Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:22

"Ўзкабель" бошлиғи ҳибсга олинди


Мирҳаëт Ҳакимов.
Мирҳаëт Ҳакимов.

Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ Марказий Осиëдаги энг йирик кабел заводи ҳисобланган "Ўзкабель" қўшма корхонаси раҳбари ҳибсга олинган. Корхона ходими Озодлик билан суҳбатда бу хабарни тасдиқламади ҳам¸ инкор ҳам этмади.

Тошкентда “Ўзкабель” ОАЖ қўшма корхонаси бош директори Мирҳаёт Ҳакимов ҳибсга олинди.

Марказий Осиёда энг йирик бўлган корхонада юз берган бу воқеа тўғрисида биринчи бўлиб 18 сентябр куни маҳаллий “Ўзметроном” сайти эълон қилган бу хабарни “Ўзкабель”нинг икки масъул ходими Озодлик саволига жавоб берар экан, инкор этмади.

Корхона касаба уюшмаси ходими Озодликнинг “Бош директорингиз ҳибсга олиндими?” деган саволига “Биз бундай информация бермаймиз”, деб жавоб берди.

“Ўзкабель” бош директори қабулхонасидаги телефонни кўтарган котиба ҳам Мирҳаёт Ҳакимовнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги саволга жавоб беролмаслигини айтди, бироқ унинг айтишича, “бош директор вазифасини Умаров Фаррух Раҳматжонович” бошқармоқда.

Фаррух Умаров билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Uzmetronom Интернет газетасига кўра, “Ўзкабель” бошлиғи “уни ишга жойлаган бўлиши мумкин бўлган йирик ўзбек тадбиркорига қариндош эканлигига қарамай” қамоққа олинган.

Тадбиркорнинг ким эканлигини манба келтирмаган.

Озодлик манбалари ўша тадбиркорнинг Ғафур Раҳимов ёки Салим Абдувалиев бўлиши мумкинлигини тахмин қилдилар.

Бироқ яна бир кузатувчининг фикрича, гап бундан бир неча йил муқаддам Фарғонадан Россияга кўчиб кетган ака-ука Кашаповлар бўлиши мумкин.

Озодлик билан исмини айтмаслик ва овозини эшиттирмаслик шарти билан гаплашган мутахассис бундай деди:

- Бундан 7 – 8 йил олдин фарғоналик ака-ука Кашаповлар Россияга, Саратовга кўчиб кетган, у ерда кабель ишлаб чиқарувчи бир-икки корхона акцияларининг назорат пакетини сотиб олган ва сўнгра “Ўзкабель”нинг ҳам акциялари назорат пакетини сотиб олишган, деган гаплар пайдо бўлган эди. Икки-уч йил ўтганидан сўнг Кашаповларнинг ўзлари Фарғонага келганида бу гапни тасдиқлаган эди. Ўшанда бўлган гап бўйича, “Ўзкабель” акциялари назорат пакети Кашаповларда бўлса, қолгани оиланики, дейилган, деди кузатувчи.

Қайси оилани назарда тутаяпсиз, деган саволга суҳбатдошимиз “Энг юқоридаги оилани” деб жавоб берди.

“Ўзкабель” қўшма корхонаси акциядорлари тўғрисидаги маълумотни унинг сайтидан топа олмадик.

Uzmetronomнинг ёзишича, корхона акцияларининг 49,53% Хитойнинг Gulf Cable Trading компаниясига, 34,55%, Бирлашган Араб амирликларининг Adel al Hussan General Trading компаниясига, қолгани меҳнат жамоаси ва миноритар акциядорларга тегишли эканлиги айтилган.

Бош директорнинг ҳибсга олиниши ортидаги сабаблар тўғрисида фикр юритар экан, Озодлик манбаси “Бу Зеромакс, МТС-Ўзбекистон ва бошқа компаниялар билан боғлиқ ишларни ёдга солаяпти”, деди.

Суҳбатдошимиз ҳибсга олингани айтилаётган Мирҳаёт Ҳакимовнинг шахси тўғрисида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Uzmetronomнинг хабар қилишича, “Ўзкабель” ОАЖ қўшма корхонасининг 37 га кирган бош директори Мирҳаёт Ҳакимов “хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш оқибатида давлатга иқтисодий зарар етказган”ликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Ҳибснинг эҳтимолий асл сабаблари тўғрисида ёзар экан, сайт Ҳакимовнинг манфаатлари ўзи ишлаётган соҳадаги бошқа бир қудратли тадбиркорнинг манфаатлари билан кесишиб қолганини ёзди.

Uzmetronom эълон қилган яна бир қизиқ маълумот будир: “Ҳакимов бир неча йил олдин корхона биноси ертўласида махсус карцер қуришни буюрган ва у ерда қоидабузарликка йўл қўйган ишчи ва инженер-техник ходимларни жазолаганлар.

Уларни шахсан Ҳакимовнинг ўзи калтаклаган. Ишчиларнинг айтишича, 2012 йилни “Ўзкабель” раҳбарияти Мадагаскар оролида кутиб олган, ваҳоланки, ўша пайтда иш ҳақини тўла ололмаётган эди”.

Кабель. РФ сайти маълумотларига қараганда, “Ўзкабель” корхонаси 1941 йили Россиядан эвакуация қилинган “Электрокабель” базасида қурилган.

“Ўзкабель” маҳсулоти Россия, Украина, Белaрус, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой ва Эронга экспорт қилинади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG