Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:33

Қирғизистон: митинглар давом этмоқда


Бишкекда, Жалолободда ва Иссиқкўлда ҳокимиятни куч билан босиб олишда айбланиб 4 октябрда ҳибс қилинган парламентнинг уч депутати тарафдорлари ўтказаётган норозилик тадбирлари давом этмоқда.

Ҳибс қилинган депутатлардан бири Садир Жапаровнинг тарафдорлари 17 октябр куни Иссиқкўл вилоятининг Туп туманидан Бишкекка пиёда юриш бошладилар. Жапаровни ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Кенешбек Жумабаевнинг билдиришича, пиёда юришга чиққанлар сони 60 кишидан ошмайди.

Ҳибс қилинган депутатларнинг кам сонли тарафдорлари Бишкекда ҳам митингларни тўхтатишмаяпти. 17 октябр куни юзга яқин одам Бишкек шаҳар суди олдида депутатлар Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовларни ҳибсдан озод қилиш талаби билан митинг ўтказишди. Шаҳар судида депутатларга ҳокимиятни куч билан босиб олиш айблови билан жиноят иши очилиши нақадар асосли бўлгани кўриб чиқилиши лозим эди. Аммо суд бу ишни кўриб чиқишни 30 октябрга қолдирган.

Депутатлар тарафдорлари томонидан уюштирилган энг кўп сонли митинглар Жалолобод шаҳрида ўтказилмоқда. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, бу митингларда 5 мингдан 7 минггача, вилоят прокуратурасига кўра, бир ярим минг, мустақил кузатувчиларнинг айтишича икки ярим минг атрофида одам иштирок этмоқда.

Жалолободдаги митингчилар, агар ҳибс қилинган депутатлар зудликда бўшатилмаса, воқеаларнинг салбий ривожи учун масъулият президент, ҳукумат ва парламент зиммасида бўлишини айтишмоқда.

Митингда иштирок этаётган сиёсатчиларнинг айтишларича, 3 октябр куни Бишкекда ўтган намойиш чоғида ҳокимиятни куч билан босиб олиш ҳаракати содир этилмаган.

- Қонун бузилган бўлса, қонунда белгилангани каби жазо берилиши шарт. Ташиев, Жапаров ва Мамитов Оқ уйга қуролсиз боришган, уларни эса Оқ уйнинг деворидан ошиб ўтишга ҳаракат қилди, деб отишган. Демак, депутатлар билан бир қаторда, уларга қарши ўқ отганлар ҳам қамоқда ўтириши керак. Ўшанда биз адолатли қарор бўлди, деб ҳисоблаймиз, -деди “Бутун Қирғизистон” партияси лидери Адахан Мадумаров.

Қирғизистон парламенти депутати, “Ата Журт” партияси лидери Ахматбек Келдибеков эса митингда иштирок этаётган норозилар депутатларни озод қилиш билан бир қаторда, Қумтор ва Иштамберди олтин конларини миллийлаштиришни талаб қилаётганларини айтди. Ахматбек Келдибеков жалолободлик норозиларнинг Қирғизистон ҳукуматига йўллаган талабларини ўқиб берди:

- 2010 йил апрел, июн воқеалари айбдорлари жиноий жавобгарликка тортилсин. Қумтор олтин кони ва Олабуқадаги Иштамберди олтин кони халқ фойдасига ишлатилсин. Қумтор юзасидан ҳукумат комиссияси тарқатилиб, унинг ўрнига жамоатчилик ва мухолифат вакилларидан иборат янги комиссия ташкил этилсин, -деди депутат Ахматбек Келдибеков.

Депутатнинг айтишича, норозилар парламентнинг тарқатилишини ҳам талаб қилишмоқда.

Жалолободдаги митингни кузатиш учун борган Қирғизистон парламентининг депутати Камила Талиева эса норозиларнинг айрим талабларига қўшила олмаслигини билдирди:

- Суд ҳокимиятига президент ҳам. ҳукумат ҳам буйруқ бера олмайди. Суд қандай қарор чиқарса, масала шундай ҳал этилади. Халқнинг бошқа талаблари эса инобатга олиниши керак. Мен парламентнинг тарқатилиши юзасидан талабнинг тўғри ёки нотўғри эканини айта олмайман. Халқ шуни талаб қилаяпти,- деди Камила Талиева.

Парламент депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитов 3 октябр куни Бишкек марказий майдонида Қумтор олтин конини миллийлаштириш талаби билан митинг ўтказган эдилар. Митинг чоғида Қамчибек Ташиев халқни парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уй биносини босиб олишга чақирган, шундан сўнг оламон Оқ уйнинг панжара деворларидан ошиб тушиб, бинога бостириб киришга ҳаракат қилган эди.

Номи айтиб ўтилган уч депутатга мана шу иш юзасидан айблов билдирилиб, улар 4 октябр куни ҳибсга олинган эди.
XS
SM
MD
LG