Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:25

MTC давлат тасарруфига ўтмайдиган бўлди


МТСнинг Тошкент марказидаги бош идораси.
МТСнинг Тошкент марказидаги бош идораси.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди апелляция ҳайъати Россиянинг МТС ширкатига қарашли активларни Ўзбекистон ҳукумати фойдасига ўтказиш қарорини бекор қилди.

Бу қарорни Озодлик мухбирига шарҳлаган МТС ширкатининг Москвадаги матбуот котиби Валерия Кузменко ширкат Тошкент шаҳар суди бу қароридан қисман қониқиш билдирганини баëн қилди:

- Энг аввало биз Ўзбекистонда бораётган маҳкамалар жараёнида берган асос-далилларимиз, қисман бўлса-да, қониқтирилганидан мамнунмиз. Биринчидан, апелляция коллегияси ниҳоят “МТС-Ўзбекистон” ходимларига очилган жиноий иш доирасида жавобгар деб МТС ширкатини тан олди. Иккинчи муҳим жиҳат¸ биринчи суд инстанциясининг “Ўздунробита” мулкини тўлиғича давлат ҳисобига мусодара қилиш бўйича чиқарган қарори бекор қилинди, деди Валерия Кузменко.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00
Бевосита линк


Москвадаги бош қароргоҳ расмийси шунга қарамасдан, МТСнинг Ўзбекистонда яна ҳал этилиши зарур бўлган жиддий муаммолари сақланиб қолганини таъкидлади:

- Коллегия “Ўздунробита” мулкини давлат ҳисобига мусодара қилишни бекор этганига қарамасдан, “Ўздунробита”га 600 миллион доллар миқдорида 8 ой давомида тўланиши керак бўлган молиявий даъво киритилди, деди МТС вакиласи.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Валерия Кузменко, шунингдек, бугун кўпчилик ўзбекистонликларни қизиқтираëтган “МТС Ўзбекистонга қайтадими?” деган саволга ҳам жавоб қайтарди:

- Компаниямизнинг Ўзбекистонда фаолият юритишига имконият берадиган лицензияси ҳанузгача йўқ. Биз ўз тарафимиздан ҳуқуқларимизни тиклаш учун барча қонуний амалларни оширишда давом этамиз, деди Кузменко.

МТС ширкатига эгалик қилиб келаётган “АФК-Система” ширкати расмийлари Озодлик билан хусусий суҳбатда ширкат Тошкент апелляция суди томонидан белгиланган 600 миллион долларлик жаримани камайтириш ва Ўзбекистон бозорига қайтишга рухсат берувчи лицензияларни қўлга киритиш уринишларини давом эттиришини таъкидлади.

МТСга Ўзбекистонга қайтиш имконини берувчи бу лицензияларнинг қайтарилиш-қайтарилмаслиги юзасидан яқин кунларда Ўзбекистон Олий хўжалик суди ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Ўзбекистон Олий хўжалик суди “Ўздунробита” лицензиясининг қайтариб олингани бўйича ширкат кассация тартибида тақдим қилган шикоятини 30 октябр куни ҳеч бир изоҳларсиз учинчи марта кўриб чиқишни кечиктирган эди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. 31 июл куни эса Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди.

27 август куни "Ўздунробита" мулозимларига қарши текширувлар асосида тўпланган фактлар маҳкамага оширилди ва 17 сентябр куни Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” компаниясининг тўрт нафар ходимини уч йилдан шартли равишда озодликдан маҳрум қилди.

“Ўздунробита” оператори фаолиятининг тўхтатилиши Ўзбекистонда миллионлаб абонентларнинг бир муддат алоқасиз қолишига сабаб бўлди. Ҳозирда абонентлар бошқа операторларга ўтиб кетган бўлса-да, мамлакат бўйлаб уяли алоқа сифати сезиларли тарзда пасайгани кузатилмоқда.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллион абонентга хизмат кўрсатар эди.
XS
SM
MD
LG