Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:01

Атамбаев: ГЭС Ўзбекистонга фойдали лойиҳа


Президент Алмазбек Атамбаев расмий Тошкент қурилишига қаршилик қилаётган Қамбарота -1 ГЭСини бунёд этишга Ўзбекистонни жалб қилиш ниятида собитлигини яна бир бор таъкидлади.

Президент Алмазбек Атамбаев 26 сентябр куни кечқурун Қирғизистон жамоатчилик телеканали орқали қилган чиқишида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев расмий Бишкекнинг Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши тўғрисидаги қарорини тўғри деб ҳисоблашини билдирганини айтди.

Россия президенти Владимир Путиннинг 20 сентябрда Бишкекка қилган расмий сафри чоғида Қамбарота-1 ва Норин ГЭС каскадларини қуриш юзасидан икки томонлама шартнома имзоланган эди. Қиймати қарийиб 2,5 миллард долларга тенг бўлган бу лойиҳаларни Россия томони тўлалигича молиялаштиришни ўз зиммасига олган. Атамбаевга кўра, лойиҳанинг бир қисми бўлган Норин ГЭС каскадлари қурилиши 2013 йилдан бошланади.

- Март –апрел ойларида Юқори Норинда 4 та ГЭС каскади қурилишини бошласак бўлади. Бу лойиҳанинг техник асоси феврал ойида тайёр бўлади, -деди Алмазбек Атамбаев.

Атамбаев Қамбарота -1 ГЭСи қурилишига Ўзбекистон қаршилик қилаётганига муносабат билдирар экан, мазкур лойиҳа Шўролар даврида Тошкентдаги илмий –тадқиқот институтларидан бирида ишлаб чиқилганини эсга олиб ўтди.

Атамбаевнинг айтишича,Қамбарота-1 ГЭСидаги сув қиш ойларида Тўқтоғул сув омборига қуйилади. Бу сувни ёз мавсумида Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистонга беради. Атамбаевга кўра, шу жиҳатдан ҳам лойиҳа Ўзбекистон учун фойдалидир. Қирғизистон президенти ўз чиқишида ГЭС қурилишида Ўзбекистон билан ҳаморлик манфаатли бўлишини ва бу лойиҳага Ўзбекистонни ҳам жалб этиш ниятида собит эканини айтди.

- Албатта, Қамбарота-1 ГЭси қурилиши бир оз кечроқ бошланади. Биз шошмасдан, қўшни давлатларни кўндириб, уларга лойиҳанинг манфаатли эканини тушунтириб, ҳамкорликда иш бошласак яхши бўлади. Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши бўйича ҳамма ҳужжатлар тайёрланган ва имзолаб бўлинган, -деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон президенти ўз чиқишида Россия ҳарбий базасининг Қирғизистондаги ҳозирлиги масаласига ҳам тўхтаб ўтди. Унинг айтишича, 2009 йилда собиқ президент Қурманбек Бакиев Россиянинг Қантдаги авиабазасининг Қирғизистонда 74 йил қолиши тўғрисидаги шартномани имзолаган. Президент Путиннинг 20 сентябр куни Бишкекка қилган расмий сафари чоғида бу масала қайта кўриб чиқилиб, Қирғизистон учун манфаатли бўлган шартнома имзоланган.

- 2009 йилги меморандум бўйича рус базаси Қирғизистонда 49 йилга қолиб, кейин унинг ҳозирлик муддати автоматик тарзда яна 25 йилга узайтирилар эди. Яъни Россия базаси 74 йил бу ерда бўлар эди. Биз эса Қирғизистон манфаатларини ҳисобга олиб, 15 йиллик шартномани имзоладик. Бу шартнома 5 йилдан кейин кучга киради, -деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон президентининг айтишича, мамлакат ҳудудидаги Россия ҳарбий ҳаво базаси юзасидан имзоланган шартномага яна бир ўзгартиш киритилган. “Бу ўзгартишга асосан бундан буён Қирғизистонга бошқа бирон давлат ёки террорчилар ҳужум қилса, Россия бизнинг давлатимизни ҳимоя қилади”, деди Алмазбек Атамбаев.
XS
SM
MD
LG