Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:45

РМА ҳам Ўзбекистонга сармоя киритмасликка чақирди


Россия Менежерлар Ассоциацияси (РМА) МТС ширкатига қарашли “Ўздунробита” билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдириб, Ўзбекистонда ҳар қандай лойиҳаларни амалга оширишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришга чақирмоқда.

Маркази Москвада жойлашган Россия Менежерлар Ассоциацияси (РМА) рус тадбиркорларини Ўзбекистон ҳукуматининг Россия бизнесига қилаётган босимига қарши бирлашишга чақирди.

РМАнинг бу чақириғига МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонасига расмийлар томонидан қилинаётган босим сабаб бўлганини айтган Ассоциация Ижрочи директори Александр Динин, бундай баёнотлар билан яна Россиянинг қатор уюшмалари ва ташкилотлари чиқиш ниятини билдираётганини маълум қилди Озодликка.

- Билишимизча, вазият сўнгги пайтларда жуда кескинлашиб кетди. Ўзбекистон бошқа мамлакатлар учун қанчалик очиқ ёки ёпиқлигини билмасам-да, Россия бизнесининг Ўзбекистонда жуда фаол эканидан хабарим бор. Ахир МТСдан ташқари кўплаб рус бизнеси вакиллари Ўзбекистонда иқтисодий фаолият юритяпти. Аммо бу можаро, афсуски, бу мамлакатга сармоя олиб кириш истиқболларига путур етказмоқда. Айтишим мумкинки, кўплаб йирик Россия компаниялари ўзларининг Ўзбекистонга нисбатан капитал киритиш стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда, дейди Россия Менежерлар Ассоциацияси Ижрочи директори Александр Динин.

Уюшма директорининг сўзларига кўра, Ўзбекистон давлат идоралари томонидан “Ўздунробита”га қарши уюштирилган босим нафақат МТСнинг Ўзбекистондаги бизнесига якун ясаши, балки умуман Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка салбий таъсир этиши мумкин.

“Давлат ва бизнес, ҳукумат ва тадбирколар ўртасида кўп йиллардан буён Россияда алоқа воситасини бажариб келган Россия Менежерлар Ассоциацияси МТС нафақат мамлакатнинг, балки дунёнинг энг йирик ширкати саналиши ва “тоза ўйин” ўйнашига кафиллик беради”, дея давом этади Александр Динин.

- Биринчи навбатда, биз Ўзбекистонда фаолият юритаётган ёки юритиш ниятида бўлган компанияларга сармоя ётқизишда ёки у ерга менежерларни жўнатишда барча хавотирларни ҳисобга олишни таклиф қиламиз, чунки Ўзбекистонда уларга нисбатан хавф-хатар ошгани сўзсиз.

Шунингдек, биз Ўзбекистонда босимга учраган ёки учраётган ширкатларга давлат ҳукуматига қарши кучларимизни бирлаштиришга ва ўз ходим ва активларини қонуний йўллар билан ҳимоялашга чақирамиз. Бунинг учун бизнесменлар биз билан алоқага чиқиб, бундай ҳолларни фош этиш ва ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликни хабардор қилиб туришни таклиф қиламиз, деди Александр Динин Озолик билан суҳбатда.

Менежерлар Ассоциацияси “Ўздунробита” билан боғлиқ вазият устидан кузатишни давом этиши ва уюшма аъзоси бўлган МТСнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Айни пайтда, Россия президенти ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) Борис Титов “МТС-Ўзбекистон” билан боғлиқ вазиятга жамоатчилик эътиборини қаратиб, Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган ҳаракатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилиш ташаббуси билан чиқди.

Россия Менежерлар Ассоциацияси (РМА) – мустақил миллий жамоатчилик ташкилоти бўлиб, Россия тадбиркорлик жамоаси бизнес юритишининг халқаро нормалар ва стандартларига мослашишини тезлаштириш, Россиянинг жаҳон иқтисодий бозорига интеграциясини таъминлаш, бизнес ва ҳокимият ўртасида мулоқот ўрнатиш, Россия бизнесининг обрў-эътиборини оширишни ўзининг асосий вазифаси дея баҳоламоқда.
XS
SM
MD
LG