Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:30

Саакашвили ютқазиб ютди


Ўзбек сиёсатчилар фикрича, “Саакашвилининг мағлубияти унинг ғалабаси”дир.
Ўзбек сиёсатчилар фикрича, “Саакашвилининг мағлубияти унинг ғалабаси”дир.

Грузия Президенти Михаил Саакашвили етакчилигидаги “Бирлашган миллий ҳаракат” 1 октябр куни ўтказилган парламент сайловида мағлубиятга учради. Бироқ бу мағлубият ўзбек сиёсатчилари ва сиёсатшунослари назарида, аслида, шахсан унинг ва умуман Грузиянинг ғалабасидир.



Грузия парламент сайловида берилган овозлар охиригача ҳисобланиб бўлгани йўқ.

Дастлабки маълумотларга қараганда, миллиардер Бидзина Иванишвили етакчилигидаги “Грузия орзуси” мухолифатчилар блоки олдинда бормоқда.

Амалдаги президент Михаил Саакашвили ўзи бошқарган “Бирлашган миллий ҳаракат” сайловда мағлубиятга учраганини тан олди.

- Дастлабки натижалар чиқарилгач, “Грузин орзуси” коалицияси олдинда бораётгани аниқ бўлиб қолди. Бу парламентдаги кўпчилик янги ҳукуматни тузади, деганидир ва мен президент сифатида, Конституцияга биноан парламентга ўз ишини бошлаб олишига, унинг спикерини сайлаб олишига, ҳукуматни тузишига ёрдам берман, деб баёнот берди Грузия раҳбари 2 октябр куни.

Ахборот агентликлари Грузия Марказий сайлов комиссияси матбуот котиби Эка Азарашвилига таяниб хабар қилишича, овоз бериш участкаларининг 25 фоизи натижаси чиққач, “Грузин орзуси” 53 фози, “Бирлашган миллий ҳаракат” 40 фоиз овоз олгани маълум бўлган.

Сайловда тилга олинган икки йирик блокдан ташқари яна бир неча партия ҳам иштирок этди лекин улар 5 фоизлик тўсиқдан, ҳозирча ўта олмади.

Грузия парламентида 150 депутатлик ўрни бўлади. 77 ўринга сайлов партиявий рўйхатлар орқали ўтди. Қолган 73 ўринни эса, бир мандатли округларда ғалаба қозонган номзодлар эгаллайди.

Грузиядаги жараённи тўлароқ тасаввур қилиш учун баъзи маълумотлар:

Бидзина Иванишвили ким?

“Грузия орзуси” мухолифат коалицияси лидери миллиардер Бидзина Иванишвили 1956 йилда туғилган йирик грузин тадбикори.

Франция фуқароси. Баъзи маълумотларда унинг фуқаролиги йўқ шахс эканлиги айтилади. Ҳар ҳолда унинг ўзи сайловда овоз бермади.

2011 йилдан бери Грузия сиёсий ҳаётига фаол аралашди ва ўша йилнинг декабрида “Грузия орзуси” ҳаракатига асос солди.

Михаил Саакашвили ва унинг бошқа танқидчилари Иванишвилини Россия тарафдори, деб ҳисоблайди. Миллиардернинг ўзи бу гапларни рад этади.

Грузия парламенти сайлови ўтган 1 октябр куни Иванишвили журналистларга мана бундай деди.

- Мен Москва билан доимий конфронтацияда бўлиш бизга ҳеч қандай фойда бермаганини айтиб келаман холос. Мен Грузияни Ғарб йўналишида олиб бормоқчиман. Шунингдек, НАТО билан ҳамкорлик тарафдориман. Келажагимиз Европада. Бироқ Россия билан зиддиятда қоларканмиз бу йўл билан бориш иложсиздир, деди мухолифат етакчиси.

Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинганидан сўнг қилган чиқишида эса Иванишвили бундай баёнот берди.

- Грузияликлар ўзларининг юксак маданиятини кўрсатди, доно халқ эканлигини намойиш қилди. Менимча, Грузия тарихида жуда қизиқ прецедент рўй берди: мамлакат тарихида биринчи бор ўз ҳукуматимизни сайлов орқали ўзгартирдик, деди “Грузин орзуси” мухолифатчилар блоги лидери Бидзина Иванишвили.

Грузия бундан буён парламент республикаси бўлади

Мамлакат конституциясига киритилган ўзгартишларга биноан Грузия янги йилдан бошлаб парламент республикаси бўлади. 2013 йили ўтадиган президент сайловидан сўнг ҳокимият парламент ва ҳукуматга ўтади. Ҳукумат олий ижроия ҳокимиятига айланади.

Президент бош вазир лавозимига кимни тавсия қилишини парламент белгилайди. Президент ваколатлари мутлақ чекланади.

Саакашвилининг танқидчилари конституцияга биноан президентликка ўз номзодини яна бир марта кўрсатиш ҳуқуқи қолмаган президент энди бош вазирликни кўзламоқда, деб келмоқда.

Атиргул кўтарган президент

1967 йили туғилган Михаил Саакашвили ҳокимият тепасига 2003 йил, 3 ноябр куни ўтказилган парламент сайлови натижаларини мухолифатдаги “Миллий ҳаракат”, “Бурджанадзе-Демократлар” ва “Патиашвили-Бирлик“ блоклари тан олмагач бошланиб кетган ва ўша кунлариёқ “Атиргул инқилоби” деган ном олган норозилик намойишлари тўлқинида келган эди.

Саакашвили 2004 йилнинг 25 январида Грузия президенти этиб сайланган.

Тарафдорлари фикрича, Саакашвили даврида Грузияда коррупцияга кескин зарба берилди.

Дунё мамлакатларида коррупция масалаларини тадқиқ қиладиган Transparency International ташкилотига кўра, полицияси коррупциялашмаган давлатлар рўйхатида Грузия бешинчи ўринни эгаллаган.

Михаил Саакашвили даврида Грузия Европа Иттифоқи ва НАТО билан яқинлашиш йўналишини танлади.

Россия билан муносабатлар эса, 2008 йил августида Жанубий Осетия айирмачи минтақаси устида чиққан 5 кунлик уруш туфайли кескин ёмонлашиб кетди. Қуролли можаро баҳонасида Россия Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олди.

Дастлабки реакциялар

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари фикрича, Грузия “демократик сайловлар ўтказиш йўлида муҳим қадам ташлади, лекин баъзи ҳал қилувчи масалалар сақланиб қолмоқда”.

Халқаро кузатувчилар миссияси раҳбари Тонино Пичуланинг фикрича, “сайловчилар кескин икки қутбга ажралиб қолганига қарамай, улар ўз хоҳиш-иродаларини овоз бериш қутиси олдида эркин билдира олдилар”.

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар Грузиядаги сайловни эътиборсиз қолдирди.

Олий Мажлисда ўз фракцияларига эга партияларнинг баъзилари билан боғландик.
Ўзбекистон Либерал демократлар партияси вакили Грузиядаги сайловни кузатмаётганини билдирди.

- Ҳозир бу нарсаларга эътибор бераëтганимиз йўқ. Ҳозир бошқа ишлар билан шуғулланаяпмиз, деди Ўзбекистон Либерал демократлар партияси вакили.

Халқ демократик партияси вакили билан эса, мана бундай мулоқот бўлиб ўтди:

Озодлик: ХДПми бу?

- Ким бу?

Озодлик: ХДП партиясими бу?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Грузиядаги сайловларни кузатаëтган бўлсанглар керак. Шунга муносабатингларни билмоқчи эдик.

- Бошқа жойга тушдингиз.

Парламент сайлови натижалари грузин демократияси ғалабасидир!

Бу фикрни мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билдирди.

- Бу нарса Гуржистон учун, Гуржистон халқи учун яхши бир ишорат. Чунки эсингизда бўлса, Саакашвили илк ҳокимиятга келганда ҳар хил вақтда ҳар хил бўлар-бўлмас гаплар чиққан эди. Лекин Саакашвилининг мана шу қисмини бизнинг диктаторларимизга нисбатан олганимизда қисқа ҳукмронлик даврида давлатда ҳақиқатан ҳам халқнинг ҳаëтига таъсир қилувчи реформаларни амалга оширди ва ўзининг ҳақиқатан фақат нотиқ эканлигини эмас, балки ҳақиқатан амалда иш қилиши мумкин бўлган президентлигини кўрсатди.

Озодлик: Кўрсатган бўлса, ютқазиб турибдию. Нима учун халқ қўлламади?

- Халқнинг бир қисми қўллаяпти. Демократиянинг ғаройиб тарафи, биз тушунмайдиган тарафи шундаки, инсон ўзининг қилган яхши ишлари билан халқнинг назарида қоламан деб ўйлаши жуда ҳақиқатга тўғри келавермас эканда. Халқ демократик лидерлар ҳақиқатан яхши нарса қилгандан кейин бу яхши нарсанинг икки-учта бўлишини ва ва ҳатто каттароқ, катта миқдорда бўлишини истар экан. Қанча кенг озодлик берилса, яна ҳам кўпроқ озодлик истайди. Инсон табиатидаги парадоксал бир ҳолат. Ҳозир мана шу ҳолатнинг натижасини мана шу нимада кўриб турибмиз.

Озодлик: Бир сиëсатшунос “Саакашвилининг мағлубияти унинг ғалабаси” деди. Қўшиласизми шунга?

- Қўшиламан. Мен ҳам айнан шундай деб ўйлайман. Чунки шахсий мағлубият бўлиши мумкин, лекин бу ерда Гуржистон халқи, ҳуррият ютаяпти, дейди мухолифатдаги “Эрк” демократия партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

"Саакашвили сиёсий кампанияда ютқазди, лекин тарихий кампанияда у ютди"

Бу фикрни сайлов натижаларини шарҳлар экан, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билдирди.

- Постсовет ҳудудида Грузия ўзининг демократик бошқарувга ўтганлигини шу пайтгача кўп урғулаб келди. Бюрократияга, коррупцияга, қийноқларга қарши курашда ўзининг бошқа постсовет давлатлардан мутлақ ажралиб сиëсат олиб бораëтганлигини шу пайтгача кенг жамоатчиликка билдирди. Бу сайловлардаги бўлаëтган кучлар нисбатининг ўзгариши, Саакашвили ва унинг партиясининг заифлашуви, менимча...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:10 0:00
Бевосита линк


Шундай қилиб, Грузия парламенти сайлови муносабати билан ўқиганингиз мақола, тайёрланаётган соатларда сайлов участкаларининг 25 фоизи бўйича натижа чиққан, “Грузин орзуси” блоги 53, “Бирлашган миллий ҳаракат” 40 фоиз овоз олгани маълум бўлган эди.

Баъзи таҳлилчилар якуний кўрсаткичлар бу соатдаги кўрсаткичларнинг акси бўлиши мумкинлигини ҳам башорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG