Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:28

Ўзбекистонлик диндор Россияда бедарак йўқолди


Ўзбекистонлик 32 яшар диндор Зафар Бўтаев Россияда бедарак йўқолганидан икки ярим ой ўтиб ҳам яқинлари унинг қаерда эканини билишмаяпти.

Бўтаев июн ойи оxирида Тула шаҳридан поездда Озарбайжонга йўл олган, лекин манзилига етиб бормаган.

Ўшандан буён уни қаердалигини қариндошлари билмасликларини айтишади.

- Мана икки ярим ой, 24 июндан бери йўқ акам, телефони ўчган, дейди Зафар Бўтаевнинг Тула шаҳрида яшовчи укаси Жонибек.

Россия хавфсизлик идоралари Бўтаевни суриштиравергач, у Озарбайжон орқали Туркияга ўтиб кетмоқчи бўлган.

- 24 июнда йўлга чиққанди. Ўзим поездга чиқариворгандим. Кейин билсак уни чегарада, Россиянинг Доғистонида олиб қолишган. Акамни кутиб оладиган танишимиз проводникдан сўраган экан, Россияни чегарачилари қўлига кишан солиб, ҳеч нима демай олиб кетди болани дебди. Ўшандан буён акам дом-дарак, телефони ўчган, уйдагилар ҳам билишмайди, дейди йўқолган диндорнинг укаси Жонибек.

Термизлик ака-ука диндорлар Зафар ва Жонибек Бўтаевлар беш йил аввал Ўзбекистондаги таъқиблардан Қозоғистонга қочишган, 2010 йилда эса Россияга келишган.

Зафар Бўтаев Ўзбекистонда ваҳобийлик диний оқимига мансублик ҳамда ноқонуний диний адабиётларни тарқатганликда айбланмоқда.

- Беш йил аввал ошноларимизни 159 билан қамаворганидан кейин, чиқиб кетишга мажбур бўлгандик. Оддий “Aмри маъруф” ёзилган дискларни тарқатгансан, деб олиб кетишганди. Акамни ҳам 244-модда, диний оқимларга аъзолик, диний адабиётларни тарқатганликда айблашган. Лекин у дело очилишидан олдин Қозоғистонга чиқиб кетганди. Икки йил аввал Қозоғистонда диндорлар ушланиб Ўзбекистонга топширилганидан сўнг Россияга келгандик, дейди 29 яшар Жонибек.

Айни пайтда Россия чегара хизматидагилар ҳам Ички ишлар вазирлигидагилар ҳам Озодликка Зафар Бўтаев ҳақида билмасликларини айтишган..

Ўзбекистонлик диндорларнинг Россия ва Қозоғистонда бедарак йўқлиши биринчи бор кузатилаётгани йўқ.

Россияда ғойиб бўлган ўзбек диндорларининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати хибсхонасидан дараги чиққани ҳолатлари кўп бўлган.

Россиядаги “Фуқровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинанинг Озодлик радиосига айтишича, Россия ҳудудида қочқинлик мақоми билан юрган ёки қочқинлик мақоми сўраган шахсларнинг ўзбек махсус хизматларига бериб юборилиши ҳолатлари ортида Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг қўли борлигига шубҳа қилмайди.

- Ўтган йили Санкт-Петербургда ўзбек фуқароси Рустам Зоҳидов куппа-кундузи ўғирлаб кетилганди. Маълум бўлишича, Рустамнинг уйига икки нафар ўзини полиция ва Миграция хизмати ходимлари деб таништирган шахс келиб, уни “ҳужжат текшируви” баҳонасида олиб кетган ва тўғри Пулково аэропортига олиб бориб, Ўзбекистонга бериб юборган. Кейин унинг дараги Самарқанд шаҳар хавфсизлик хизмати ертўласида эканини аниқладик, дейди Ганнушкина.

Жонибек Бўтаев ҳам акасининг Россиядан Ўзбекистонга бериб юборилган бўлиши мумкин, деган гумонда.

- Икки ярим ой ўтди. Телефони ўчган. Қаерда бўлиши мумкин. Россия ҳуқуқ тартибот органлари ҳибсга олган бўлишса шунча вақт ушлаб турмайдику. Ҳозир биз Россия идораларига акамни қаердалигини аниқлаб беришни сўраб, запрос жўнатганмиз, жавобини кутаяпбмиз, дейди ўзбекистонлик диндорнинг укаси Жонибек.

Ўз навбатида Россиядаги “Фуқровий кўмак” ташкилоти ҳам Зафар Бўтаевни топиш ҳаракатига тушган.
XS
SM
MD
LG