Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Пахтани болалар ўрнига ўқитувчилар теради


Бу йилги пахта йиғим-терим мавсумига болалар жалб қилинмаслигини айтаётган Ўзбекистон ҳукумати ишчи-хизматчилар кучидан максимум даражада фойдаланмоқда.

“Болалар ўқисин, биз пахта терамиз”

Тошкентдаги 163-мактабнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, жорий йилда қишлоқ болаларини пахта теримига жалб қилмаслик мақсадида пойтахтдаги ишчи-хизматчилар пахтага жўнатилаяпти.

- Кеча мажлис бўлиб ўтди "районо" (туман халқ таълими бўлими-таҳр) мудири қошида. Ундан олдинги кунлар ҳам мажлис бўлган эди долзарб масала пахта масаласида. Нима десам бўлади, бизга шунақа тушунча берилдики, фарзандларимиз ўқиши керак. Қишлоқ мактабларидаги фарзандларимиз ҳам ўқишлиги учун яқиндан ëрдам беришимиз керак. Бутун Ўзбекистоннинг боласи ўқиши керак. Бола агар пахта тергани чиқиб кетса, қанақа қилиб ўқийди? Шарт-шароит яратилган бўлса ҳам дарс бўлмаса, пахтазорга тушиб кетса далага пахта тергани. Ана шу ëшларимиз билим даражаси тушиб кетмаслиги, билим олишлари учун биз ўзимизни сафарбар қилаяпмиз,- дейди мактаб ходими.

Тошкент шаҳар Чилонзор ва Ҳамза туманларидаги маҳалла қўмиталари томонидан пахтага жўнатилган ҳашарчилар Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани Соҳил жамоа хўжалигидаги 30-мактабга жойлаштирилди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз чилонзорлик ҳашарчилардан бирининг айтишича, ҳозирча шароитлар қониқарли.

- Шароитларимиз яхши. Мактабнинг биринчи этажига биз жойлашдик, иккинчи этажига Ҳамза тумани жойлашган. Кеча келиб, бугун эрталабдан бери далага чиқиб пахта теримини бошлаб юбордик. Шароит яратилган. Тошкентдан келган ҳар бир теримчи ўзининг кўрпа-тўшаги билан, раскладушка (йиғма каравот-таҳр.) билан, бошқалари билан келинган. Икки маҳал иссиқ овқат. Эрталаб чой-нон, қанд. Миллий ифтихоримиз бўлган оқ олтинимизни териб, вақтида давлатимизга топширсак, ëруғ юз билан Тошкентга қайтамиз. Бир кунлик нормамиз 50 килограмм. Бир кило пахтага бугунги кунгача фермерларимиз 150 сўмдан тўлашга ваъда қилишаяпти,- деди ҳашарчи-суҳбатдошимиз.

Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими вилоятдаги айрим мактабларга пойтахтлик ҳашарчилар жойлаштирилганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, мактабларнинг ҳашарчилар учун ётоқхонага айлантирилгани ўқувчиларнинг дарс машғулотларига ҳалақит қилмаяпти.

“Биз барчасини режалтирганмиз. Дарс машғулотлари икки сменада ташкил қилинган. Болалар ўқияпти. Дарслар тўхтамади.” деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси ходими.

Озодликка маълум бўлишича, Сирдарёдаги мактабларнинг барчасида ҳашарчилар гуруҳлари ташкил қилиниб, пахта теримига жалб қилинган.

Тошкентдаги 169-мактабнинг 13 нафар ўқитувчиси Жиззах вилояти Ўзбекистон тумани Манас хўжалигига 5 сентябр куни жўнайди.

Ўз ташаббуси билан пахта теримига кетаётганини айтган бу мактаб ўқитувчиси Азимжон Эрназаровнинг айтишича, улар дала шийпонига жойлаштирилади.

- Энди шу пахта йиғим-теримига ўзимизга керакли бўлган кийимларни, пойабзаллар ëки пахта теримига нима зарур бўлса, барча нарсаларни тайëргарлик қилиб қўйдик. Ўзимиз билан биргаликда мана кўрпа-тўшак, ëтоқ жойимизни олдик. Раскладушка албатта олдик,- деди Азимжон.

Ҳашарчи касал бўлиб қолди

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ходими, Озодлик билан суҳбатда, пахта мавсумига тайёргарлик яхши ташкил қилинганини таъкидлади.

Унинг айтишича, маҳалладан икки киши пахтага жўнатилган, бироқ уларнинг бири касал бўлиб қолгани боис қайтиб келган.

- Иккита одамни жўнатган эдик бизлар. Биттаси жамғарма раисининг ўзлари билан кетган эдилар. Биттасини мен ўзим поездда олиб бордик. Сирдарëга олиб бориб ташлаб келдик. Сирдарëга олиб борганимизда, битта фаолимнинг мазаси қочиб қолдида. Уни қайтиб олиб келдим. Сал жигари касал экан. Улар энди язва бўйича поликлиникада рўйхатда турадилар. Кола ичиб, нимадир бўлдида, мазалари қочиб қолдида, қайтиб олиб келдим. Бир-икки кунда яхши бўлиб қолсалар, ўзим олиб бориб қўяман. Битта ҳашарчимиз ўша ерда лекин,- деди суҳбатдош.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2012 йилги пахта мавсумида ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Халқ таълими вазирлигига кўрсатма берган.

Бош вазирнинг айни кўрсатмасини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадам ўлароқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги буйруғи билан мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларининг олтидан бири пахта теримига жалб қилинди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG