Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:53

Теримчини калтаклаганлар кўрсатма бермоқда


Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсумига теримчиларни етказиш ишларига ички ишлар ходимлари жалб қилинади.
Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсумига теримчиларни етказиш ишларига ички ишлар ходимлари жалб қилинади.

Шаҳрисабз тумани расмийлари калтаклаб ўлдирилган 18 ёшли теримчи Наврўз Исломов иши бўйича ички ишларнинг бир неча ходими кўрсатма бераётганини тасдиқлади.


Ҳокимият: "18 ёшли теримчи калтакланиш оқибатида ўлгани аниқ эмас"

Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг шахси сир қолишини истаган расмийси Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда шуни таъкидлади.

Унинг айтишича, 6 октябр куни оламдан ўтган 18 ёшли теримчининг калтаклангани аниқ.

Аммо унга кўра, Наврўз Исломовнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида ўтказилган тиббий экспертиза хулосалари туман ҳокимлиги расмийларига маълум эмас ва жиноий иш қўзғатилгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Аммо, ҳокимлик мулозими теримчининг калтакланишига гувоҳ бўлган шахслардан кўрсатма йиғиш жараёни бораётгани ва бу жараёнга 24 киши тортилгани, улар орасида Ички ишлар ходимлари ҳам борлиги, айрим гувоҳлар ҳибсда сақланаётганини айтди.

Расмийнинг айтишича, ҳибсда сақланаётган гувоҳлар ичида ички ишлар ходимлари ҳам бор.

Норасмий манба: "Наврўз Исломов милиционерлар калтагидан ўлган"


Озодликка 8 октябр куни шахси сир қолиши шарти билан хабар қилган манбага кўра, 1994 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган Наврўз исмли йигит туман милиционерлари томонидан калтаклаб ўлдирилган.

Хабарда айтилишича, бу йигит хаста онасининг ўрнига пахта теримига чиққан ва 6 октябр куни соғлиги ёмонлашгани боис пахта теримидан қайтаётган кезда милиция ходимлари томонидан тўхтатилган.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган манба Наврўз билан туман милиционерлари ўртасида тортишув чиққани, натижада, йигит милиционерлар томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этганини иддао қилган эди.

Озодликнинг Шаҳрисабз тумани мутасаддилари ҳамда тегишли давлат ташкилотлари билан мулоқотлари натижасида бу хабар қисман тасдиғини топди.

Яъни, расмий ташкилотлар – Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ва туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, 18 ёшли теримчи калтакланган ва 6 октябр куни вафот этган.

Шаҳрисабз тумани марказий шифохонасида ишлайдиган манбанинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, ҳашарчи йигит ўша куни тонгга яқин оғир аҳволда шифохонага келтирилган ва ўша ерда вафот этган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими марҳум йигитнинг дафн маросими 7 октябр куни бўлганини тасдиқлади ва унда ҳокимият расмийлари ҳам иштирок этганини айтди.

ИИБ: "Наврўз Исломовни милиционерлар калтакламаган"

Шаҳрисабз тумани ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги расмийлари 6 октябр кунги ҳодиса тергови билан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг махсус тергов гуруҳи шуғулланаётганини айтмоқда.

Аммо, расмий манбалар Наврўз Исломовнинг милицонерлар калтагидан ўлгани ҳақида норасмий хабарларни қатъиян инкор қилмоқда.

Жумладан, Шаҳрисабз Туман Ички ишлар бўлимининг 18 ёшли Наврўз Исломовнин ўлганини билвосита тасдиқлаган икки ходими йигитнинг милиционерлар томонидан калтаклаб ўлдирилганини қатъиян рад этди.

Норасмий манба: "Исломовнинг уйини милиционерлар қўриқламоқда"

9 октябр куни Қашқадарё вилоятидаги норасмий манбалардан биридан олинган хабарга кўра, шу кунларда Наврўз Исломовнинг уйи милиция ходимлари томонидан ўраб олинган.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлигида муқаддам ишлаган манбалардан бири эса марҳумнинг онаси – Шаҳрисабз туманидаги Мирзо Улуғбек номли мактаб ўқитувчиси Нодира Исломова ҳамда сартарошлик қиладиган отаси Ғолиб Исломовнинг бегона шахслар билан мулоқоти куч ишлатар органлар ходимлари томонидан чекланган.

Мустақил журналист: "Қашқадарё расмийлари ташвишда"

18 ёшли теримчининг вафоти тафсилотларини ўрганаётган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили, журналист Абдураҳмон Ташанов аниқлаган маълумотларга кўра, ҳодиса вилоят расмийларини жиддий ташвишлантириб қўйган.

Ташановнинг айтишича, 7 октябр куни вилоят ҳокими иштирокида катта йиғилиш ўтказилган ва пахта терими мавсумида теримчиларнинг бу тариқа ўлимига йўл қўймаслик масаласи муҳокама қилинган.

Вилоят ҳокими ҳодиса тафсилотларини зудлик билан ўрганиш ва шунингдек, бундай ҳодисаларга оид маълумотларнинг тарқалишига йўл қўймаслик ҳақида кўрсатма берган.

Бу бу йилги пахта теримининг биринчи қурбони эмас

Шаҳрисабз туманидаги ҳодиса бу йилги пахта терими мавсумида теримчиларнинг вафот этганига оид Озодликка маълум бўлган илк ҳодиса эмас.

Бунга қадар 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этгани хабар қилинган эди.

17 сентябр куни эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтгани, унинг ҳам юрак хуружидан вафот этгани айтилган эди.

Бу йилги пахта теримига мактаб ўқувчиларининг чиқарилишини тақиқлаган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини оммавий равишда пахатага сафарбар қилган.

Пахта терими мавсумини кузатаётган баъзи ўзбекистонликлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари бераётган хабарларга кўра, баъзи ҳудудларда расмийлар хаста талабалар ҳамда ишчи-хизматчилар ҳам пахта йиғим-теримига мажбуран сафарбар қилган.
XS
SM
MD
LG