Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Тошкентдаги ўқитувчи ва врачлар ҳам пахтага ҳайдалади


Жорий йил пахта мавсумида Тошкент шаҳар ҳокимлиги буйруғи билан мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларининг олтидан бири пахта теримига жалб қилинади.

Ўқувчилар ўрнига ўқитувчилар пахта теради

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 185-сонли мактабдан ўнтадан ўқитувчи навбати билан пахтага чиқади.

Бу ҳақда Озодликка гапирган ушбу мактаб ўқитувчисига кўра, 3 сентябрдан 10 ўқитувчи пахта териш учун Жиззахга жўнатилади.

- Тайëргарлик кўришаяпти ўқитувчилар. Ҳали ким бориши аниқ эмаску, секин тайëргарлик кўришаяпти. Педсоветимизда кўриб чиқилади. Ким бориши маълум бўлади. Бизларга 10 та одам айтилди. Агар бир ойга бўлса пахтамиз, 15 кунга юборилади 10 киши, кейинги 15 кунга яна 10 киши юборилади. Икки ой бўлса, бир ойдан борилади,- деди ўзини таништирмаган ўқитувчи.

Тошкент шаҳридаги 22-сонли мактабдан 15 ўқитувчи Жиззах вилоятининг Зафаробод туманига пахта теримига боради.

Мазкур мактабнинг исмини ошкор қилмаётганимиз раҳбарларидан бирининг айтишича, ўқитувчилар пахтага кетган пайтда ўқувчиларни дарс машғулотларидан қолдирмасликка ҳаракат қилинади.

- Мана мисол учун шунақа дарсларимиз бор, бўлиб ўтиладиган дарсларимиз бор. Уларни қоплашга ҳаракат қиламиз. Ўқитувчиларнинг методик кунлари бор. Ўша ўқитувчиларни ўрнига қўйиб туриб қоплашга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир нарса барибир олдиндан режалаштирилади. Шуларнинг ҳаммасини ҳозир ишлаб чиқаяпмиз. Пахта дарсларга таъсир кўрсатмайди. Дарс соатлари ўз вақтида бўлади, Худо хоҳласа. Ҳаммаси яхши бўлади. Дарс берилган йиллик режа бўйича битта ҳам дарс соати қолдирилмайди,- деди 22-ўрта мактаб ходими.

Тошкент шифокорлари ҳам Жиззахда пахта теради


Тошкентдаги 1-сонли болалар клиникасининг 50 нафар шифокори пахтага кетиш тараддудини аллақачон бошлаб юборди.

Бу ҳақда клиниканинг ўзини таништирмаган маъсул ходими Озодликка маълум қилди.

- Жиззахнинг Арнасой районига 50та одамни 15 кунга жўнатаяпмиз. Ҳар 15 кунда смена алмашади. 50та одамга элликбоши тайинлаганмиз. Ошпаз бераяпмиз. Ëтоқ жойлар тайëр. У ерда коллеж тайëрлаб қўйишди замрайздравимиз бориб. Бизларнинг райондан 350 одам кетаяпти. Ҳаммасига ëтоқхона қилиб коллежни бўшатиб қўйишибди,- деди клиника ходими.

Маҳалла аҳли ҳам пахтага чиқади


Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Наққошлик маҳалла қўмитаси ходимининг айтишича, улар пахтага сафарбарлик борасида Тошкент шаҳар ҳокимлигидан махсус буйруқ олишган.

- Пахта масаласида хабар келди. Ўзимиз ҳозир бу ерда маҳалла раиси, маҳалла маслаҳатчиси, котиби ва посбони. Штатимизда тўртта одам. Энди шуларнинг рўйхатини бердик ҳозирча. Маҳаллада штат бўйича ишлайдиганлар булар. Маҳалла аҳолиси бўйича ҳали рўйхат сўрашмади. Энди тайëр бўлиб турибмиз. Бир кунликка одамларни йиғишимиз мумкин. Бир кун эрталаб бориб кечқурун қайтиб келадиган пахтага бўлса, одамларни бизлар йиғишимиз мумкин. Лекин кунлаб қолиб кетадиганига ҳали жавоб бера олмаяпмиз,- деди маҳалла қўмитаси фаоли.

Тошкентлик ҳар олти хизматчидан бири теримда қатнашади


Тошкент шаҳар ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз маъсул ходимига кўра, бу йилги пахта мавсумига шаҳардаги барча ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари жалб қилинади.

Унинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳар бир ташкилотдан ишчи-хизматчиларининг камида 16 фоиз қисми пахтага чиқарилиши шарт.

“Ташкилотлар ўз имкониятидан келиб чиқиб, ишчиларини пахтага навбати билан жўнатиши мумкин. Лекин ҳар бир ташкилотдан ҳар сафар жўнатиладиган одамлар сони ишхона ходимларининг 16 фоизидан кам бўлмаслиги керак”, деди хокимлик ходими.

Суҳбатдошнинг айтишича, Тошкент шаҳридаги ташкилот ва корхоналарнинг ишчи-ходимлари, маҳалла аҳли 3 сентябрдан бошлаб, Жиззах ва Сирдарё вилояти туманларига жўнатилади.

Йиллар давомида ўзбек пахтасини етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланиб келинаётгани ҳалқаро майдонда кескин танқидларга сабаб бўлаётган эди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2012 йилги пахта мавсумида ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Халқ таълими вазирлигига кўрсатма берган.

Тошкентликларнинг пахтага сафарбар қилиниши, Бош вазирнинг айни кўрсатмасини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадам ўлароқ баҳоланаяпти.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG