Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:59

Султон Сулаймон ўзбек маликаси ҳузурида меҳмонда


Расм Sayyod.com сайтидан олинди.
Расм Sayyod.com сайтидан олинди.

Тошкентдаги Art Week Style.uz-2012 санъат ҳафталиги доирасида ўтказилган шоҳона кечада "Муҳташам юз йил" турк сериалида Султон Сулаймон образини яратган актёр Холид Эргенч бош меҳмон бўлди.


8 октябр оқшомида Тошкентдаги муҳташам “Ичонқалъа” меҳмонхонасида туркиялик кино юлдузи иштирокида ўтган ёпиқ тадбирда Гулнора Каримованинг Guli бренди коллекциялари намойиш этилди.

Санъат ҳафталиги ташаббускори "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримовадир.

Guli атирининг қиёфаси



Холид Эргенч Guli нинг “GULI VICTORIOUS” эркаклар атирини реклама қилади
Холид Эргенч Guli нинг “GULI VICTORIOUS” эркаклар атирини реклама қилади
Холид Эргенч Тошкентга Гулнора Каримованинг шунчаки меҳмони сифатида келмаган. Интернетдаги Sayyod.com нашрининг ёзишича, таниқли туркиялик актёр энди Guliнинг “GULI VICTORIOUS” эркаклар атрини реклама қилади.

"Муҳташам юз йил" сериалини суратга олаётган Туркиядаги TIMS production сутдияси вакили Гўзде Йилмаз буни тасдиқлади.

- Ҳозир Холидбей Ўзбекистонда, у ерда атир рекламаси бўйича махсус проект бўйича суратга тушяпти,- деди Гўзде Йилмаз.

“Ичонқалъа” меҳмонхонасида ўтган тадбирда Холид Эргенч “GULI VICTORIOUS” эркаклар атрининг қиёфаси сифатида танланганлиги эълон қилинган ва экранда унинг рекламаси намойиш этилган.

Туркиялик актёрнинг Ўзбекистонда президент қизи ҳузурида меҳмон бўлиши ва унинг атир-упаларини реклама қилиши мамлакатдаги йирик уяли телефон ширкатининг эгаси бўлган TeliaSonera президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин экани айтилган шахсга миллионлаб доллар тўлагани билан боғлиқ жанжал кучайган бир пайтга тўғри келмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йили Ўзбекистонда туркиялик йирик тадбиркорларнинг ҳибсга олиниб, мол-мулки тортиб қўйилгани турк жамоатчилиги норозилигига сабаб бўлган.

- Бу ҳодисалардан бизнинг хабаримиз йўқ,- деди Туркиядаги TIMS production сутдияси вакили Гўзде Йилмаз.

42 ёшли Холид Эргенч "Ню Йорк", "Кўланка" ва "Мени севади" мюзиклларида иштирок этган.

У 2006 йилда "Минг бир кеча" филмидаги Ўнур роли учун "Олтин капалак" мукофотига сазовор бўлган.

Туркиядаги "Ўзбеклар бирлиги" номли ташкилот раҳбари Адем Чевик буюк Султон образини яратган санъатчининг диктатор қизи кўнглини олаётгани ҳам тарихга, ҳам санъатга ҳақорат эканини айтади.

- Бу ҳам тарихга ҳам, Қонунийга (Султон Сулаймонга-таҳр.) ҳақорат, ҳамда санъатга нисбатан ҳақоратдир. Бир диктаторнинг оёғига йиқилиб унинг истакларини бажариш бу шармандалик. Биз буни Туркияда қоралаймиз ва актёримиздан ўзбек халқидан кечирим сўрашни, президент қизидан олган пулларни ўзбек халқига, ўзбек қочқинлари ва режимдан азият кўрган инсонларга қайтариб беришни талаб қиламиз,- деди Адем Чевик.

Бундан аввалги Art Week Style.Uz ҳафталикларида Стинг, Эрос Рамазотти, Хосе Каррерас, Монсеррат Кабалье сингари юлдузлар иштирок этишган ва улар ҳам халқаро танқидларга қолишган эди.

Британиялик рок қўшиқчи Стинг Гулнора Каримованинг тадбирида иштирок этгани учун "иккиюзламачи" дея қораланганди.
XS
SM
MD
LG