Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:43

Тошкент Швейцариядаги “ўзбек иши” бўйича овоз чиқарди



Швейцария нашрларидан бири саволларига ëзма жавоб қайтарган Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси¸ швейцар прокурорлари ўрганаëтган пул ювиш операциялари учун жавобгарликни МТС-Ўзбекистон собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга юклади.

Швейцарияда Ўзбекистон фуқаролари устидан очилган жиноий иш юзасидан ҳозирга қадар сукут сақлаб келган Тошкент расмийлари бу жимликни ниҳоят бузишди.

Ўзбекистоннинг Германия пойтахтида жойлашган элчихонаси расмийлари Швейцарияда чиқадиган "Le Temps" газетаси йўллаган саволларнинг айримларига ëзма жавоб қайтарди.

30 июл куни Ўзбекистон фуқаролари Шоҳруҳ Собиров ва Алишер Эргашевнинг Женевада ҳибсга олиниши ортидан Швейцария прокуратураси тўрт Ўзбекистон фуқаросига нисбатан пул ювиш амалиëтлари билан боғлиқ жиноий иш қўзғади.

МТС-Ўзбекистон собиқ бош директори ва Гулнора Каримовага қарашли Модалар уйи раҳбари саналмиш Гаяне Авакянни ҳам ўз ичига олган бу жиноий иш давомида бу тўртала шахс номига Швейцария банкларида очилган ҳисоб рақамларидаги юзлаб миллион долларлик пул музлатиб қўйилди.

Швейцария матбуоти таъкидича¸ бу тўртала шахс ҳам Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган ва тахминларга кўра¸ улар номига очилган турли оффшор ширкатлари ва банк ҳисоблари ортида Гулнора Каримова турган.

Ҳозирга қадар на Гулнора Каримова ва на Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари Швейцарияда бораëтган жиноий ишлари ва қўйилаëтган айбловларга расмий муносабат билдирмади.

11 октябр куни Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонаси Швейцариядаги "Le Temps" газетаси йўллаган саволларга жавоб бериш орқали бу жимликни бузди.

Берлин элчихонаси швейцар газетасига юборган жавобларида пул ювиш ва кенг кўламли молиявий фирибгарлик учун МТС-Ўзбекистон бош директори Беҳзод Аҳмедовни айблади ва Россиянинг МТС ширкатига нисбатан Аҳмедовни бекитаëтганлик айбини илгари сурди.

Беҳзод Аҳмедов¸ айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан МТС ширкатига қарши илгари сурилаëтган оғир иқтисодий айбловлар марказидаги шахс ҳамдир.

Тошкент томони Аҳмедовнинг бедарак йўқолганини иддао қилмоқда ва у Interpol орқали халқаро қидирувга берилган.

Берлиндаги ўзбек элчихонаси Швейцария газетасига берган жавобида Ўзбекистон Бош прокуратурасининг МТС-Ўзбекистон ва Беҳзод Аҳмедовга қўйган расмий айбловини қайта такрорлайди ва Аҳмедовнинг қочиш режасига оид айрим тафсилотларни очиқлайди.

“Аҳмедов 6 июнда Қозоғистонга қочиб ўтди. 9 июн куни бу ердан Истанбулга учди. Истанбулдан эса¸ Парижга келди ва бу ерда хориж банк ҳисобларидаги молиявий муаммоларини ҳал қилди.

Париждан Аҳмедов Арманистон пойтахти Ереванга келди ва 19 июн куни Еревендан Москвага учиб келди ва ҳозир ҳам тахминларга кўра¸ шу ерда қолмоқда”¸ дейилади Ўзбекистон элчихонасининг "Le Temps" газетасига юборган ëзма жавобида.

Мазкур мактубга Беҳзод Аҳмедовнинг сафар маршрутини тасдиқловчи рейс номерлари ҳам илова қилинган ва Аҳмедовнинг МТС қудрати билан божхона ва бошқа текширувларни четлаб учқичга чиқиши учун “яшил корридор”дан фойдалангани иддао қилинади.

“Тергов жараëнида МТСнинг ҳақиқатни ойдинлаштиришда бизга ëрдам бермаслиги ва Беҳзод Аҳмедовни бекитишда давом этажаги ойдинлашди”¸ дейилади Берлиндаги ўзбек дипломатлари швейцар нашрига берган жавоби.

Ўзбекистон элчихонаси очиқлаган бу айбловларга муносабат билдирмаслигини маълум қилган МТС расмийлари¸ Беҳзод Аҳмедовни ширкатнинг собиқ ходими дея атади ва унинг қаерда эканидан ширкат раҳбарияти мутлақ бехабарлигини билдирди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон элчихонаси "Le Temps" нашрининг Швейцария банкларидаги Аҳмедов ҳисоб рақамларига оид саволларини жавобсиз қолдирган.

Швейцария журналистлари ўрганган маълумотга кўра¸ ҳозирда “ўзбеклар иши” юзасидан мамлакат турли банкларида музлатилган пул миқдори 640 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Швейцария баробарида Швецияда ҳам "ўзбек иши" деб аталган тергов жараëни давом этмоқда ва бу ерда ҳам кенг кўламли коррупция ва пул ювиш операцияларига оид швед журналистлари ўртага қўйган маълумот ва айбловлар ўрганилмоқда.
XS
SM
MD
LG