Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:58

Швед прокурори апелляция судига мурожаат қилмоқчи


Швециялик прокурор Кристер Петерссон.
Швециялик прокурор Кристер Петерссон.

Швеция прокурори Обид қори Назаровга суиқасд уюштиришда гумонланган икки ўзбекистонликни оқлаш ҳақида Стромсунд суди қарори юзасидан шикоят аризаси киритишни режаламоқда.


Швеция прокурори Кристер Петерссон (Krister Petersson) ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасд уюштиришда гумон қилинган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини оқлаган швед суди қарори юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат қилишни режаламоқда.

Буни прокурор Кристер Петерссонга асосланиб Uznews.net нашри хабар қилди.

26 июл куни Швециянинг Стромсунд шаҳридаги суд Обид қори Назаров ҳаётига суиқасд уюштирган шахсга ёрдам берганликда гумонланган Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминованинг айби тасдиқланмагани учун уларни оқлади.

Маҳкама Пўлатов ва Аминовани Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақидаги прокурор талабини ҳам рад этди.

Бироқ Петерссон Пўлатов ва Аминовалар Обидхон қорини ўлдирмоқчи бўлган ёлланма қотил билан Швецияда бевосита алоқада бўлгани ва унга турли хизматлар кўрсатганига далиллар келтирилганини айтади.

Швед прокурорига кўра, Обидхон қорига Ўзбекистон фуқароси бўлган, 1978 йил туғилган Юрий Жуковский ўқ узган.

Суиқасддан кейин олиб борилган тергов-суриштирув жараёнида аниқланишича¸ қотилнинг изи Россия ҳудудида йўқолган.

Петерссонга кўра, ҳозирда Жуковскийга халқаро қидирув эълон қилинган.

Uznews.net билан суҳбатда Петерссон суд ҳукмидан кейин ихтиёрида аппеляция учун уч ҳафта борлигини ва келаси ҳафта зарурий ҳужжатларни топширишини айтган.

Айни пайтда, прокурор Пўлатов ва Аминовалар Швецияда қолишига шубҳа билдирди.

“Аёл [Нодира Аминова] 2013 йилгача ўқиш учун стипендияси бор, бироқ мен улар тез орада Швецияни тарк этишади деган гумондаман”, дейди Петерссон.

Прокурор фикрича, имомга қилинган суиқасд унинг сиёсий ва диний фаолияти билан боғлиқ, бироқ уни ўлдириш ортида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг махсус хизмати турибди¸ деган иддаони аниқ тасдиқлайдиган далил ҳозирча йўқ.

54 яшар Обид қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Ўшандан бери Назаров шифохонада кома ҳолатида ётибди.

30 июл куни Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт ўз блогида Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирган жиноятчини топиш учун Швеция ҳукумати бор имкониятини сафарбар қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG