Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:08

Яна бир спортчи олти ойга дисквалификация қилинди




Қароргоҳи Лозанна шаҳрида жойлашган Халқаро Гимнастика федерацияси FIG ўзбекистонлик гимнастикачи Луиза Галиулинани олти ойга халқаро мусобоқалардан четлатди.

Федерация матбуот вакили Филип Силаччининг Озодликка маълум қилишича, бу қарор Галиулинанинг Лондон Олимпиадаси пайтида допинг истеъмол қилгани ва иккинчи текширув натижалари ҳам буни тасдиқлагани асосида қабул қилинган:

- Иккинчи текширув ҳам спортчи организмида тақиқланган фуроцемид моддаси бўлганини тасдиқлади ва шу асосда федерациямиз 13 ноябр куни бу гимнастикачини олти ойга халқаро мусобоқалардан дисквалификация қилишга қарор берди, деди Силаччи.

Халқаро Гимнастика федерациясининг 13 ноябр куни қабул қилган қарори тест олинган 1 августдан бошлаб кучга киргани боис¸ 20 ёшли Луиза Галиулина 2013 йилнинг 30 январига қадар спорт мусобақаларида қатнаша олмайди.



Шу билан бирга Халқаро федерация Ўзбекистон Гимнастика федерациясига 2000 швейцария франки (2100 АҚШ доллари) миқдорида жарима ҳам солди.

Ўзбекистон томони Халқаро Гимнастика федерацияси қарори юзасидан 21 кун ичида шикоят топшириши мумкин. Ўзбекистон Гимнастика федерацияси президенти мамлакат раҳбарининг кенжа қизи Лола Каримовадир.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Гимнастика федерацияси бош котиби Гўзал Филипова¸ Халқаро федерация қароридан хабари борлиги, лекин бу юзадан фақат ёзма тарзда изоҳ бериши мумкинлигини айтди.

Озодликнинг ëзма мурожаатига эса ҳозирча Филиповадан жавоб келмади.

Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиадасида Ўзбекистонни тамсил этган ягона спорт гимнастикачиси эди.

Мусобақалар бошланишидан уч кун олдин, 25 июл куни Галиулина допинг синовидан ўтган.

Қонида тақиқланган фуроцемид моддаси топилганидан сўнг у дастлаб вақтинча мусобоқалардан четлатилиб, кейин Олимпиада қишлоғидан ҳайдалган эди.

Мураббийлари унинг Олимпиада медалларидан бирини олишига умид қилишаётган эди.

Галиулина ўтмишда бир қатор халқаро мусобоқаларда муваффақиятли чиқишлари билан танилган ўзбек гимнастикачисидир.

У Қатарда 2005 йили бўлган Осиё чемпионати ҳамда 2010 йили Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларининг бронза медалларини қўлга киритган.

2011 йилда спорт гимнастикаси бўйича Белгияда бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақаларида ҳам Галиулина учинчи ўринни олишга муваффақ бўлган эди.

Луиза Галиулина Лондон олимпиадасида тақиқланган модда истеъмол қилгани сабабли мусобақалардан расман четлатилган ўзбекистонлик ягона спортчи эмас.

Ўзбекистонлик дзюдочи Абдулла Тангриев қонидаги наша аломатлари топилганидан сўнг Лондон Олимпиадасига умуман қўйилмади ва унинг икки йилга халқаро мусобоқаларда иштирок этиши тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиев қон намунасида ҳам спортчилар учун тақиқланган метилгексанамин моддаси аниқланганидан сўнг у бронза медалидан махрум этилди.

Ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан Тигиевга берилган бронза медали ва дипломни қайтариб беришни сўрамоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG