Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:15

Тошкентнинг Оқтепасидаги уйлар бузилмоқда


Бундан олдин ҳам Тошкентнинг қатор туманларида хусусий ҳовли-дўконларнинг бузилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.
Бундан олдин ҳам Тошкентнинг қатор туманларида хусусий ҳовли-дўконларнинг бузилиши аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.

Оқтепа ва Фарҳод бозори оралиғидаги ҳудудда жойлашган хусусий уйларни бузиш¸ шаҳар ҳокимияти қарори ва Тошкентни 2030 йилга қадар реконструкциялаш режасига кўра амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳридаги Фарҳод бозори яқинидаги маҳаллалардаги уйлар бузилмоқда.

Бузилаëтган уйларнинг Тошкент шаҳрининг Оқтепа мавзеси¸ Лутфий кўчаси бўйлаб жойлашгани билдирилди.

Тошкент шаҳар Учтепа туман ҳокимиятининг ўзини Умаржон деб таништирган муҳандиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Лутфий кўчасидаги бузилиш ҳолатига аниқлик киритди.

Мулозимга кўра¸ Оқтепа ва Фарҳод бозори оралиғидаги ҳудудда жойлашган хусусий уйларни бузиш¸ шаҳар ҳокимияти қарори ва Тошкентни 2030 йилга қадар реконструкциялаш режасига кўра амалга оширилмоқда.

Туман ҳокимияти муҳандисига кўра¸ Лутфий кўчаси бўйлаб бузилаëтган турар жойлари ўрнига янги тўрт қаторлик йўл тушади.

Бузилаëтган уйларга яқин ҳудудда истиқомат қиладиган 62 яшар ҳайдовчи Жалол ака Жабборов бу йўл қурилишидан манфаатдорлигини айтади.

- Бу уйлар ўзи Совет даврида бузилиши керак эди. Эгри-бугри бўлиб йўлни кичрайтириб турувди. Агар бу йўл кенгаймаса¸ ҳайдовчиларга қийин бўлади. Маҳаллалар ичидаги жин кўчаларни айланиб юришга тўғри келади.

Жалол акага кўра¸ бу уйлар бундан 50-60 йил олдин шаҳар маъмурияти тарафидан қурилган муваққат турар-жойлардир:

- Буларни уй деб ҳам бўлмасди аслида. Бузилаëтгани яхши. Кенг равон йўл қурилади. Қатнов яҳшиланиб йўлдаги тиқинлар барҳам топади¸ дейди Жалол ака.


Ҳамма ҳам хурсанд эмас

Уйи бузилаëтганларга шаҳaрдаги кўп қаватли уйлардан квартира берилиши билдирилди.

Аммо бунинг учун бузилган уйда прописка қилингани ҳақида ҳужжат ва уй соҳиблиги борасида қоғозлар керак.

Бу уйлардан бирида яшаб келган Павел исмли 34 яшар йигит Озодликка бундай қоғозларга эга бўлмагани боис¸ кўчада қолаëтганини билдирди.

Павелга кўра¸ бу уйлар билан боғлиқ барча ҳуқуқий ҳаракатлар ўн йиллар олдин музлатиб қўйилган.

- Уйлар бузилишга маҳкум деб¸ йиллар мобайнида биз прописка қилинмасдан яшаб келдик¸ дейди Павел.

Шу уйлар атрофида истиқомат қилувчи Жалол ака Жабборов эса бу борада муаммо йўқлигини айтади:

- Товон тўлаш борасида муаммо чиқса¸ судга мурожат қилиш мумкин. Агар барча ҳужжатлари тўғри бўлса¸ товон масаласи ҳам¸ ўрнига ўрин уй жой масаласи ҳам ҳал бўлади¸ дейди суҳбатдош.

Бундан олдин шаҳар ҳокимлигининг Тошкентни ободонлаштиришга оид қарорига кўра, Эски Жўва бозори ортидаги маҳаллада 47 та иморат бузилган эди.

Бундан ташқари Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам уй бузилишлари билан боғлиқ жанжаллар кузатилган.

Аксарият ҳолларда уйи бузилганлар товон пули оз бўлгани ва бузилган уй ўрнига берилган квартиранинг номуносиблигидан шикоят қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG