Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:09

Аҳоли уйларини қуришни кечиктирган ҳокимлар ҳайфсан олди



Вазирлар Маҳкамаси қишлоқларда намунавий уйлар қурилишини кечиктирган 10 дан ортиқ ҳокимга ҳайфсан ва огоҳлантириш берди ҳамда битмаган уйларни битириш учун 30 ноябрга қадар муҳлат берди.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2012 йилда Қишлоқ ҳудудларида намунавий типдаги аҳоли уй-жойлари қурилиши дастурининг вилоятлардаги ижроси кескин танқид қилинган қарорни қабул қилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида Бухоро, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги ўндан ортиқ туманда аҳоли уй-жойларини қуриш дастурини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди.

Lex.uz сайтига жойлаштирилган қарорда аҳоли уйларини фойдаланишга топшириш муддатининг ортга сурилиши сабаблари, асосан, тегишли соҳалар бўйича ишчилар ва мутахассисларнинг етишмаслиги, мутасадди ташкилотлар ўртасида ҳамкорликнинг етарли даражада мувофиқлаштирилмагани, шунингдек, зарур даражада кўп сменали иш тартибининг йўлга қўйилмагани келтирилган.

Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ ҳудудларида намунавий типдаги аҳоли уй-жойлари қуриш дастурининг вилоятлардаги ижросини шу йил июн ойида ҳам кўздан кечирган ва тилга олинган вилоятлар мутасаддиларини огоҳлантирган эди.

Бундан ташқари, давлат дастури ижроси юклатилган Давлат Арихитектура қурилиш ташкилоти, Қишлоқ қурилиш банки, Қишлоқ қурилиш инвест ширкатлари ҳам огоҳлантирилган эди.

12 октябр санаси билан қабул қилинган навбатдаги қарорда бу ташкилот ва вилоятлар мутасаддиларининг огоҳлантирувдан тегишли хулоса чиқармагани қайд этилган ва шу боис кескин танқид қилинган.

Натижада, Вазирлар Маҳкамаси Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажараётган М.Т. Эсоновга қаттиқ огоҳлантириш берди.

Тошкент вилояти ҳокими биринчи ўринбосари К.Т. Тиллабоевга, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари З.У. Қаршибоев ва Р.Р. Рўзметовларга эса ҳайфсан эълон қилди.

Қишлоқ жойларда намунавий коттежларнинг қурилиши ва битган иншоотларни фойдаланишга топширишда кеч қолгани учун Пешку, Жондор, Ромитан, Боёвут, Гулистон, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Қибрай, Паркент, Ўртачирчиқ, Урганч ва Шовот туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Қишлоқ қурилиш банки бошқарув кенгаши раиси Б.М. Муллахонов ва Қишлоқ қурилиш инвест ширкати бош директори К.З. Ҳошимбековлар эса огоҳлантирилди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев шу йил аввалида Ўзбекистон бўйлаб жами 8 минг 510 та намунавий коттежнинг қурилиб батказилиши ҳамда эгаларига берилишини вилоят ҳокимларига топширган эди.

Эндиликда сусткашликка йўл қўйган вилоят ва туман ҳокимларидан битмаган уйларни 30 ноябрга қадар битказиш талаб қилинмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида айтилишича, бу жараённи шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ўзи назорат қилади.
XS
SM
MD
LG