Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:30

Йўлсоз раҳбар азим Бухоро шаҳрига ҳоким бўлди


Бухороликлар янги раҳбарнинг, жилла қурса, собиқ совет замонидан мерос йўлларни созлаб беришига умид боғламоқда.


Бухоро шаҳрига янги ҳоким этиб, бир неча йиллар давомида “Навоийавтойўл” ширкатининг йўл эксплуатацияси ҳудудий директори лавозимида ишлаган Валижон Ўринов тайинланди.

Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлигининг расмий сайтида берилган хабарга кўра, Валижон Ўриновни шаҳар ҳокими қилиб тайинлаш қарори халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинган.

Шаҳар ҳокимлиги расмийларидан олинган маълумотга кўра, 54 ёшларни қоралаган Валижон Ўринов шаҳарликлар учун кутилмаган раҳбар бўлди.

- Биз ҳам у кишини таниймамиз ҳали. Биринчи марта кўриб турибмиз. Навоийда йўлқурилишда ишлаган экан, шу ёқдан келтириб ҳоким қилиб қўйдилар, - деди Бухоро шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси.

Бунга қадар Бухоро шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган Ҳайит Комилов эса, вилоят ҳокимлиги сайтидаги расмий хабарда айтилишича, ўз хоҳишига кўра лавозимидан бўшатилган.

Шу йилнинг июн ойида атига 1 йилу 3 ой шаҳар ҳокими вазифасини бажаришга улгурган Ҳайит Комиловнинг бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олингани ҳақида Озодлик ўз манбаларига таяниб, хабар қилган эди.

- Айтишларича, собиқ ҳоким ер тақсимланиши бўйича айбланяпти. Шаҳар ҳокими ер тақсимланиш бўйича корхона бўладими, жисмоний шахс бўладими қарор чиқариб беради. Мана шу ер тақсимланишида қандайдир жиноятлар қилган¸ деган хабарлар бор. Ўзи бир йил олдин у ҳоким вазифасини ижро этувчи этиб тайинланган эди,- деган эди ўшанда Озодлик манбаларидан бири.

Бухоро шаҳрида истиқомат қиладиган инсон ҳуқуқи фаолларидан олинган маълумотларга кўра, собиқ ҳоким илгари газ таъминоти соҳасида ишлаган пайтда ҳам содир қилган иқтисодий жиноятлари бўйича айбланаётгани ҳақида норасмий маълумотлар олинган.

Собиқ ҳоким шу кунларда ҳам ҳибсда қолаётгани ҳақидаги норасмий маълумотларни инкор қилмаган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ва шаҳар Ички ишлар бўлими вакиллари Ҳайит Комилов тақдирига оид маълумот беришдан бош тортди.

Бухорода истиқомат қиладиган фермер Бобомурод Раззоқовга кўра, халқ орасида ҳам собиқ ҳокимнининг ҳибсга олинганидан бошқа пичоққа илингулик гап йўқ ва бу кейинги пайтларда ёппасига коррупцияда айбланиб, ишдан олинаётган аксар раҳбарларнинг тақдирига хос умумий ҳолатдир.

- Ўзи қисқагина ишлади у ҳоким. Кейин коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинганини эшитиб қолдик. Шу бўйи бошқа гап-сўз йўқ,- дейди Бобомурод Раззоқов.

Аввалига Бухоро шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникация, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Ҳайит Комилов ўтган йилнинг март ойида ҳоким вазифасига тайинланган эди.

Ҳайит Комиловга қадар Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини узоқ йиллар Карим Жамолов бажарган.

Эндиликда Навоий вилоятидан олиб келиниб, шаҳарга ҳоким қилинган йўлсоз раҳбар Валижон Ўриновдан шаҳарликларнинг умиди катта.

- Агар йўлсоз бўлсалар, у кишига шаҳарнинг ўзида қиладиган ишлар кўп. Шаҳар йўлларининг кўпи расво бўлиб кетган. Собиқ совет замонидан бери таъмир кўрмаган йўллар бор. Ўша йўлларни ремонт қилиб, ободончилик ишларини давом эттирса, яхши бўларди, - дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.

Ўтган йили декабр ойида Бухоро вилоятининг ҳокими ҳам алмашган ва қарийб 15 йил ҳокимлик қилган Самойидин Ҳусейнов коррупция ҳамда уруғ-аймоқчилик билан боғлиқ иддаолар билан лавозимидан четлаштирилган эди.

Айни пайтда Самойдин Ҳусейновнинг тақдири ҳам мавҳум қолмоқда.

У ишдан олинганидан сўнг Қишлоқ хўжалиги бўйича Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Муҳиддин Эсонов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
XS
SM
MD
LG