Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:27

Термизлик проректор талабаларни калтаклаяпти


Термиз Давлат университети талабаси олийгоҳнинг ўқув ишлари бўйича проректори Шукур Хуррамов пахта нормасини бажармаган талабаларга нисбатан куч ишлатиб, уларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилаётганидан шикоят қилди. Профессор Хуррамов Озодлик билан суҳбатда талабаларга тарсаки тушириб туришини тасдиқлади.

Термиз Давлат Университети филология факултетининг 661 нафар талабаси 5 сентябрдан бери Сурхондарёнинг Музробод тумани Пари қишлоғида пахта термоқда.

Университет маъсулларига кўра, талабаларга 60 кило кунлик норма белгиланган ва филология факултети талабалари кунига 39 тонна 660 кило пахта териб топшириши лозим.

Ҳозирда факултет талабалари кунда жами 34-36 тонна пахта термоқда.

Ўзини Фарҳод деб таништирган талабанинг Озодлик билан ўзаро суҳбатда айтишича, кунлик норма бажарилмаётгани учун талабаларга босим ўтказилмоқда. Пахта штаби бошлиғи - Термиз Давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Шукур Хуррамов талабаларни калтакламоқда, дейди Фарҳод.

- Термиз Давлат Университети проректори Шукур Хуррамов ҳар куни кечқурин университет штабида кам терганларни, масалан, ўғил болаларни шапалоқлаб яъни тарсаки туширади. Буни ўз кўзим билан кўрдим. Масалан, кунлик 60 кило норма бўлса, 40 кило терганга ҳам тарсаки тушириб юбораяпти,- дейди Фарҳод.

Шунингдек, Фарҳоднинг гапларига кўра, проректор Хуррамов нормани бажармаган талабаларни ҳақорат қилиб, уларнинг шаънига ёмон сўзлар айтиб, изза ҳам қилаяпти.

- “Одаммассан, ифлоссан, одамнинг боласи эмассан, итнинг боласисан”, каби сўзлар билан ҳақорат қилади. Изза қилишади. Роса ўтказиб юборишади. Талабаларнинг аҳволи умуман инобатга олинмайди. Уларнинг орасида касали бор. Лекин буларга умуман қаралмайди,- дейди Фарҳод.

Озодлик 68 ёшли профессор Шукур Хуррамов билан телефон орқали боғланди. Проректор талабаларга нисбатан куч қўллаб туришини тан олди.

- Қаттиққўллик қилмасдан бўшаштириб юборайликми? Битта талабимиз, пахта теринглар, вилоят ҳокими томонидан берилган 60 кило нормани бажаринглар деяпмиз. Бошқа талаб йўқ. Менга қаранг студент термагандан кейин, студент қочиб кетгандан кейин, студентга гапирамиз. Битта-яримта тарсаки урган бўлсак, ургандирмиз. Хулиганлик қилган бўлса. Кўзини қўрқитиш учун тер деб мажбур қилаяпмиз. Бошқа ортиқча талаб бўлгани йўқ. Нормани талаб қилаяпмиз холос. Республика бўйича ўша 60 килограм нормада белгилаб берилган бўлса, биз ҳам юқорининг топшириғини бажариш мақсадида ҳаракат қилаяпмиз. Шу 60 килограмм нормани бажарасиз. Бажармасак бўлмайди, гап эшитамиз деган мақсадда гапираяпмиз,- дейди Шукур Хуррамов.

Жорий йилнинг июн ойида ҳам Термиз Давлат университетининг бир гуруҳ талабалари Озодликка мурожаат қилиб, ўтган йилги пахта мавсумида пахта пули деканлар томонидан ўзлаштирилганини даъво қилган эди.

Ўшанда Термиз университети ректори ўринбосари (у кишининг исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрдик) талабаларнинг пахта пули деканлар томонидан ўзлаштиргани ҳолати бўйича шаҳар прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилганини тасдиқлаган, бироқ тергов натижаларини ошкор қилишни истамаган эди.

Ўзбекистонда пахта мавсумида домлаларнинг талабаларга нисбатан куч қўллаш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йилги пахта мавсумида Қорақалпоғистон Давлат университети Химия-технология факултети декани Максет Айимбетовнинг талаба йигитларни дўппослагани акс этган видео Youtube порталига жойлаштирилган эди.

Шу пайтгача зўравон домлаларнинг бирортаси жавобгарликка тортилган ҳолати маълум эмас.
XS
SM
MD
LG