Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:11

Петербургда мигрант болаларнинг мактабга олиниши осонлашди



2012 йилнинг октябрида Петербургда Марказий осиёлик мигрантларнинг фарзандларини мактабга жойлаштиришда кўмаклашувчи лойиҳа ишга туширилди.


Жорий йилнинг октябридан Петербургда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган меҳнат муҳожирлари фарзандларини мактабларга жойлаштиришга кўмаклашиш лойиҳаси ишга тушди.

“Петербург болалари” кўнгиллилар лойиҳасига Марказий осиёлик мигрантларга кўмаклашиш жамғармаси ҳам қўшилди.

Болаларни рус тилини ўргатувчи дарсларга ёздириб қўйиш учун муҳожирлардан ҳеч нарса талаб қилинмайди”, дейди лойиҳа тўғрисида Озодликка гапириб берган Даниил Любаров.

У шу вақтга қадар кўнгилли равишда мигрантларнинг фарзандларига рус тилини ўргатиш бўйича олиб борилаётган лойиҳа ташаббусчиси эди.

- Биздан ёрдам олиш учун ҳеч нарсанинг кераги йўқ: келинг ва биз ёрдам берамиз, бу биринчидан. Болаларингизнинг рус тили дарсларига қатнаши учун ҳам фақат келсангиз бўлди, бошқа ҳеч нарса талаб қилинмайди. Лекин болалар мактабга қатнаши керак.

Бундай болаларни мактабга жойлаштириш учун эса, афсуски, бироз қоғозбозликликдан иборат тўсиқлардан ўтишга тўғри келади.Чунки Питернинг айрим туманларида мигрантларнинг фарзандларини мактабга жойлаштириш осон кечади, бошқаларида жуда мураккаб. Нима бўлганда ҳам биз бундай болаларни кўчада қолдирмасликка ҳаракат қиламиз, деди кўнгиллилар гуруҳи раҳбари Даниил Любаров.



Любаров 2012 йилнинг баҳоридан бошлаб муҳожирларнинг фарзандларини рус тили ва маданиятига ўргатиш бўйича бошлаган лойиҳа иштирокчилари сафи кенгайиб бораётганини айтди.

Аввалига ўқув дарслари 2 кичик гуруҳда бошланган бўлса, ҳозир шаҳарнинг турли туманларида очилган бундай синфлар сони 6 тага етган.

“Петербург болалари” лойиҳаси раҳбарининг Озодликка билдиришича, бугунги кунда 40дан зиёд кўнгилли петербургликлар доимий равишда бу лойиҳада иштирок этиб келмоқда.

Марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик муҳожирлар фарзандларини мактабга жойлаштириш ташаббуси Марказий осиёлик мигрантларга кўмаклашиш жамғармаси ёрдамида амалга ошмоқда.


(Суратлар Александра Рошчина томонидан тақдим этилди)

Марказий осиёлик мигрантларга кўмаклашиш жамғармаси раиси, айни пайтда ўзбек тилида чоп этиладиган “Турон” газетаси бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов болаларни Санкт-Петербург мактабларига жойлаштириш учун энг аввало, ота-она қонуний қайддан ўтган бўлиши кераклигини айтмоқда.

Шунингдек, у муҳожирлар болаларини мактабга қабул қилиш учун пул талаб қилингани ҳақидаги гапларга ҳам ишонмаслигини айтди.

- Фақат баъзи инсонлар айрим тўсиқларга учраб: “Ҳа, бизнинг болаларни ўқитишнинг иложи йўқ экан”, деган ўйга бораётган бўлиши мумкин. Лекин шу инсонлар бу ерда легал яшаяптими йўқми– ана шунда масала! Документлари жойида бўлиб, ўзлари шу ерда қонуний юрган бўлса - бу одамлар ҳеч нарсадан қўрқмайди.

Ўқитиш курслари, марказлари бор ёки бўлмаса, районога бориб: “Мен болам билан мана шу ерда яшайман, мана менинг ҳужжатларим”, деб кўрсатса, шу ҳудуддаги бўш мактабларга направление ёзиб беришади. Барча муаммо уларнинг қонуний яшаётгани ёки яшамаётганига бориб тақалади, деди жамғарма раиси Маҳмуд Маматмўминов.

Муҳаррирнинг фикрича, агар Россияда вақтинчалик қайдда турган ота-она жой етишмагани туфайли бирор мактабга боласини жойлаштира олмаган бўлса, қўшни мактабларга мурожаат қилиши зарур.

Ундан ташқари, Россияда мигрантлар фарзандларининг мақоми тегишли қонунларда белгиланмагани сабабли, ота-оналар ҳар 90 кунда болаларининг қонуний мақомини тасдиқлаб туриши зарур.

- Ота-она мактабга ўқишга берган боласининг вақтинчалик яшаши учун берилган рухсатномани янгилаб туриши керак. Чунки, Россия қонунчилигида “мигрантнинг боласи келиб ўқийди” деган тушунча кўрсатилмаган.

Шунинг учун ҳар 3 ойда фарзандини бир бор Россиядан чиқариб, яна қайта олиб кирса, бемалол ўқийверади. Бу масалаларда кимда саволлари бўлса, “Турон” газетамизга ёки жамғарма юристларига мурожаат қилиши мумкин, деди Озодлик билан суҳбатлашган Марказий осиёлик мигрантларга кўмаклашиш жамғармаси раиси Маҳмуд Маматмўминов.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг август ойидан Санкт-Петербургда нодавлат-нотижорат “Марказий осиёлик мигрантларга кўмаклашиш жамғармаси” иш бошлади. Жамғарма мутахассислари шаҳарда яшаб меҳнат қилаётган мигрантларга турли масалалар бўйича бепул ёрдам кўрсатиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG