Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Ўзбекистонда кўмир ишлатиш кўпаяди



Ўзбекистон корхоналарида кўмир ишлатиш ҳажми 2020 йилга бориб тўрт баробарга кўпаяди. Ҳозир корхоналар йилига 2 миллион тонна кўмир ишлатаëтган бўлса¸ 2020 йилга бориб бу рақам 9 миллион тоннага етиши мумкин.

Бу маълумотни Озодликка норасмий тарзда билдирган “Ўзбеккўмир” очиқ ҳиссадорлик жамияти матбуот котиби Светлана Кимга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда иссиқлик электр станцияларини (ТЭС) кўмирга ўтказиш борасида тўрт лойиҳа ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон йилига 3 миллион тонна кўмир ишлаб чиқаришини ҳисобга олсак¸ мамлакат саноатидаги кўмирга эҳтиëжни қоплаш учун яна 6 миллион тонна кўмир қаердан олинади?

Бу саволга жавоб берган “Ўзбеккўмир” очиқ ҳиссадорлик жамияти матбуот котиби Светлана Ким Ўзбекистонда кўмир ишлаб чиқариш йил сайин кўпайиб бораëтганини билдирди:

- Аниқлик киритиб ўтсам¸ биз йилига 3 миллион эмас¸ 4 миллион тонна кўмир қазиб олаяпмиз. Яна ҳам аниқроқ айтсам¸ 3 миллион 850 минг тонна кўмир йилига қазиб чиқарилади. Бу рақам ошиб бораяпти. Чунки кўмир соҳаси модернизация қилинмоқда. Кон ва шахталарни замонавий ускуналар билан жиҳозладик. Масалан¸ Ангрен кўмир конида модернизациядан кейин икки баравар кўп кўмир қазилиши кутилмоқда. Битта Ангрен конининг ўзи 4 милллион тонна кўмир берадиган бўлади¸ деган Светлана Ким суҳбат мобайнида Ўзбекистон ҳудудида аниқланган кўмир заҳирасини маълум қилди:

- Ўзбекистонда мавжудлиги аниқланган кўмир заҳираси 1 миллиард 832 миллион тоннани ташкил қилади. Шундан 1 миллиард 786 миллион тоннаси писта кўмир¸ 46 миллион тоннаси эса тош кўмир. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг уч жойида кўмир қазиб олинмоқда - Ангренда писта кўмир¸ Шарғун ва Бойсунда эса тошкўмир қазиб олинмоқда. Қайтариб айтаман¸ Ўзбекистонда кўмир кўп. Бу кўмирдан самарали фойдаланиш¸ ундан электр энергияси олиш бугуннинг долзарб вазифасидир¸ деди Светлана Ким.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистондан қазиб олинган кўмирнинг 85 фоизини мамлакат электр энергияси соҳаси тасарруф қилмоқда.

Гап кўпу¸ кўмир сифатсиз

Айни пайтда Тошкент бозорларида Қозоғистондан келтирилган тошкўмирга талаб кўпроқ экани маълум бўлди.

Тошкентнинг Чилонзор туманида аҳолига Қозоғистондан кўмир етказиб берадиган ширкат идора очган.

Бу ширкатнинг ўзини Венера деб таништирган мулозими Озодлик билан суҳбатда¸ ўтган икки йилда қишнинг қаттиқ келиши аҳоли орасида кўмирга талабни кучайтирганини айтади:

- Одамлар Қозоғистондан келтирилган тошкўмирга xаридор. Биз буюртма олгандан кейин юк поездида кўмир келтирамиз. Биз улгуржи сотамиз кўмирни. Бошқа ширкатлар кўмирни биздан олиб аҳолига майдалаб сотишади.

Суҳбатдошга кўра, ўтган йили Қозоғистондан келган кўмир xаридоргир бўлган:

- Газ босими пасайиши билан бизнинг ишимиз юриша бошлайди. Ишимиз юришганини шундан билингки¸ омборимиз йўқ. Қозоғистондан келган кўмир темир йўлнинг ўзидан тўғри харидорга бормоқда. Шу кунларда кўмирга вилоятлардан ҳам буюртмалар оляпмиз. Қизиғи шундаки¸ шундоқ яқинида кўмир чиқадиган Фарғона водийси ҳам Қозоғистон кўмири ëқишга иштиëқманд¸ дейди Венера.

Суҳбатдош¸ ўз ширкати Ўзбекистонда чиқадиган кўмир билан савдо қилмаслигини билдирди.

Газ ва электр танқислиги баробарида Ўзбекистонда тошкўмир нархининг оддий халқ чўнтагига оғирлик қилгани кузатилди. Кўмир сотадиган омборларда "Каримовнинг кўмири" деган арзон кўмир сотилмоқда.

Фарғоналиклар бу кўмирни сотиб олиб ëқа олмай хуноб бўлганидан, истеҳзо билан "Каримовнинг кўмири" деб ном қўйишган.

Бу аслида кўмир эмас, балки шунчаки бир тоғ жинси, дейди наманганлик иқтисодиëт фанлари номзоди Расулжон Абдумажидов.

- "Каримов кўмири" дейилишининг сабаби газ йўқ, масалан¸ Фарғона водийсининг ҳамма вилоятлари, масалан Наманган вилояти самосвалларни сотиб олиб, Ангрендан кўмир ташиб аҳолини таъминлади. Лекин бу кўмир ўтиндан хароб. Чунки ўтиннинг кило калорияси 3000, кўмирники 2000 бўлиб қолди. Бизга тошкўмир керак эди. Ангрендан 60 миллион йилдан кейин кўмир бўладиган кўмирни олиб келиб, ë иссиғи йўқ, бошқа йўқ ўтирибмиз, деган эди Озодлик билан суҳбатда Расулжон Абдумажидов.

Абдумажидовга кўра, "Каримовнинг кўмири" деб сотилаëтган матоҳ ëнмайди ва фақат сассиқ тутун чиқаради. Бу тутун эса заҳарлидир.

- Бу кўмир бўлиши учун яна 60 миллион йил керак. Жиндай сассиғи чиқади¸ холос, дейди Расулжон Абдумажидов.

Газни четга сотиб¸ кўмир ëқамиз

Ўзбекистон ўзидан чиққан газни йилдан йилга кўпроқ экспорт қилмоқда.

Жорий йилнинг август ойидан бошлаб Ўзбекистон Хитойга ҳам газ етказа бошлади.

Йил охиригача Ўзбекистон-Хитой газ қувуридан 5 миллиард куб метрга яқин газ ўтиши аниқланди.

Бу қувур орқали Хитойга етказилаëтган газ ҳажмининг йилига 10 миллиард куб метрни ташкил қилиши айтилмоқда.

Газ қувурининг учинчи тармоғи ишга тушса¸ Хитойга сотиладиган газ йилига 25 миллард куб метрни ташкил қилади. Бу Россияга сотилаëтган газ ҳажмидан икки баробар кўп деганидир.

Газ четга сотилиши баробарида Ўзбекистон аҳолиси совуқ уйларда яшашга маҳкум қолмоқда.

Шу пайтгача газдан мўл-кўл фойдаланиб келаëтган аҳолига кўмир жамлаш тарғиб қилинмоқда.

Шу йилнинг март ойида “Ўзбеккўмир” очиқ акциядорлик жамияти Хоразм ва Бухорода кўмир сотиш марказларини очди.

Газ конлари ëнида яшайдиган бу икки вилоят шаҳару қишлоқларининг аксар қисми газлашиб¸ кўмир деярли истеъмолдан чиқиб улгурган эди.

Тошкент аҳолисига исиқ сув етказувчи корхона ҳам бу йилдан бошлаб ўчоғини кўмирга мослаштириш тавсиясини олди.

Бу ташкилот муҳандисининг микрофонсиз суҳбатига кўра¸ кўмир ëқиб олинадиган иссиқ сув газ ëқиб олинадиган иссиқ сувдан кўра қимматга тушади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:11 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG