Подмосковьеда Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси қошидаги Ёшлар ассоциацияси форуми ўтказилди. Форумда Россиянинг турли минтақаларидан келган 200дан зиёд ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.
13 октябр куни Москванинг Истра туманидаги Ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Бутунроссия конгрессига қарашли Маданий марказда бу ташкилотнинг Ёшлар ассоциацияси форуми йиғилди.
Форум очилишида сўзга чиққан ЎЎБК президенти Иброҳим Худойбердиев ёшларнинг алоҳида ташкилотга бирлашиши зарурлигини бундай изоҳлади.
- Ташкилотимиз қошида Ўзбек ва Ўзбекистонлик Ёшлар Ассоциацияси форумини оча туриб, уларга муваффақиятли фаолият олиб боришларига тилакдошмиз. Сиз, ёшларни, келажакда кўп ишлар ва кўп машаққатлар кутмоқда. Ишончим комилки, бу ташкилот келажакда бутунжаҳон ўзбек ёшлари ташкилотига айланади, дея истак билдирди ташкилот раҳбари Иброҳим Худойбердиев.
“Ёшлар халқлар ўртасидаги тинчлик ва дўстлик учун” деб номланган бу тадбирда Россиянинг турли минтақаларидан келган ўзбекистонлик ёшлар йиғилиб қолган муаммоларни муҳокама қилиш ва ташкилот раҳбариятининг янги таркибини сайлаш учун йиғилдилар, дейди Озодлик Радиосига Ёшлар Ассоциацияси мувофиқлаштирувчиси Александр Баймурзаев.
- Форумнинг асосий мақсади минтақаларда ташкилотимизга аъзо ёш ва иқтидорлиларни аниқлаш ва ягона командага бирлаштириш эди. Конференция натижаларига кўра, 11 кишидан иборат Кенгаш тузилди. Унинг таркибига Москва, Воронеж, Владимир, Тула, Псков, Пенза, Курск каби шаҳар ва минтақалар келган ўзбекистонлик ёшлар киритилди. Биз бошқарувни коллегиал тарзда олиб борадиган бўлдик, барча муҳокама ва қарорлар ҳам худди шу жамоа билан биргаликда қабул қилинади. Биз камида икки ойда бир бирор шаҳарда учрашиб туришга келишиб олдик. Ҳар ҳафта эса скайп орқали олдимизда турган муаммоларни ҳал этишга уринамиз, дейди асли ўзбекистонлик тадбиркор Александр Баймурзаев.
Айни пайтда Россия халқлари ёшлари Ассамблеяси раиси муовини лавозимини ҳам эгаллаб келаётган 21 ёшли бу йигит ўзбек ёшлари ҳам ўзларининг бутунроссия ташкилотига эга бўлиши керак деган фикрда.
Озодлик билан суҳбатда у яқин келажакда “ёшлар жамоатчилик бирлашмаси” форматидан “ёшлар ҳаракати” форматига ўтиш ташкилотга нафақат Россия фуқаролигига эга, балки бошқа мамлакатлар ёшларини ҳам жалб қилиш имкониятини беришини гапиради.
- Бизга турли йўналишдаги лойиҳаларни амалга оширишга ёшларимиз ёрдами зарур бўлади. Биз доимо иқтидорли, ғайратли ёшларга муҳтожлик сезамиз. Биз Ўзбеклар ва Ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси минтақавий бюролари қошида фаолият юритиб борамиз, бизнинг сайтимизда барча алоқа қилиш воситалари кўрсатилган. Шунингдек, ҳозирча “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида ўзимизнинг саҳифамиз бор. Яқин келажакда биз “Одноклассники”, “Мой Мир” ва энг асосийси “Фейсбук” тармоқларида ўз саҳифаларимизни очишни режалаштирдик, дея ўзбекистонлик ёшларни бирлашишга таклиф қилди Ўзбек ва Ўзбекистонликларнинг Ёшлар Ассоциацияси мувофиқлаштирувчиси Александр Баймурзаев.
Йиғилиш давомида Форум иштирокчилари ўзларини қизиқтираётган масалаларни муҳокамага қўйди. Ёшлар ўзларининг саволлари билан нафақат ЎЎБК раҳбарияти, балки Россия Федерал миграция хизматидан йиғилишга таклиф қилинган расмийга мурожаат қилдилар.
2011 йилнинг 1 майида Москвада тузилган Ўзбеклар ва Ўзбекистонликлар Бутунроссия Конгресси таркибига ҳозирда Россиянинг 13 минтақасида ўзининг ваколатхонасига эга бўлиб, Россиянинг 50 зиёд ўзбек маданий марказлари билан алоқа тиклаган.
Ташкилот ўзининг асосий мақсади Россияда яшаб меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ишга жойлаштириш, Россияда мослашиш ва адаптация қилишда турли маслаҳат ва моддий-маънавий кўмак бериш, деб белгилаган.