Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Остона сув масаласида Тошкент билан якдилми?


Марказий Осиёда ГЭСлар қурилиши бўйича Тошкент позициясини қўллаган Остона, айрим экспертлар фикрича, вақти келганда бу қарордан воз кечиб юбориши мумкин. Айни пайтда бунинг аксини таъкидлаётган экспертлар ҳам бор.

26 сентябр куни телефон орқали мулоқот қилган Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Сирдарё юқорисида ГЭСлар қурилиши бўйича минтақадаги барча давлатлар билан келишиш зарурлиги ҳақида аввал билдирган позицияларида қатъий эканларини урғулаганлар.

Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот хизмати маълум қилди.

Минтақадаги дарёлар юқорисида қурилаётган гидротехник иншоотларга оид муаммоларни икки давлат президенти Ислом Каримовнинг шу йил 6-7 сентябрида Қозоғистонга бўлган ташрифи чоғида муҳокама қилган эди.

Ташриф ниҳоясида ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирган Ўзбекистон президенти ҳатто: "Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", дея таъкидлаган эди.

Россия Стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аждар Куртов фикрича, Тошкент ва Остонанинг сув масаласидаги ҳамфикрлигини ўта собит, деб бўлмайди.

- Ислом Абдуғаниевичнинг Қозоғистонга сафари чоғида эришилган келишувлар қоғозда аниқ мажбуриятлар шаклида акс этган эмас. У ерда позициялар ўхшашлиги ҳақида қандайдир умумий гаплар айтилди, холос. Бирор келишмовчилик бўлган тақдирда, Қозоғистон раҳбарияти Қирғизистон ва Тожикистон каби дарёлар бошидаги қўшниларга нисбатан, дейлик, қандайдир санкциялар қўллаш ёки сиёсий, иқтисодий алоқаларни чеклашга оид жиддий чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон позициясини сўзсиз қўллаб-қувватлашига Тошкент умид қилмаса ҳам бўлади, деган фикрдаман. Замонавий Қозоғистоннинг бутун сиёсати кўп векторли деб аталаётган формулага тўла мувофиқ тушади. Яъни гап жиддий нарсаларга бориб тақалганда, бирор масалада принципиал позицияни эгаллаш зарур бўлиб қолган тақдирда, Қозоғистон бир четга чиқиб олади, деб ўйлайман, дейди Остонанинг кўп масалаларда Кремл билан билиттифоқ иш кўраётганини урғулаган Аждар Куртов.

Қозоғистонлик эксперт Дўсим Сатпаев эса россиялик ҳамкасбининг бу мулоҳазаларига қўшилмайди.

- Тўғри, биз Божхона иттифоқи аъзосимиз, биз Коллектив Хавфсизлик Шартнома ташкилоти аъзосимиз, аммо Қозоғистоннинг ҳам ўз стратегик манфаатлари бор ва улар фақат Россия билангина боғлиқ эмас. Биз дунёнинг турли давлатлари билан ҳамкорлик қиламиз. Қозоғистон учун ҳозир фақат Россия ва Беларус билан Божхона иттифоқи бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришгина эмас, Марказий Осиёга ҳам катта эътибор қаратиш муҳимдир. Чунки кўп муаммолар айнан минтақадаги вазият билан боғлиқдир, дер экан Дўсим Сатпаев Остона Тошкентнинг кўнглини олиш учун эмас, балки ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳам минтақадаги сув муаммосига ёндошувда Ўзбекистоннинг ёнида бўлишини тахмин қилади.
XS
SM
MD
LG