Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:38

Пермда Тожикистон фуқароси отиб ўлдирилди


Пермда ўз хотини ва 2 нафар боласини ўлдириш билан таҳдид қилган 38 ёшли Тожикистон фуқароси полициячи мерганлар томонидан отиб ўлдирилди.

Россия ИИВнинг Перм ўлкаси бўйича Бош бошқармаси Свердловск туманида ўз оиласини гаровга олган Тожикистон фуқаросига қарши олиб борилган махсус амалиёт давомида олинган видеолавҳани Интернетга чиқарди.




Перм ўлкаси ИИБси матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, 31 август куни кечки соат 17:10 ларда Пермнинг Янги Ляди қўрғонида номаълум шахс ўз аёлини гаровга олиб, уйни портлатиб юбориш билан таҳдид қилаётгани тўғрисида маҳаллий полиция бўлимига хабар келиб тушди.

Ҳодиса жойига етиб келган оператив ходимлар бу шахс бир аёл билан Мира кўчасидаги уйлардан биридаги квартирада жойлашиб олгани ва қаршилик кўрсатишга тайёр эканини аниқлашган. Полициячилар бу шахс билан олиб борган музокара давомида уй тўлиқ снайперлар ва махсус гуруҳ жангчилари томонидан назорат остига олинган, маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган.

Уйда яширинган шахс полициячилардан 300 минг рубл ва музокарани давом эттириш учун гаровга олинган хотинининг синглисини олиб келишни талаб қилган.

Музокара давомида бу шахс тоқати тоғ бўлгани ва уч дақиқадан кейин уйни портлатишини атйиб, таҳдид қилган. Аёлни ўлдириш учун унга пичоқ кўтариши билан бу шахс қўшни уйнинг томида жойлашиб олган снайпер томонидан ўнг елкасидан оғир яраланган. Кўп қон йўқотгани туфайли у “Тез тиббий ёрдам” машинасида жон берган.

Пермдаги Тожиклар жамияти раиси Раҳматулло Мазориев Озодликка бу шахс Тожикистон фуқароси эканини маълум қилди. Ўлдирилган тожикистонлик 38 ёшли йигитнинг исми Муборакшо экани, у Жалолиддин Руми ноҳиясидан экани айтилмоқда.

Тожиклар жамияти раиси Муборакшонинг жасади шу кунларда Екатеринбург орқали Душанбега жўнатилишини қўшимча қилди.

Полиция ўлдирилган шахснинг исми-шарифини очиқламаётгани боис, дастлаб унинг фуқаролиги ва миллатига оид турли тахминлар бор эди.

Жамият фаолининг сўзларига қараганда, 38 ёшли бу йигит рус хотини билан анчадан буён никоҳлари қонуний қайдга олинмаган ҳолда бирга яшаб келишган. Уларнинг икки фарзанди - 7 яшар ўғли ва 6 яшар қизчаси бўлган.

Перм терговчиларининг дастлабки тахминларига кўра, эр хотинидан ўзини улар яшаб келаётган квартирага доимий пропискага қўйишни талаб қилган. Бунга уйнинг эгаси бўлган хотин рози бўлмаганидан кейин, катта жанжал келиб чиққан.
XS
SM
MD
LG