Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:40

“Cotton campaign" вакили Ўзбекистонда пахта далаларини айланмоқда


Болалар меҳнати билан боғлиқ муаммони мониторинг қилиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти - ILO мутахассислари Ўзбекистонга ҳали ҳануз қўйилмаётган бир пайтда Вашингтондаги “Cotton campaign" - “Пахта кампанияси" ташкилоти вакили Мэттю Фишер-Дали вилоятларда пахта далаларини бориб кўрди. Жаноб Фишер-Дали Ўзбекистонда кўрган-кечирганлари ҳақда Озодлик мухбири билан ўртоқлашди.



Фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашиш ва уларнинг болалар меҳнатига доир кузатишлари билан танишиш учун Ўзбекистонга сафар қилган “Пахта кампанияси" ташкилоти вакили Мэттю Фишер-Дали сўнгги ҳафта ичида бир қанча вилоят пахта майдонларида бўлди.

- Жиззах ва Фарғона вилоятининг пахта далаларида бўлдим. Айрим ёш болалар пахта тераётганини у ерда кўрдим. Мен улардан ҳукумат болалар меҳнатини тақиқлаб қўйилганку, нимага пахта териб юрибсизлар, деб сўрасам, улар қонунлар ўз йўлига, дегандай жавоб қилишди. Лекин, бу болалар ўқишдан кейин пахта теришаётган эди,- дейди Мэттю Фишер-Дали.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийлари бу йил мамлакатда болалар меҳнатига изн берилмаслиги, бунга йўл қўйганлар қаттиқ жазоланиши ҳақда маълум қилган эди.

- Ҳақиқатан ҳам бу йил Ўзбекистон ҳукумати болалар пахта теришини тақиқлаб қўйган, мактаблар бу йилги пахта мавсумида ёпилмаганини кўрдим. Лекин мактаб ўқувчилари ўрнига давлат ишчи-ходимлари ёппасига теримга жалб этилаётганини ҳам кўрдим,- дейди “Пахта кампанияси" ташкилоти вакили.

Ўз навбатида Мэттю Фишер-Дали ўз кузатишлари чинакам мониторинг ўрнини боса олмаслигини айтади.

- Мен ҳозир Ўзбекистондаман, лекин болалар мехнати мониторинги менинг вазифам эмас. Бу билан ILO мутахассислари шуғалланиши керак. ILO бу борада катта тажрибага эга. Лекин бу ташкилот мутахассислари Ўзбекистонга киритилмаётган бир пайтда мен бу ерда маҳаллий ҳуқуқбонлар, фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашиб болалар меҳнати борасида уларнинг фикрини ўрганиш учун келдим,- дейди Фишер-Дали.

“Пахта кампанияси" ташкилоти вакилининг айтишича, бу йил Ўзбекистонда болаларнинг ёппасига пахтага жалб этилмагани мамлакатда мажбурий меҳнатнинг таг-томири билан йўқ қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.

- Агар бу йилги терим болалар меҳнатисиз йиғиштирилиб олинса, бу жуда катта ютуқ бўлар эди. Биз буни тан олишимиз керак. Лекин катталар мажбуран пахта теримига жалб этилиши, бу ҳам мажбурий меҳнатдир. Бу муаммонинг ҳам Ўзбекистонда таг-томири билан йўқ қилинишини хоҳлар эдик,- дейди Мэттю Фишер-Дали.

Танқидлар тинмаётир

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта теримида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигини таъкидлаётганига қарамай, дунё жамоатчилиги танқидлари тинмаётир.

Бу танқидлар ILO мутахассисларининг Ўзбекистонга ҳали ҳануз қўйилмаётгани билан боғлиқ.

- Ўзбекистон ҳукумати болалар пахтага чиқарилмаяпти, деяётгандир. Лекин бу йил болалар пахта термаётгани ҳали исботини топмаган. Токи Халқаро Меҳнат ташкилоти кузатувчилари мамлакатга қўйилмас экан буни текшириш имконсиз бўлиб қолаверади,- дейди Берлиндаги Конституцион ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Маркази мутахассиси Йвон Вайс "Озодлик" билан суҳбатд.

Ўзбекистонда пахта терими тугай деб қолди. Лекин, болалар меҳнати билан боғлиқ муаммони мониторинг қилиш бўйича ILO мутахассислари Ўзбекистонга ҳали ҳануз қўйилгани йўқ.

Халқаро меҳнат ташкилоти ижрочи директори Кари Тапиола аввалроқ Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси борасида жуда кўп саволлар, болалар меҳнати назорат механизмлари ҳусусида шубҳалар борлиги ва бу шубҳаларни аритишнинг энг яхши усули мониторингдир, деган эди.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда туради ва пахта савдосидан тушадиган даромад йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда келтиради.

Ўзбекистонда миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 80 га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.
XS
SM
MD
LG