Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:46

Ҳокимингизни танийсизми?


Оддий халқ ва ҳокимлар ўртасида¸ кузатувчиларга кўра¸ ўтиб бўлмас жарлик ҳосил бўлиб улгурган.
Оддий халқ ва ҳокимлар ўртасида¸ кузатувчиларга кўра¸ ўтиб бўлмас жарлик ҳосил бўлиб улгурган.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳокимларнинг тез-тез алмашиб туриши, вилоятларнинг бир неча ой ва йиллар давомида ҳокимсиз ишлаши мунтазам кузатиладиган ҳолатга айланиб қолди.

Дастлабки суҳбатдошимиз Наманган вилоятининг Чуст туманидаги тоғли ҳудудда жойлашган кичиккина Майдонча қишлоғидан боғланган Маъмура ҳокимини танимаслиги ва унинг қишлоғига туман ҳокимлари келганига гувоҳ бўлмаганини айтди.

- Таниш керак, лекин мен танимайман. Ўзимизда мактаб йўқ. Иккита тоғнинг ўртасида яшаймиз.

Озодлик: Нимага танимайсиз ҳокимни? Ҳокимлар ҳеч келганми сизларнинг қишлоққа?

- Қишлоғимизга ҳоким келмаган. Ўзимиз қийналиб бўлса ҳам газ туширганмиз. Сув сероб, аммо мактабимиз йўқ. Бозорга ҳам уч километр нарига борамиз. 15 та уй бор. Бир хилларда тўққизта фарзанд бор, бир хилларда тўртта. 3 километр мактабга пиëда бориб пиëда келади.

Озодлик: Касалхонага қанча узоққа борасизлар?

- Касалхонага 5 километр нарига борамиз.

Озодлик: Тез ëрдам керак бўлиб қолсачи? Кимнидир операция қилиш керак, кимдир туғиши керак.

- Унақа тез ëрдам керак бўлиб қолса, бизда йўқ. Қўшнилар энди ëрдам қилиб олиб боради. Унақа шароитлар йўқ бизда. Лекин ҳамма йиғилишиб, гап чиройли, дейди Наманган вилояти, Чуст тумани, Майдонча қишлоғидан боғланган Маъмура.

Озодликка Хоразм вилоятидан боғланган навбатдаги суҳбатдош ўзини собиқ тадбиркор Ҳақберди, деб таништирди.

Яқиндагина ҳокими алмаштирилган хоразмлик тадбиркор бундай алмашинувларга бефарқлигини айтди.

- Ҳокимларни тайинлаверсин. Тайинлаган билан ҳеч халқнинг иқтисоди ўзгармайди. Бирини олиб¸ бирини қўяди барибир. Асосий фуқарога кун йўқ. Ҳаммаси юқоридаги ҳоким, прокурор, милиция, солиқ департаменти – ҳамма дўконлар, тадбиркорлик фаолияти ўшаларнинг қўлига ўтди уже. Асосий халқни улар рақобатчи дейдию, оддий фуқарода бўлса, гап топиб қўлидан олишади. Ўшалардан қочиб турибди четга одамлар.

Озодлик: Хоразмда олдинги ҳокимлар халқ ичига кирганми?

- Нима фойдаси бор бунинг? Шу ҳокимни деб мен барча нималаримдан айрилдим. Худо сақлаб¸ қамалмай қолдим, дейди ўзини собиқ тадбиркор Ҳақберди, деб таништирган хоразмлик суҳбатдош.

“Эркин микрофон”га Сирдарёдан боғланган Бобур домла ҳокимларни халқ танимаслиги ва бу бошқарув тизимининг талаб жавоб бермаслигини айтди.

- Шаҳар ҳокимини танийман. Ëшроқ йигит. Вилоят ҳокимини яхши таниймиз. Бир-икки йил олдин жуда бир яхши ташаббуслар билан чиққан эди. Олий ўқув юрти, мактаб ўқитувчиларини жойларга жўнатиб “Халқнинг аҳволи билан танишиб чиқинглар. Қанақа муаммолар бўлса, ўрганиб келиб менга айтинглар” деган эди. Лекин шу яхши ташаббус қолиб кетдида. Шу билан яна жой-жойига тушиб кетди.

Озодлик: Халқнинг орасига кирадими ҳокимлар?

- Одамлар ундай яхши танимайди. Улар ҳаммаси йиғилишлардан туриб бошқаришади. Албатта¸ бу нотўғри. Халқнинг ичига кириш керак, халқ билан гаплашиш керак, халқнинг муаммоларини ўрганиш керак, дейди сирдарёлик ўқитувчи Бобуржон.

*******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG