Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:59

Луиза Галиулина: FIG қарорига эътирозим йўқ


Қароргоҳи Лозанна шаҳрида жойлашган Халқаро Гимнастика федерацияси FIG ўтган ҳафта ўзбекистонлик Луиза Галиулинани олти ойга халқаро мусобоқалардан четлатиш ҳақида қарор чиқарди.

Бу қарор ўзбекистонлик гимнастикачининг Лондон Олимпиадаси пайти допинг истеъмол қилгани ва иккинчи текширув натижалари ҳам допинг борлигини тасдиқлаганини муносабати билан қабул қилинди.

- Аввало менга қисқа муддат беришганидан хурсандман. Халқаро Гимнастика федерацияси қарорига эътирозим йўқ, дейди ўзбекистонлик гимнастикачи Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Айни пайтда ўзбекистонлик гимнастикачи Халқаро Гимнастика федерацияси қарори юзасидан тортишмаётгани допинг истеъмол қилганини тан олишини англатмаслигини таъкидлайди:

- Менинг ўзим ҳам ҳайронман, қандай қилиб бунақа модда менинг танамда пайдо бўлиб қолганидан. Кимдир атайлаб буни овқатимга ташлаб қўйган бўлса керак. Яна билмадим. Бу препаратни фақат вазни ортиқча бўлган одам ичиши мумкин. Буни ичишга ҳеч қанақа ҳожат йўқ эди¸ дейди ўзбекистонлик спортчи.

Халқаро Гимнастика федерацияси қарори 1 августдан кучга кирди ва 20 яшар Луиза Галиулина 2013 йилнинг 30 январига қадар спорт мусобақаларида қатнаша олмайди.

- Ҳозир мана шу чеклов сабаб бир-иккита халқаро мусобоқаларда қатнаша олмадим, лекин бу мен учун катта фожиа эмас. Ҳозир ҳар куни тайёрланаяпман. Худо хоҳласа¸ феврал ойидан мусобоқаларда қатнаша оламан ва нимага қодир эканимни ёзда жаҳон кубоги мусобоқаларида исботлаб бераман, дейди Луиза Галиулина.

Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиадасида Ўзбекистонни тамсил қилган ягона спорт гимнастикачиси эди.

Мусобақалар бошланишидан уч кун олдин, 25 июл куни Галиулина допинг синовидан ўтган.

Қонида тақиқланган фуроцемид моддаси топилганидан сўнг у дастлаб вақтинча мусобоқалардан четлатилди, кейин Олимпиада қишлоғидан ҳайдалди.

- Бу мен учун ҳақиқий шок бўлди. Бунақа бўлишини кутмагандим. Бир неча кун ўзимга келолмадим. Ахир бу оддий мусобоқа эмас, Олимпиада ўйинлари эди. Гимнастика бўйича мен Ўзбекистондан ягона спортчи эдим, дейди Луиза Галиулина.

Мураббийлари унинг Олимпиада медалларидан бирини олишига умид қилишаётган эди.

- Кўпкураш ва хода устидаги машқларда Луиза финалга чиқиши ва медаллардан бирини олишига кўз тикаётган эдик, дейди Аёллар гимнастикаси бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийси Людмила Ли.

Галиулина бир қатор халқаро мусобоқаларда муваффақиятли чиқишлари билан танилган ўзбек гимнастикачисидир.

У Қатарда 2005 йили бўлган Осиё чемпионати¸ ҳамда 2010 йили Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларининг бронза медалларини қўлга киритган.

2011 йилда спорт гимнастикаси бўйича Белгияда бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақаларида ҳам Галиулина учинчи ўринни олишга муваффақ бўлганди.
Луиза Галиулина Лондон олимпиадасида тақиқланган модда сабабли мусобақалардан расман четлатилган ўзбекистонлик ягона спортчи эмас.

Ўзбекистонлик дзюдочи Абдулла Тангриев қонидаги наша аломатлари топилганидан сўнг Лондон Олимпиадасига умуман қўйилмади ва унинг икки йилга халқаро мусобоқаларда иштирок этиши тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиев қон намунасида ҳам спортчилар учун тақиқланган метилгексанамин моддаси аниқланганидан сўнг у бронза медалидан махрум этилди.

Ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан Тигиевга берилган бронза медали ва дипломни қайтариб беришни сўрамоқда.
XS
SM
MD
LG