Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:28

Бурганди Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида талаш бўлмоқда


Бишкек расмийларига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек-қирғиз чегарасидаги газ-нефт конлари мавжуд бўлган Бурганди баҳсли ҳудудида қирғиз фуқаролари ноқонуний ҳаракатланаётганидан норозилик билдирди.

3 август куни Боткен вилоят губернатори ўтказган махсус йиғилиш чоғида бундан бир ой аввал Ўзбекистон томони Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига жўнатган нота муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, нотада Боткен вилояти аҳолиси Ўзбекистон газ ва нефт қазиб олаётган Бурганди чегара ҳудудида Қирғизистон фуқаролари ноқонуний ҳаракатларни амалга ошираётганидан норозилик билдирилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мана шу нота асосида Боткен вилоят ҳокимиятига махсус мактуб жўнатиб, унда икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларга путр етказмасликни илтимос қилган.

Бироқ йиғинда иштирок этган қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича давлат комиссияси раиси Қурбонбой Искандаров Бурганди ҳудуди Қирғизистонга қарашли эканини билдирди:

- Бурганди массиви 1935 йилдан, яъни бу ер рўйхатга олинганидан бери Қирғизистон балансида туради. Бу массивдаги газ ва нефт мавжуд конларни Ўзбекистон биздан вақтинча сўраб олган. Бу борада Ўзбекистон Қирғиз ҳукуматига жўнатган мактубларнинг ҳаммаси бизда сақланган. Чегарани аниқлаш юзасидан музокараларда биз доими Ўзбекистондан Бурганди ўзбеклар ҳудуди экани тўғрисидаги ҳужжатларни кўрсатишни талаб қиламиз. Аммо шу кунгача Ўзбекистон бу борада бирорта ҳужжатни бизга кўрсата олган эмас, -деди Қурбонбой Искандеров.

Боткен вилоят ҳокимиятининг иддаосича, Ўзбекистон бу ерлардан фойдалангани учун Қирғизистонга ижара ҳаққи тўлаши керак. Боткен расмийларига кўра, Бурганди ҳудудидининг биргина Оқтурпоқ участкасидан фойдалангани учун Ўзбекистон Қирғизистонга 700 миллион сўм, яъни тахминан 150 миллион доллар қарздор бўлиб қолган.

2010 йилда Қирғизистон муваққат ҳукумати, кейинроқ парламент ва коалицион ҳукумат мазкур ҳудудни Қирғизистонга қайтариш ҳақида қарор чиқарган эди. Аммо бу қарор амалга тадбиқ қилинганича йўқ.

Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон Бурганди ҳудудидан суткасига 20 тонна нефт қазиб олмоқда.

Бурганди Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли ҳудуд бўлиб ҳисобланади. Ҳар икки давлат бу ҳудуднинг ўзига тегишли эканини иддао қилади.

Боткен вилоят губернатори Жениш Раззақов Бурганди 1992 йилги Олмаота шартномасига мувофиқ Қирғизистонга қарашли эканини айтади:

- Олмаота шартномасида Шўролар даврида ишлатилган йирик корхона ва ташкилотлар қайси давлат ҳудудида бўлса, ўша мамлакат мулки бўлиб қолиши белгиланган. Мана шу шартномага асосан Бурганди Қирғизистонга тегишлидир. 1992 йилдаёқ бу ерлдаги конларни Қирғизистон ўз балансига ўтказиб олиши керак эди, -дейди Боткен вилоят губернатори.

Маълумотларга кўра, 2006 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг тенг ҳуқуқли (паритет) комиссияси Бурганди Қирғизистонга қарашли экани ҳақида қарор қабул қилган. Аммо айни пайтда Ўзбекистон бу қарорни чақиртириб олиш ниятида эканини билдирган.

Боткен вилотя ҳокимияти эса Ўзбекистон фойдаланаётган бир ярим минг гектар ердаги газ ва нефт конлари мавжуд ҳудудга яқин жойда 2013 йилдан бошлаб нефтни қайта ишлаш заводи қуриш режасини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG