Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:58

Роғун бўйича Жаҳон банки молиялаган ҳисобот эълон қилинди


Роғун лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсири ҳамда ижтимоий оқибатлари тўғрисида Тожикистон ҳукумати сўрови ва иштирокида ҳозирланган дастлабки ҳисобот эълон қилинди. Жаҳон банкининг дунëдаги энг камбағал давлатларга ëрдам беришга мўлжалланган IDA – Халқаро тараққиëт уюшмаси томонидан молияланган бу ҳисоботни Poyry консалтинг ширкатининг Швейцариядаги идораси Тожикистондаги Зеркало ижтимоий тадқиқотлар маркази билан биргаликда ҳозирлади.

Жаҳон банки топширади...

2011 йилда Жаҳон банки Тожикистон ҳукумати сўрови асосида Душанбе ҳукуматининг Роғун ГЭСи лойиҳасини амалга оширишнинг қанчалик мақсадга мувофиқлигини ўрганиш учун иккита ҳисоботни молиялашга қарор қилди.

Иккала ҳисобот ҳам Тожикистон ҳукумати ўтказган танловда қатнашиб¸ Душанбе ҳукумати билан шартнома имзолаган халқаро консалтинг ширкатларига топширилди; ҳисобот Жаҳон банкининг энг камбағал давлатларга ëрдам кўрсатувчи Халқаро тараққиëт уюшмаси томонидан молияланди.

“Техник-иқтисодий баҳолаш тадқиқоти”(TEAS) деб номланган биринчи ҳисоботни ҳозирлаш Coyne & Bellier консорциумига¸ Роғун ГЭСи лойиҳасининг “Атроф муҳитга таъсири ва ижтимоий оқибатларини баҳолаш” деб номланган иккинчи ҳисоботни тайëрлаш эса¸ 2011 йилнинг 25 март куни Тожикистоннинг давлатга қарашли “Барқи тожик” ҳиссадорлик ширкати билан имзоланган келишувга кўра¸ Швейцариядаги Poyry ширкатига топширилди.

Ҳисоботлардан бири тайëр бўлди

Октябр ойида Poyry Тожикистондаги Зеркало маркази билан ҳамкорликда ҳозирлаган 176 саҳифалик ҳисоботини эълон қилди.

"Биз Тожикистон ҳукумати сўрови ва ҳамкорлигида ўтказган тадқиқотларимизнинг дастлабки хулосаларини эълон қилдик ва хулосаларимиз фақат бирламчи хулосалардир"¸ дейди «Pöyry Energy Ltd.» ширкати томонидан ушбу ҳисоботга муаллифлик қилган Роберт Звален Озодлик билан суҳбат индаллосида:

- Мен ҳозирда бу ҳисобот хулосаларига Жаҳон банки тўлиқ қўшилиш-қўшилмаслиги ҳақида бир нарса айта олмайман ва шу боис бизнинг хулосаларимизни Жаҳон банки хулосалари деб эълон қилишга шошилмаган бўлардим¸ дейди Роберт Звален.

Бевосита ҳисоботнинг ўзига тўхталган Poyry мутахассиси¸ унинг Роғун ГЭСи қурилишининг қанчалик мақсадга мувофиқлигини ўрганиш жараëнидаги биринчи қадам эканини таъкидлайди:

- Биз ҳозирлаган ҳисобот скрининг дейилади. Бу эса¸ иш жараëнидаги биринчи қадамдир. Биз борган жойимизда олинган маълумотларни текширдик¸ вазиятни ўргандик¸ одамлар билан гаплашдик. Бу ҳисоботда биз вазият манзарасини тасвирладик¸ Роғун ГЭСи лойиҳасини бошлашдан олдин қилиниши лозим ишлар режасини тузиб бердик. Бу ҳисоботда якуний хулоса йўқ ҳали¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Poyry ëнилғи консалтинг ширкати тадқиқотчиси Роберт Звален.

Роғуннинг Амударë қуйисидаги ҳудудларга таъсири ўрганилиши лозим алоҳида муаммо

Роғун қурилишининг атроф-муҳитга таъсири ва ижтимоий оқибатларини ўрганиш жараëнида биз уч жиҳатни атрофлича ўрганиб чиқиш зарур деган хулосага келдик¸ деб давом этади ҳисобот муаллифи Звален:

- Ҳозирча якуний натижага эга бўлмаганимиз биринчи катта муаммо¸ Роғун қурилишининг сув қуйи оқимига таъсири¸ қуйидагиларга сув етиш-етмаслиги ва унинг йиллик тақсимланишига таъсиридир. Бу жуда жиддий жиҳат ва Амударë қуйи оқимида жойлашган давлатларни айнан ана шу таъсир хавотирга солмоқда. Бу ҳақда биз ҳисоботда ҳеч қандай хулоса тақдим қила олганимиз йўқ. Бу борада биз айтаëтган гап¸ бу дарëлар бўйида жойлашган давлатлар ўртасида кимнинг бу сувдан қанча олиши ва ишлатишига оид халқаро келишув бор ва Роғун қурилган тақдирда ана шу келишув бузилмаслиги керак¸ дегаn мазмундадир, дейди Poyry тадқиқотчиси.

Сув омборининг бевосита экологик таъсири муаммо эмас

Ҳисоботнинг иккинчи муҳим хулосаси Роғуннинг фауна ва флорага¸ қўриқланадиган жойларга таъсирига оид ва биз бу борада йирик муаммо йўқ¸ деган хулосага келдик. Зотан бу лойиҳа ижроси миллий парклар каби махсус қўриқланиладиган жойлар¸ махсус қимматга эга ҳабитат ëки ноëб жонзодларга ҳеч қандай таъсир қилмайди. Шу боис биз ҳисоботда бу жиҳатнинг асосий муаммо эмаслигини таъкидладик¸ дейди швейцариялик мутахассис.

Ижтимоий таъсир - иккинчи йирик муаммо

Ҳисоботнинг учинчи қисми Роғун лойиҳасининг инсоний муҳит¸ аҳоли ҳаëтига таъсирини ўрганишга қаратилди ва биз бу жиҳат инобатга олиниши лозим иккинчи жиддий муаммо деган хулосага келдик¸ деб давом этади Роберт Звален.

- Сум омбори қурилиши лозим минтақада аҳоли зич жойлашган ва бу ҳудудда тахминан 30 минг одам яшайди ва бу лойиҳани амалга кўчириш учун улар бошқа жойга кўчирилиши лозим. Бу борада биз аҳолини кўчириш жараëнининг аниқ режаси ишлаб чиқилиши ва бу жараëннинг Жаҳон банки қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини тавсия қилдик¸ дейди Poyry консалтинг ширкати мутахассиси.

Жиддий тадқиқот ва қайта баҳолашлар тавсия қилинди

Роғун ГЭСи лойиҳасининг “Атроф муҳитга таъсири ва ижтимоий оқибатларини баҳолаш” деб номланган ҳисоботда халқаро муаллиф Тожикистон ҳукумати ва Жаҳон банкига тавсиялар ҳам беради.

“Қўлга киритиш имкони бўлган ҳужжатлар ва Консултантнинг лойиҳа қурилиш жойига қилган қисқа сафарлари асосида қуйидаги хулоса ва тавсияларга келинди:

• Қурилажак омбор атрофидаги эрозияга мойил ҳудудлар бўйича таҳлилий иш ўтказилиши лозим. Айниқса¸ бу борада 1978 ва 2009 йилларда амалга оширилган икки тадқиқот ҳисоб-китобидаги катта тавофут¸ бундай таҳлилни тақозо қилади.

• Айни шу мақсадда¸ тўғонга бевосита туташ ҳудудларда туз тўпланишидан туғиладиган таҳликалар қайта баҳоланиши лозим.

• Ер қимирлаши таҳликаси ҳам замонавий халқаро стандартларга мувофиқ тарзда қайтадан баҳоланиши лозим.

• Сув омбори туфайли туғилажак сейсмий ўзгаришлар ҳозирча деярли ўрганилган эмас. Бу иш зудлик билан қилиниши ва бу жойга энг сўнгги сейсмий кузатув тармоғи ўрнатилиши лозим”дейилади ҳисобот хулоса ва тавсияларида.

Бу тавсиялар Роғун қуриш режасидан қайтмаслигини таъкидлаб келаëтган Тожикистон ҳукумати¸ қолаверса¸ бу лойиҳани молиялаш сўралаëтган Жаҳон банкига мўлжалланган.

Аммо Душанбе ҳукумати ва Жаҳон банки бу тавсияларимизни қанчалик инобатга олади¸ буниси энди бизга боғлиқ эмас¸ дейди Озодлик билан суҳбат ниҳоясида Poyry тадқиқотчиси Роберт Звален.

Ўзбекистон позицияси ўзгаришсиз қолади

Poyry консалтинг ширкати ва Тожикистондаги Зеркало ижтимоий тадқиқотлар маркази ҳамкорликда ҳозирлаган “Атроф муҳитга таъсири ва ижтимоий оқибатларини баҳолаш” сарлавҳали ҳисобот 7 ноябр куни Жаҳон банкининг Олмаотадаги ваколатхонасида муҳокама қилинади. Муҳокамаларда Марказий Осиëдаги бешала ҳукумат расмийларининг иштирок этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати йиллардан бери Роғун ГЭСи қурилишига кескин қаршилик кўрсатиб келмоқда ва бу лойиҳа Амударë қуйи оқимида жойлашган ҳудудлар учун ҳам экологик¸ ҳам иқтисодий фалокат келтириб чиқаришини таъкидламоқда.

Ўзбекистонлик минтақашунос Фарҳод Толиповнинг таъкидича¸ Poyry ҳисоботида Роғун билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлиги ва уларни жиддий равишда ўрганиш лозим¸ деган хулосага келиниши¸ Ўзбекистон хавотирларининг тан олингани ифодасидир.

Фарҳод Толипов билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:09 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG