Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:54

Энергетик бўҳрон эҳтимоли баҳс қилинмоқда


Тўқтўғул сув омбори.
Тўқтўғул сув омбори.

Қирғизистондаги энергетика соҳаси экспертлари таннархи 9 тийиндан тўғри келадиган электр энергиясини аҳолига 70 тийиндан пуллаётган расмийларнинг жорий йил қишида энергетик бўҳрон юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларини асоссиз, деб атамоқдалар.

Қирғизистон энергетика вазирлиги жорий йилда Тўқтўғул сув омборида сув миқдори ўта озлиги сабабли мамлакатда энергетик бўҳрон юзага келиши мумкинлигини билдирди. Вазирлик бўҳроннинг олдини олиш учун қўшни давлатларга электр энергиясини экспорт қилишни тўхтатиш ва электр энергияси нархини оширишни таклиф қилмоқда.

Бишкеклик таҳлилчилар энергетика вазирлигининг бу баёнотини қаттиқ танқид қилаяпти. Экспертларга кўра, энергетик бўҳронни коррупциялашган ҳукумат амалдорларининг ўзлари пайдо қилмоқда.

Эксперт Расул Умбеталиевнинг айтишича, Қирғизистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг таннархи 8-9 тийинни ташкил қилади. Ҳукумат эса аҳолига уни 70 тийиндан сотмоқда. “Бундай ҳолатда энергетик бўҳрон ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, деб ҳисоблайди эксперт.

- Агар барча коррупциявий йўллар тўсилиб, ҳалол ишланса, энергетика тармоғида пул танқислиги бўлмайди. Энергетикадан тушаётган пуллар ўғирланаётгани, соҳа эса тўналаётгани сабабли мана шундай вазият юзага келаяпти, - дейди Расул Умбеталиев.

Бишкеклик яна бир эксперт Райимбек Мамиров эса Тўқтўғул сув омборида айни пайтда мавжуд бўлган сув миқдори энергетик бўҳронга сабаб бўла олмайди, деган фикрда. Унинг айтишича, ҳукумат масъуллари энерготармоқ таъмири учун ажратилган пулларни ўз чўнтагига ураяпти, шунинг учун ҳам жабҳа аянчли аҳволга келиб қолган, буни яшириш мақсадида амалдорлар Тўқтўғул сув омборида кам сув йиғилганини баҳона қилишмоқда.

- Таъмирлаш ишлари ўлда-жўлда бўлиб қолаяпти. Шунинг учун ҳар бир станцияда 2-3 мартадан узилишлар содир бўлаяпти. Тўқтўғул, Қурпсой, Тошкўмир ГЭСларида, миллий электр тармоқда катта-катта авариялар бўлаяпти. Тармоқдаги муаммоларни сув омборидаги сув миқдорининг озлигини баҳона қилиш билан ёпиб бўлмайди, - дейди Раимбек Мамиров.

Экспертларнинг “Электр станциялар” ширкати маълумотларига таянган ҳолда маълум қилишларича, жорий йилда Тўқтўғул сув омборида 16 миллиард 830 миллион кубометр сув йиғилган. Бу ўтган йилга нисбатан 2 миллиард кубометрга оз. Лекин бугунги кунда Тўқтўғул сув омборида йиғилган сув энергетик бўҳронни келтириб чиқариш мумкин бўлган миқдордан 7 миллиард кубометрга кўпроқдир.

Бироқ Қирғизистон Энергетика вазирлиги экспертларнинг иддаоларини асоссиз ҳисоблаб, энергетик бўҳронни юзага келтирмаслик учун қўшни давлатларга электр энергияси экспорт қилишни тўхтатганини маълум қилди. Электр энергияси экспортининг тўхтатилгани эса энергетика соҳасида маблағ танқислигини келтириб чиқарган. Шунинг учун ҳам, Қирғизистон энергетика вазирлигига кўра, мамлакатда электр энергияси нархини оширишга эҳтиёж бор.
XS
SM
MD
LG