Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Тоғли Бадахшонда ҳарбий амалиётлар тўхтатилди


Тожикистон жанубидаги Тоғли Бадахшон минтақасида генерал Абдулло Назаровнинг ўлимига алоқадор шахсларни ушлаш бўйича ҳарбий амалиётлар тўхтатилди¸ деб хабар берди Озодликка республика расмийлари.

Айни пайтда ҳукумат ва жанггари гуруҳлар ўртасида музокара бошлангани айтилмоқда.

Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллаев жанггарилардан тожик генерали ўлимига алоқадор тўрт одамни топширишни, қолганларидан қуролларни ташлашни талаб қилган.

Тожик расмийлари бу талаблар бажарилиши эвазига жанггариларга авф ваъда қилинган.

Жанггариларнинг ҳукумат қўйган талабларга кўнган ёки кўнмагани ҳозирча маълум эмас.

Сешанба куни Тожикистон махсус кучлари мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси генерали Абдулло Назаровнинг ўлимига алоқадор шахсларни ушлаш бўйича Тоғли Бадахшон вилояти маркази Хоруғ шаҳрида махсус ҳарбий амалиёт бошлаганини маълум қилганди.

Ҳукумат расмийларига кўра, ҳарбий амалиётлар чоғида 30 нафар жанггари ўлдирилган, 40 нафари ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинган жанггариларнинг 8 нафари Афғонистон фуқаролари экани айтилади.

Норасмий манбааларда айтилишича, армия ва аҳоли орасида ҳалок бўлганлар сони 100 нафардан кўпдир.

Лекин буни мустақил манбаалар орқали текшириш имконсиз.

Тожикистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров 21 июл куни Хоруғда номаълум шахслар томонидан пичоқлаб ўлдирилганди.

Тожикистон ҳукумати қотилликда мухолифатнинг собиқ дала қўмондони Толибек Аёмбеков бошчилигидаги ноқонуний қуролли гуруҳни айбламоқда.

Сешанба кунги ҳарбий амалиётга3000 нафар аскар, юзлаб ҳарбий техника ҳамда ҳарбий вертолёт жалб этилгани айтилади.

Чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Тоғли-Бадахшондаги зўравонликлар юзасидан ташвиш изҳор этди.

Кремл расмийлари Тожикистон раҳбарияти вазиятни зудликда жиловлаши ва мамлакатда жамоат тартиби ҳамда қонун устиворлигини тиклай олишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG