60 ёшдаги яшовчиси Жапар Аляпов ўзбек чегарачилари тоғ ва яйлов йўлини тўсиб қўйганини айтди:

- Бизнинг эски чегара ҳудудимиз Ўзбекистонга ўтиб кетиб қолаяпти. Бу ерларда биз мол боқар эдик. Ўзбек томони чегарани йилдан-йилга Қирғизистон ичкарисига жилдиригани сабабли ҳамқишлоқларим билан шаҳарликларга ўхшаб яшаб қолдик. Чунки молларимизни қўрадан чиқара олмаймиз, уларни боқадиган яйловларимиз, тоғларимизга ўзбек чегарачилари бизни киритмаяпти, -деди Жапар.

Таянлик Маҳамадалининг айтишича, Ўзбекистон чегарачилари мазкур ҳудудни мунтазам тарзда назорат қилади. Бироқ қишлоқда қирғиз чегарачилари йўқ. Шунинг учун ҳам Таян қишлоғи аҳолиси ҳукуматдан мазкур ҳудуд қирғиз чегарачилари томонидан қўриқланишини ва ўзбек томонининг чегараларни жилдиришига қаршилик кўрсатишини талаб қилмоқда.

- Ўзбекистонликлар тоғларимиздан тош, ўтин, арчаларни талаб олиб кетишаяпти. Уларга қаршилик қиладиган ҳеч ким йўқ. Биз тоққа чиқсак ўзбек чегарачилари бизни қувиб ҳайдашади, -деди Маҳамадали.

Бир неча ҳафта аввал таянликлар ва Ўзбекистон чегарачилари ўртасида низо чиққан эди. Ўзбек ва қирғиз маҳаллий расмийлари ҳаракати билан низонинг тўқнашувга айланиб кетиши олди олинган. Маҳаллий аҳоли, агар вазият ўнгланмаса бу каби низолар тўқнашувларга айланиб кетишидан ташвиш билдирмоқда.

Бироқ Таян қишлоқ ҳукумати раҳбари Сулаймон Қамчибеков Ўзбекистон томони қонун доирасида ҳаракат қилаётгани ва шартли чегарани ноқонуний жилдириш ҳаракатлари бўлмаганини айтди:

- Биз давлат рўйхатга олиш агентлигига бориб ҳужжатларни кўрдик. Тоғ ёнбағирлари Ўзбекистон ҳудудига қарашли экан. Куни кеча Яйлов қўмитаси ҳам бориб, бу ҳужжатларни кўриб келди, -деди Сулаймон Қамчибеков.

Деярли бир ярим минг километрдан иборат Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 300 километри шу кунгача аниқланмаган. Аниқланмаган шартли чегара чизиғида расман 50 дан ортиқ баҳсли ҳудуд мавжуд экани айтилади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, жорий йил бошидан бери Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг баҳсли ҳудудларида 4 маротаба турли низолар содир бўлган.
XS
SM
MD
LG