Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:15

Швейцария тўрт ўзбекистонликни пул ювишда айбламоқда


Швейцария прокуратураси Женевада Ўзбекистоннинг икки фуқароси қўлга олинганини тасдиқлади. Прокуратуранинг Озодликка маълум қилишича, улар Швейцария томонидан тафтиш қилинаётган пул ювишга доир жиноят иши бўйича қўлга олинган. Улардан ташқари яна икки ўзбекистонлик ҳам бу ишга алоқадорлиги айтилмоқда. Бошқа маълумотларга кўра, бу ишга президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Швейцария прокуратураси тергов бошлади

Ўзбекистон фуқаролари Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев ўтган ҳафта Женевада ҳибсга олингани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Швейцария прокуратураси сешанба куни Озодлик сўровига жавобан йўллаган расмий хатида уларнинг исмлари келтирилмаган. Лекин Ўзбекистоннинг икки фуқароси Женевада қўлга олингани тасдиқланган баённомага кўра, бу Швейцария Бош прокуратураси томонидан ўтказилаётган тергов доирасида амалга оширилган.

"Айни вақтда бу иш бўйича тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси пул ювиш (ғайриқонуний йўл билан топилган даромадни машрулаштириш-таҳр.) амалиëтига алоқадорликда айбланмоқда. Икки киши ҳибсга олинди", дейилади Швейцария прокуратураси баёнотида.

Ўзбекистон ҳукумати ва махфий хизматларида ўз манбаларига эга бўлган Узметроном нашри 4 август куни тарқатган хабарга кўра, Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев Женевадаги Lombard Odier банки биносида ҳибсга олинган.

Лекин айни банк Lombard Odier банки Озодлик мурожаатига жавобан юборган расмий баёнотида банк биноси ёки ҳудудида ҳеч ким ҳибсга олинмагани таъкидланади. Айни пайтда баёнот банк биноси олдида бунга ўхшаш ҳодиса бўлганми, йўқми деган саволни очиқ қолдирди.

Шунингдек, Lombard Odier банки вакили Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев банк мижозлари бўлганми, йўқми деган саволни ҳам жавобсиз қолдирди.

"Швейцариянинг банк фаолиятига оид қонунчилигига кўра, банкимизнинг бирор шахс билан алоқаларини на тасдиқлай, на инкор қила оламиз", дейилади баёнотда.

Женевада ўт ёқсам Тошкентда тутуни

Айни пайтда, Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонаси олдида 4 август куни норозилик намойиши ўтказилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси уюштиргани айтилаётган пикет ўтказилганини Озодлик мухбири Фонд Форум ва Швейцария элчихонасидан тасдиқлашга ҳаракат қилди, лекин бунинг иложи бўлмади.

Шу сабабдан ҳозирча, норозилик намойиши Гулнора Каримова томонидан ташкиллаштирилганига оид хабарнинг ягона манбаси фақатгина Россия махсус хизматлари назорат қилиши айтиладиган Центразия.ру бўлиб қолмоқда.

(Мақола эълон қилингач, муштарийларимиздан Тошкентдаги Швейцария элчихонаси олдида ўтказилган пикет тасвирлангани айтилаётган ва Youtube порталида жойлаштирилган видеога доир линк келди. Ушбу видеони эътиборингизга ҳавола қиламиз.)





Сешанба куни Центразия.ру сайти эълон қилган хабарда айтилишича, Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевнинг Женвада ҳибсга олинишидан норози бўлиб “Швейцарияга шармандалик” қабилидаги шиорларни кўтариб чиққан намойишчиларга элчихонани қўриқлаб турган ўзбек милициячилари қаршилик кўрсатмаган.

Центразия.ру нашри Фонд Форумдаги манбага таяниб, норозилик акцияси бевосита Гулнора Каримова буйруғига кўра ўтказилгани, боз устига президент қизи элчихона яқинида микроавтобусдан туриб, норозилик акциясини шахсан бошқариб турганини ёзди.

Ювилган пуллар кимга қарашли?

Айни пайтда, Женевада ҳибсга олинган ўзбекистонликлар ишини кузатаётган франциялик журналист исми ошкор этилмасли шарти билан Озодликка берган маълумоларга қараганда, Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев Гулнора Каримовга алоқадор шахслардир. Улар Женевадаги Lombard Odier банкига ҳам Гулнора Каримованинг кўрсатмасига кўра борганлар, дейди француз журналисти.

Унинг айтишича, Швейцария расмийлари ўзбекистонликларни ҳибсга олиш билан бирга Гулнора Каримовага қарашли банк ҳисоб рақамларини ҳам музлатиб қўйган.

Озодлик манбаларига кўра, қўлга олинганлардан бири 1975 йилда туғилган Алишер Эргашев 2002 йилдан бери Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Coca-Cola-Uzbekistan ширкати директор ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Француз журналисти берган яна бир маълумотга кўра, Швейцариядаги ишга 1985 йилда туғилган Гаянэ Авакиян исмли Ўзбекистон фуқароси ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Озодлик манбаларига кўра, Гаянэ Авакиян Гулнора Каримованинг яқин гумашталаридан биридир. Расман Фонд Форум уюштирадиган Style.uz маданият ҳафталикларининг бош директори ҳисобланган Гаянэ Авакиян, манбамизнинг айтишича, Гулнора Каримованинг молиявий ишларини бошқаради.

"Швейцария банкларидаги Гулнора Каримовага қарашли ҳисоб рақамлар ҳам Гаянэ Авакиян номига расмийлаштирилган", дейди суҳбатдошимиз.

Россия махсус хизматлари назорат қилиши айтиладиган Центразия.ру нашри эълон қилган мақолада иддао қилинишича, Женевада ҳибсга олинган ўзбекистонликлар томонидан дахл қилинган Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамлар ҳам Гулнора Каримовага қарашли бўлган.

Гулнора Каримова 2009 йилда 50 миллион Швейцария франкига Женевада сотиб олган ҳашаматли ҳовли учун ана шу ҳисоб рақамларидан фойдалангани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG