Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:30

Жиззахда "қўйлар қирғини" давом этмоқда


Вакцинадан ўлган қўйлар ёқиб юборилмоқда.
Вакцинадан ўлган қўйлар ёқиб юборилмоқда.

Жиззах вилоятида чечак касалига қарши эмлашдан ўлган қўйлар сони ошиб бормоқда. Озодлик манбаларига кўра¸ ҳаром ўлган қўйлар гўшти Тошкент ва Самарқандда арзонгаровга сотилган¸ шунингдек колбаса цехларига топширилган. Ҳозирча сирли касалдан ўлган қўй гўштини ейиш билан боғлиқ инсоний талофатлар ҳақида маълумот йўқ.


Вакцина қилинган қўйлар гўшти сотилаяпти

Озодликнинг маҳаллий манбаларига кўра, қўйлари чечакка қарши вакцина қилинган айрим жиззахликлар қўйлари ўлишини кутмасдан¸ уни сўйиб гўштга топшириб юбораяпти.

Ғаллаорол туманида яшовчи Набижон Жўрабоевнинг Озодликка айтишича, камбағал оилалар арзонлиги учун бу гўштни сотиб олаётган ҳолатлар ҳам учраяпти.

- Қўйлар ҳали ҳам ўлаяпти. Ўша укол қилинганлардан. Энг ëмон жойи укол қилинган қўйлар ўлиб қолмасин¸ деб тириклай сўйиб Тошкентга, Самарқандга, Жиззахда қассобхоналар холодилникларига тиқиб ташлаган олиб бориб. Тошкентга кечаси олиб бориб 6000-7000-8000 дан топшириб келаяпти. Қўй гўшти бизда 17 минг. Тошкентларда 25 мингларгача. Ўтган куни кечаси бир КамАЗ қўйни сўйиб ГАИ билан гаплашиб олиб ўтиб кетган Тошкентга қаратиб. Ўзимнинг таниш одамларим саккиизта-тўққизта олиб бориб 7000-8000 дан топшириб келаяпти. Энг ëмони¸ суягидан шилиб олинган лаҳм гўштни олиб бориб Самарқандга колбаса цехга топшириб келаяпти. Менинг ўзимга келди “7000-8000 дан оласизми? 25-30 кило сўйиб олиб келиб бераман” деяпти. Бир хиллар олаяпти камбағаллар, бир хиллар олмаяпти, деди Набижон Жўрабоев.

Жиззахдан олинган маълумотларга кўра, эмлашдан зарарланган қўйлар гўшти асосан, Тошкент ва Самарқандга олиб кетилмоқда.

Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Жиззахдаги қўйларни эмлаш воқеасидан бехабарлиги ва бугунги кунда Жиззахдан олиб келинаётган гўштлар билан муаммо бўлмаганини айтди.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемология бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими эмлашдан зарарланган қўйлар гўштининг Тошкент бозорларига олиб кириш ҳолати бўлганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, бугунги кунда Жиззахдан Тошкентга қўй гўшти олиб келиш тақиқланган.

Эмланган қўйлар воқеасини мустақил ўрганаётган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича, айни пайтда маҳаллий қассоблар эмланган қўйлар гўштини сотиб олишни давом эттирмоқда.

- Ўлган қўйнинг гўштлари¸ асосан¸ Тошкентга кетаëтган эди. Лекин ҳозир Тошкент запрет қилиб ташлаган. Тошкентга олиб кетган қассобларнинг КамАЗларда тонна-тонна гўштларни қайтариб юбораяпти орқага. Қабул қилмаяпти Тошкент. Айнан қўй гўштини фақат. Ҳозир қайтиб келган қўй гўштлари колбаса цехларига сотилаяпти. Ғаллаорол туманининг Бахмалсой қишлоғида кейин Жиззах шаҳрининг чеккароқ жойлари бор. Гулли деган қишлоғи бор. Ўша ердан қассоблар териб юрибди. Кейин Темирязов деган жойлар бор. У ерда ҳам қассоблар оралаб юрибди. Бир хил жойларда қассобларни ушлабди¸ деб эшитдик. Жиноят-қидирув бўлими болалари ушлаб олиб кетиб тергов қилаяпти¸ деб эшитдик. Айрим жойларда умуман иши йўқ. Бемалол машиналарга ортиб олиб кетаяпти, дейди Ўктам Пардаев.

Жиззах вилоят Ички ишлар бўлимининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, бугунги кунда Жиззах бозорларида қўй гўшти сотиш тақиқланган.

- Ҳозир Жиззахнинг бирорта бозорида, бирорта гўшт дўконида қўй гўштини кўрмайсиз. Фақат мол гўшти. Биз эмланган қўйларнинг гўштини олиб чиқиб кетилишини олдини олиш учун вилоятнинг барча чиқиш жойларига постлар ўрнатганмиз. Ҳозир эмланган қўй гўшти чиқарилмаяпти. Лекин бошида бир-иккита олиб чиқиш ҳолатлари бўлди. У ҳам бозорга сотилмаган. Фақат колбаса цехлари ва чўчқахоналарга топширилган. Чўчқахоналарда энди чўчқаларга едириш учун олишган, деди милиция ходими.

Ўлган қўйлар гўштидан итлар қутираяпти


Ўктам Пардаевнинг айтишича, қишлоқларда канал бўйларига ташланган эмлашдан ўлган қўйлар гўштини еган итлар орасида қутириш касаллиги бошланган.

- Каналларга ташлаб юбораяпти одамлар ўлган қўйларини. Ўлган қўйларни еган кучуклар ҳам оғзидан қандайдир кўпиклар, сўлаклар оқиб, қутураяпти. Ҳозир кучукларни ҳам отаяпти қутурганлиги учун. Итлар одамларга қараб ириллаб кўпиклар, сўлаклари оққанлиги учун одамларни тишламаслиги учун отаяпти. Ички ишларга хабар беришаяпти. Рўйхат қилиб, отиб, назорат қилаяпти, дейди Ўктам Пардаев.

Айни пайтда¸ одамлар орасида эмланган қўйлар гўштидан зарарланиш ҳолатлари қайд қилингани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Бугунги кунда Тошкентдаги Ветеринария хизмати Бош бошқармасида Жиззахдаги эмланган қўйлар воқеаси бўйича махсус штаб тузилган.

Исмини ошкор қиламётганимиз штаб ходимига кўра, Жиззахдаги қўйлар мамлакатга ноқонуний йўл билан олиб келинган дорилар билан эмланган.

- Бизлар ҳам ҳозир сабабларини қидираяпмиз шуни. Асосий сабаб¸ ноқонуний контрабанда йўли билан олиб келиб ноқонуний тарзда сотишда энди. Номаълум бир дори, у вакцина эмас, номаълум. Биз ҳам ҳозир илдизига ета олмаяпмиз. Нимани олиб келган, нима қилган, деди штаб ходими.

Расмийлар ҳозирча аҳолига эҳтиёт чораси ўлароқ қўй гўшти емаслик, колбаса ва бошқа гўшт маҳсулотларини ҳам емай туришликни тавсия қилиш билан чекланмоқда.

Қўшни Қирғизистонда ҳам айни эпидемия


Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида ҳам худди Жиззахдаги каби эмланган қўйларнинг ўлиш ҳолати кузатилмоқда.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Абдишарип Бекиловнинг айтишича, бугунги кунда Сузоқда эмлашдан сўнг ўлган қўйлар сони 716 тага етган.

Бекиловга кўра, Сузоқдаги қўйлар чечак касаллигига қарши вакцина қилингач ўлишни бошлаган.

- Вакцина ветеринария дорихонаси бўлган Тошпўлатов деган кишидан сотиб олинган. У эса бу вакцинани номаълум кишилардан харид қилган. Сузоқ туманида ўлган қўйлар диагностика қилинганида уларда ҳеч қандай юқумли касаллик аниқлангани йўқ, деди Бекилов.

Ўзбекистон матбуоти Жиззахдаги эмланган қўйлар воқеаси бўйича сукут сақлаётган бир пайтда, қўшни қирғизистонликлар бу масалани парламентда муҳокама қилди.

Қирғизистон парламентининг 15 сентябр кунги йиғилишида хабар қилинишича, Сузоқда жами 1960 та қўй вакцина қилинган ва сифатсиз вакцинани сотган киши қочиб кетган.

Бугунги кунда Жиззахда қанча қўй эмлангани ҳақида маълумот йўқ. Жиззахлик манбаларнинг айтишича, эмлашдан ўлган қўйлар сони 50 мингга етиб қолган.
XS
SM
MD
LG